Norma.uz
Норма маслахатчи / 2015 йил / № 27 / Фармон ва ижро

Бизнес юритиш учун барча қулайлик мавжуд

● Тадбиркорлар 24 соат давомида рўйхатга олинади ва ҳисобга қўйилади

● 2,3 мингдан зиёд мансабдор шахс интизомга чақирилди

● Тадбиркорни хайрия ишларига мажбурлаш – жиноий жавобгарликка сабаб бўлади

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг баҳосига кўра, Ўзбекистон бугунги кунда бизнес юритишни енгиллаштириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича етакчи ўнта мамлакатдан биридир.

 

Бу бежиз эмас, албатта. Мамлакатимизда бизнес юритиш учун ишбилармонларга барча қулайлик яратилган. Асосийси, юртимизда тадбиркорликка бел боғлаган инсон тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиши учун кўпи билан икки иш куни кетади, холос. Бунинг учун тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш инспекциясига шахсингиз ва фаолиятингиз билан боғлиқ зарур маълумотларни тақдим этасиз. Ёки интерфаол давлат хизматлари Ягона порталига интеграция қилинган тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйиш тизими орқали шахсингиз, фаолиятингизга оид зарур маълумотлар талаб қилинган саҳифани тўлдириб, уни электрон рақамли имзо билан тасдиқлайсиз. Қарабсизки, сизга интернет орқали тадбиркор сифатида фаолият бошлаш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома келади ва сиз тадбиркорга айланасиз.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 15 майдаги «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан бу жараённинг янада тезкор ишлаши учун шароит яратилмоқда. Ягона порталга интеграция қилинган тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйиш тизими автоматик равишда, яъни суткасига йигирма тўрт соат давомида узлуксиз ишлаш режимига ўтади.

Мазкур Фармон асосида турли идоралар қошида фаолият юритаётган, алоҳида давлат хизматлари кўрсатаётган «бир дарча» хизматлари ўрнига туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари негизида «бир дарча» тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш Ягона марказлари ташкил этилмоқда. Бу давлат хизматларидан фойдаланишда бюрократик тўсиқларни бартараф этиб, очиқлик ва шаффофликни таъминлайди.

Бу жараёнда қонунчилигимизда хусусий мулк устуворлиги мустаҳкамлаб қўйилгани ва унинг ишончли ҳуқуқий кафолатлари таъминланаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусий секторга кенг эркинлик бериш, бюрократик ғовларни бартараф этишга оид бир қатор муҳим меъёрларнинг амалиётга татбиқ этилгани натижасида рухсат бериш тартиб-таомиллари тубдан қисқартирилди. Барча даражадаги давлат бошқаруви идоралари билан ўзаро муносабатларда тадбиркорлар ҳуқуқларининг устуворлиги принципи жорий қилинди. Бу амалда ана шу идораларнинг тадбиркор манфаатини таъминлаш йўлида хизмат қилишига кенг йўл очди.

Хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун айбдор шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилди. Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, кредит олиш, улар фаолияти билан боғлиқ хўжалик низоларини кўриб чиқиш сезиларли даражада соддалаштирилди. Мулкни рўйхатдан ўтказиш, ер участкалари ажратиш, қурилишга рухсатнома бериш, электр тармоқларига уланишда қулайлик ва енгиллик яратилди.

Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказувчи инспекциялар фаолияти доимий равишда ўрганиб борилмоқда. Аниқланган қонунбузарлик ҳолатлари ўз вақтида бартараф этилаётир. Ўрганишлар давомида инспекциялар томонидан иш юритиш, тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ва қайта рўйхатдан ўтказиш, рўйхатга олинган корхоналарнинг ҳужжатларини белгиланган тартибда сақлаш, реестр китоблари юритиш, корхоналарнинг устав фонди шакллантирилганини аниқлаш ва фаолият юритмаётган корхоналарни ўрнатилган тартибда тугатиш каби ҳолатлар бўйича кўплаб қонунбузилишига йўл қўйилгани аниқланди.

Тадбиркорлар ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашувларни тезкорлик билан аниқлаш ва уни бартараф этиш мақсадида Текширишларни рўйхатга олиш китобига қайд этишнинг онлайн тизими жорий этилди. Мазкур тизимнинг тўлиқ ишга туширилиши билан ўтказилаётган ҳар бир текширишни Адлия вазирлиги ҳамда Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши томонидан назорат қилиб бориш имконияти яратилади.

Ҳозир 350 мингдан ортиқ тадбиркор китоб билан таъминланган ҳамда уларнинг юритилиши доимий мониторинг қилиб борилмоқда. Натижада 27 ҳолатда ноқонуний текширишлар ўтказилгани, 900 дан ортиқ ҳолатда текширишларни ўтказиш тартиби бузилгани аниқланди. Уларни бартараф этиш юзасидан 193 ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилди.

Ушбу соҳада ўтказилган ўрганишларда назорат қилувчи органлар томонидан ўтган йили 49 нафар тадбиркорнинг фаолияти ноқонуний текширилгани ва бу жараёнда 4 мингга яқин ҳолатда белгиланган тартиб бузилгани аниқланди. Бу каби қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан қўлланилган таъсир чораларига асосан 2,3 мингдан зиёд мансабдор шахсга интизомий жазо чораси кўрилди. 326 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди, 97 киши лавозимидан озод этилди. Жорий йилнинг биринчи чорагида 96 тадбиркорнинг фаолияти ноқонуний текширилган. Ушбу ҳолатлар юзасидан 36 нафар айбдор шахс жавобгарликка тортилди ҳамда уларнинг ноқонуний қарорлари бекор қилинди.

Муҳим масалалардан яна бири, бу айрим назорат қилувчи органларда текширишга масъул бўлган ходимларнинг билими, савиясини ҳамда масъулиятини ошириб боришга етарли эътибор қаратилмаётганидир. Бунинг оқибатида жорий йилда ўтказилган ўрганишлар давомида назорат органларининг 331 нафардан ортиқ ходими томонидан текширишлар ўтказиш тартиби бузилган. Ушбу ҳолатлар юзасидан жами 206 айбдор шахс интизомий, маъмурий жавобгарликка тортилди, уларнинг 72 ноқонуний қарори бекор қилинди.

Президентимизнинг юқорида номи қайд этилган Фармонига кўра, бу каби ҳолатларга барҳам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига махсус бўлим киритилмоқда. Унда текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш этиш тартибини бузганлик учун, тадбиркорларга имтиёзларни қўллашни асоссиз рад этганлик учун, давлат хизматларини кўрсатиш, рухсат бериш ёки лицензиялаш тартибини бузганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, тадбиркорлар фаолиятини ёки уларнинг банк ҳисобрақамларидаги операцияларини ноқонуний тўхтатганлик, тадбиркорларнинг маблағларини турли хайрия тадбирларига мажбурий жалб этганлик учун ҳам айбдор шахсларга жиноий жавобгарлик чоралари қўлланилиши белгиланмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳам айрим қилмишлар учун жавобгарликни белгиловчи нормалар киритилмоқда.

Мухтасар айтганда, жамиятимиздаги ижтимоий-сиёсий барқарорликнинг кафолати ва таянчига, юртимизни тараққиёт йўлидан фаол ҳаракатлантирадиган кучга айланиб бораётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатлари қонун ва давлат ҳимоясида.

 

ЎзА материали асосида.

Прочитано: 2288 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика