Шуъба корхона кичик бизнес субъекти ҳисобланади. 2015 йил биринчи чорагида ишлаб чиқариш фаолияти юритилмаганлиги муносабати билан у даромадларга эга бўлмади. Биринчи чорак учун ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда ягона солиқ тўловининг ҳисоб-китоби бўйича фақат ЯСТнинг қўшимча ҳисобланган суммаси (ЯСТ ҳисоб-китобининг 170-сатри) мавжуд. «Камолот» жамғармаси билан шартнома тузилган.
Биз унга қўшимча ҳисобланган ЯСТдан 8%лик ажратмалар қилишимиз керакми? Ёки улар ҳисоб-китоб (ЯСТ ҳисоб-китобининг 120-сатри) бўйича ҳисоблаб чиқарилган ЯСТ суммасидан қилиниши керакми?
О.Князева,
ШК бош бухгалтери.
– Ўзбекистон ёшлари «Камолот» ижтимоий ҳаракатини ривожлантириш жамғармасига ажратмалар суммаси ҳисоб-китоб қилинганда ягона солиқ тўлови бўйича тасдиқланган солиқ ҳисоботи шаклларига (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 13-илова) амал қилиш керак.
«Камолот» жамғармасига ажратмалар суммаси 120-сатр – 130-сатр формуласи бўйича ҳисобланган ЯСТ суммасидан 8%лик ставкада ҳисоб-китоб қилинади ва Ҳисоб-китобнинг 160-сатрида акс эттирилади. 120-сатрда ҳисоб-китоб бўйича ҳисоблаб чиқарилган ЯСТ суммаси кўрсатилади. 130-сатрда «Камолот» жамғармасига ажратмалар чегирилган ҳолда ЯСТ суммаси қайд этилади (120-сатр – (120-сатр х 8%)).
Ишлаб чиқариш корхоналари учун ЯСТ энг кам миқдорининг ҳисоб-китоби ер солиғининг 3 бараваридан келиб чиқиб Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга1 мувофиқ амалга оширилади. Ишлаб чиқариш фаолияти бўлмаган тақдирда ЯСТнинг энг кам миқдори қўшимча ҳисобланган ЯСТ бўлади, у ЯСТ ҳисоб-китобининг 170-сатрида, яъни «Камолот» жамғармасига ажратмалар суммаси белгиланганидан кейин акс эттирилади.
Сизнинг ҳолатда ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси нолга тенг, демак «Камолот» жамғармасига ҳам ажратмалар бўлмайди. Қўшимча ҳисобланган ЯСТ суммасидан улар амалга оширилмайди.
1МВ, ИВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
Наталья ГРИШУТИНА,
«Norma Profi» эксперти.
МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ
Молия вазирлиги Интерактив давлат хизматларининг ягона портали орқали юборилган мурожаатни кўриб чиқиб, қуйидагиларни маълум қилади:
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30.05.2001 йилдаги 240-сон Қарори билан тасдиқланган Ҳисобланган ягона солиқ тўлови суммасининг 8 фоизини Ўзбекистон ёшларининг «Камолот» ижтимоий ҳаракатини ривожлантириш жамғармасига ўтказиш тартиби тўғрисида низомнинг 2-бандига мувофиқ ягона солиқ тўлови тўловчилари ҳисобланадиган ва Ўзбекистон ёшларининг «Камолот» ижтимоий ҳаракатини ривожлантириш жамғармаси маҳаллий бўлимлари билан ўзаро қўллаб-қувватлаш тўғрисида шартномалар тузган кичик бизнес корхоналари (савдо корхоналаридан ташқари) ягона солиқ тўлови ҳисобланган миқдорининг 8 фоизини Жамғармага ўтказадилар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 25.12.2012 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-1887-сон Қарорининг 4-бандига мувофиқ 2013 йилнинг 1 январидан бошлаб ягона солиқ тўловини тўловчи барча шахслар учун (чакана савдо корхоналари бундан мустасно) ягона солиқ тўловининг энг кам миқдорини ҳисоблаш учун ягона база – улар эгаллаб турган ер участкаси майдонидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланадиган ер солиғининг уч карра миқдоридаги суммаси белгиланган.
Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 10-бандига биноан ягона солиқ тўловининг (бундан кейин – ЯСТ) ҳисоб-китоб суммаси ЯСТнинг энг кам миқдори суммасидан кам бўлган ҳолдагина ЯСТ қўшимча ҳисобланади. Бу ҳолда ЯСТнинг энг кам миқдори суммасининг ЯСТ ҳисоб-китоб суммасидан ортган қисмига ҳисоб-китоб бўйича ҳисобланган ЯСТ суммаси қўшимча ҳисобланади.
Агар ЯСТ ҳисоб-китоб суммаси ЯСТнинг энг кам миқдоридан ошса ёки унга тенг бўлса, унда ЯСТ қўшимча ҳисобланмайди ва ЯСТ Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланган тартибда тўланиши лозим, яъни ЯСТ ҳисоб-китоби бўйича ҳисобланган сумма тўланади.
Шу тариқа, Ўзбекистон ёшларининг «Камолот» ижтимоий ҳаракатини ривожлантириш жамғармасига ягона солиқ тўловининг ҳисобланган суммаси 8 фозини ўтказиш тартиби ягона солиқ тўловининг энг кам миқдоридан келиб чиқиб қўшимча ҳисобланган ягона солиқ тўлови суммасига татбиқ этилмайди.
Молия вазирининг ўринбосари
М.МИРЗАЕВ.