Олий таълим муассасасида ишловчи пенсионерга 1,5 ставка меҳнат ҳақи ва яна 30 ёки 50 фоиз миқдорида устама бериш мумкинми? Бундай муассасада 1,5 ставкада ишловчи ходимга ҳам 50 фоиз миқдорида устама бериш мумкинми?
Улуғбек Тўлаков.
Термиз Давлат университети.
– Умумий қоидага кўра, меҳнатга оид муносабатларнинг субъектлари иш берувчи ва ходим ҳисобланиб (Меҳнат кодексининг 14, 15-моддалари, кейинги ўринларда – МК деб юритилади), ишловчи пенсионер ҳам ходим мақомида бўлиб қолади.
Мазкур субъектларнинг меҳнат муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, жамоа келишувлари, шунингдек жамоа шартномалари ва бошқа локал норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади (МКнинг 1-моддаси биринчи қисми).
Умумий қоидага кўра, бир неча касб ва лавозимда ишлаганлик, ўзининг асосий иши билан бир қаторда вақтинча бўлмаган ходимларнинг вазифаларини бажарганлик учун қўшимча ҳақ тўланади.
Бюджет ташкилотларида қўшимча ҳақ миқдори бир неча касб ва лавозимда ишлагандаги лавозим маошининг 30 фоизидан юқори бўлиши мумкин эмас (ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон Қарори билан тасдиқланган Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида низомнинг IV бўлими, 25-банди, кейинги ўринларда – Низом деб юритилади).
Бир неча касб ва лавозимда ишлаш тартиби ва шартлари хизмат кўрсатиш доираси кенгайганда ёки бажариладиган ишлар ҳажми ортганда ҳам қўшимча ҳақ лавозим маошининг 30 фоизидан ошмаган ҳолда тўланиши мумкин (Низомнинг 26-банди).
Бу қўшимча тўловлар (ўрнатилган чекловлардан ўтмаган ҳолда) тарафлар ўртасидаги келишувга кўра белгиланади.
Бир неча касбда (лавозимда) асосий иши билан биргаликда қўшимча ишни бажарганлиги учун қўшимча тўловлар 0,3 ставка, жами асосий иши билан қўшиб ҳисоблаганда – 1,3 ставка миқдорида тўланади.
Аксинча, ходим ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида (ишдан кейин) меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни ўриндошлик асосида бажарганда меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай шаклида 0,5 ставка қўшимча тўлов, жами асосий иши билан қўшиб ҳисоблаганда – 1,5 ставка миқдорида амалга оширилиши мумкин.
1,5 ставкада ишловчи ходимга 50 фоиз устама бериш масаласида шуни маълум қиламизки, хизмат вазифаларини ташаббускорлик ва виждонан бажарганликни рағбатлантириш мақсадида бюджет муассасалари ва ташкилотларининг юқори малакали ходимларига меҳнатда юқори натижаларга эришганлик учун лавозим маошининг (тариф ставкасининг) 50 фоизидан ошмаган миқдорда шахсий устамалар белгиланади.
Кўрсатилган устамалар раҳбар ходимлар учун юқори турувчи ташкилот томонидан, бошқалар учун эса – муассаса ёки ташкилотнинг раҳбари томонидан белгиланади (Бюджет муассасалари ва ташкилотларининг ходимларини моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси тўғрисида низомнинг 3.2-банди, Адлия вазирлиги томонидан 20.09.1995 йилда 177-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Жавобларни эксперт-юристимиз Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ тайёрлади.