ИШНИНГ МОҲИЯТИ
МЧЖ 2014 йил IV чораги учун ягона ижтимоий тўлов ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига фуқароларнинг суғурта бадаллари тўланганлиги тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этмаганлиги муносабати билан ДСИ 2015 йил мартда хўжалик судига унинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш тарзида ҳуқуқий таъсир кўрсатиш чораларини қўллаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилди.
Хўжалик суди аризани қондиришдан бош тортди, бироқ МЧЖдан давлат божини ундиришга қарор қилди. Бундай қарорга рози бўлмаган жавобгар апелляция шикояти берди. Апелляция инстанцияси биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини қисман ўзгартирди, апелляция шикоятини эса қондирди.
ДСИнинг ПОЗИЦИЯСИ
– МЧЖ 2014 йил IV чораги учун ҳисоботни йилик ҳисоботни топшириш муддати – 2015 йилнинг 15 февралидан кечиктирмай тақдим этиши керак эди, буни у қилмаган. МЧЖ раҳбарига нисбатан, Солиқ кодексининг 115-моддаси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (МЖТК) 175-моддасининг биринчи қисмига кўра, маъмурий жазо чораси – энг кам иш ҳақининг 2 бараварига тенг бўлган жарима қўлланган. Бироқ ҳисобот ҳозиргача топширилмаган. Шу сабабли МЧЖнинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш тарзида ҳуқуқий таъсир кўрсатиш чорасини қўллашни сўраймиз.
МЧЖнинг ПОЗИЦИЯСИ
– МЧЖ ҳақиқатан ҳам солиқ органларига 2014 йил IV чораги учун ягона ижтимоий тўлов ва фуқароларнинг суғурта бадаллари тўланганлиги тўғрисидаги ҳисоботни ўз вақтида топшира олмади. Бу 2014 йил охирида бухгалтернинг ишдан бўшаши ва 2015 йил мартгача бухгалтер бўлмаганлиги билан боғлиқ. Янги мутахассисни ишга қабул қилиб, МЧЖ 10 мартда ҳисоботни топширди. Буни судга тақдим этилган ДСИ маълумотномаси тасдиқлайди. Директорга нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланган. Шу сабабли ДСИнинг аризасини қондиришни рад этишни сўраймиз.
СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ
Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, ариза берувчининг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, жамият 2014 йил IV чораги учун ягона ижтимоий тўлов ва фуқароларнинг суғурта бадаллари тўланганлиги тўғрисида ҳисоботни ўз вақтида тақдим этмаганлиги далилини аниқлади.
Хўжалик процессуал кодексининг (ХПК) 95, 135, 138 ва 155-18-моддаларига асосланиб, шунингдек аризани кўриш кунига келиб МЧЖ ҳисобот тақдим этганлигини ҳисобга олиб, суд қарор қилди:
ДСИнинг аризасини қондириш рад этилсин;
жавобгардан 1 118 400 сўм давлат божи ундирилсин.
Хўжалик судининг апелляция инстанцияси мазкур иш бўйича МЧЖ шикоятини кўриб чиқиб, шуни аниқладики, биринчи инстанция суди даъвогарнинг аризасини қондиришни рад этиб, ХПК 95-моддаси қоидаларини бузган ҳолда жавобгардан давлат божини ундириш хусусида асоссиз ҳукм чиқарган. Шу сабабли у биринчи инстанция судининг ҳар қилув қарорини ўзгартирди ва жавобгарни давлат божи тўлашдан озод қилди.
ЮРИСТ ШАРҲИ
Солиқ кодекси 310-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадалларининг ҳисоб-китоби солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги солиқ органига солиқ тўловчи томонидан ортиб борувчи якун билан йилнинг ҳар чорагида, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса – йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади. 2014 йил IV чораги учун ҳисоботни МЧЖ 2015 йил 15 февралдан кечиктирмай тақдим этиши керак эди.
Бироқ у ушбу талабни бузди. Бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга солиқларни, бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш учун зарур бўлган солиқ ҳисоботларини, ҳисоб-китобларини ҳамда бошқа ҳужжатларни тақдим этмаслик учун маъмурий жавобгарликни назарда тутадиган Солиқ кодексининг 115-моддаси ва МЖТК 175-моддасининг биринчи қисмига асосан МЧЖ директорига нисбатан маъмурий жазо чораси – ЭКИҲнинг 2 бараварига тенг миқдорда жарима қўлланган.
Бироқ ДСИ Солиқ кодексининг 96-моддасида назарда тутилган ҳуқуқдан фойдаланиб, хўжалик судига ҳисоботни тақдим этмагани учун банкларда МЧЖ ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш талаби билан мурожаат қилди. Аммо суд томонидан суд мажлисида ҳисобот топширилганлиги ва буни ДСИ берган маълумотнома тасдиқлаши аниқланганлиги сабабли, у банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш тарзида ҳуқуқий таъсир кўрсатиш чораларини қўллаш тўғрисидаги аризани қондиришни асосли равишда рад этди.
Айни вақтда суд МЧЖни давлат божини тўлашга мажбур этди. Бироқ ХПК 95-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда юкланади. Олий хўжалик суди Пленумининг «Хўжалик судлари томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги Қарорининг (18.04.2008 йилдаги 180-сон) 29-бандига асосан эса давлат божини тўлашдан озод қилинган давлат органи ва бошқа орган томонидан берилган даъвони қаноатлантириш рад этилганда давлат божи ундирилмайди. Ушбу қоидалар асосида апелляция инстанцияси суди МЧЖни давлат божини тўлашдан озод этиш тўғрисида тўғри қарор қабул қилган.
Бизнинг бугунги вазиятимизда ҳаммаси солиқ тўловчининг фойдасига ҳал қилинди. Бундай ҳол эса ҳамма вақт бўлавермайди. Шу сабабли солиқ ва молия ҳисоботларини ўз вақтида топширишни ҳамда бошқа солиқ мажбуриятларини бажаришда муддатни кечиктиришга йўл қўймасликни қатъиян тавсия қиламиз. Ҳатто бухгалтерингиз бўлмаганда ҳам бухгалтерия хизматларини кўрсатадиган компаниялар хизматларидан фойдаланиш ёки хизматлар кўрсатиш шартномасига асосан бухгалтерия ҳисоби бўйича мутахассисни таклиф қилиш мумкин.
Павел СИЛЬНОВ,
адвокат.