Корхона металл бочкаларда гидравлик мой харид қилди. Идишнинг қиймати товар нархига киритилган. Мой ишлаб чиқариш ускунасига қуйилгандан кейин бочкалар корхона балансига ишлаб чиқариш таннархини камайтириш ҳисобига кирим қилинади. Шундай қилишимиз тўғрими?
О.Князева,
ШК бош бухгалтери.
– 4-сон БҲМСга1 кўра етказиб бериш ва фойдаланиш миқдори шартларига асосан кўп маротаба ва бир маротаба фойдаланиладиган идишлар фарқланади. Ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланиладиган бир маротабалик идиш маҳсулот таннархи таркибига киритилади. Кўп маротаба фойдаланиладиган идиш етказиб берувчи билан истеъмолчи ўртасида оборотда бўлиб туради.
Сизнинг ҳолатингизда идишни корхонанинг ўзи (сақлаш, ташиш учун) ёки уни четга реализация қилиш йўли билан кўп маротаба ишлатиши мумкин. Агар бочкалар ўз эҳтиёжлари учун ишлатилса, яроқсиз ҳолга келгандан кейин далолатномаларни расмийлаштирган ҳолда уларни харажатларнинг тегишли моддаларига ҳисобдан чиқариш керак.
Агар идиш сотилса, мазкур операция даромад келтирадиган битим деб эътироф этилади. Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида низомга2 кўра маҳсулот (ишлар, хизматлар)нинг ишлаб чиқариш таннархига киритиладиган харажатлар таркибига моддий ресурслар қиймати киради, улардан идиш ва ўровнинг қиймати амалда сотилиши, фойдаланилиши ёки омборга кирим қилиниши нархи бўйича чиқариб ташланади. Бинобарин, сиз идиш қийматини ишлаб чиқариш таннархидан тўғри чиқаргансиз.
1«Товар-моддий захиралар» (молия вазирининг АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган).
2ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон Қарори билан тасдиқланган.
Олеся ПАК,
«Faba-Ekspert» МЧЖ.