Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 23 / Долзарб мавзу

АЖ бошқарув дастакларини ўзгартиради

Акциядорларнинг яқинда ўтказиладиган умумий ҳисобот йиғилишларида Президентнинг «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (24.04.2015 йилдаги ПФ-4720-сон, бундан кейин – Фармон) ва Президентнинг «Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қароридан (28.04.2015 йилдаги ПҚ-2340-сон) келиб чиқадиган масалалар кўриб чиқилади. Улар акциядорлик жамиятларининг ташкилий тузилмасини тасдиқлаш, ижроия органини сайлаш (тайинлаш) ва устав фондидаги давлат улушини маълум миқдорга (51%) етказиш мақсадида қўшимча акциялар чиқариш орқали уни кўпайтиришга тааллуқлидир.

 

Акциядорлик жамиятларига қўйиладиган янгича талабларни амалиётга самарали татбиқ этиш учун уларни жорий этиш механизми пухта ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқдир.

 

ЎРИНДОШ ЭМАС, БАЛКИ ДИРЕКТОР

«Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ­Қонунга1 (бундан кейин – Қонун) ва Акциядорлик жамиятининг ижро этувчи органи ҳақида намунавий низомга2 (бундан кейин – Низом) биноан бошқарув таркибига (шунингдек директор ўринбосарлигига ҳам) меҳнат шартномаси бўйича муайян лавозимда ишлаётган мутахассислар кўрсатилар эди. Бошқарув таркибига сайлангандан кейин улар қандайдир ноаниқ ижтимоий фойдали мақомга эга бўлганлар.

Хусусан, Қонуннинг 79-моддаси ва Низомнинг 2.6-банди бошқарувнинг ҳар бир аъзоси билан 1 йилга шартнома тузишни талаб қилади. Амал қилаётган меҳнат шартномаси мавжуд бўлганда янгисини тузиш мумкин эмас, фақат мавжуд шартномага қўшимча киритиб, мутахассис зиммасига бошқарув аъзоси вазифаларини 1 йил ижро этишни юклаган ҳолда унинг ваколатлари, жавобгарлиги, бажариладиган ишларнинг қўшимча ҳажми учун моддий рағбатлантириш шартларини белгилаш мумкин.

Акциядорлар йиғилишларига тасдиқлаш учун таклиф этилаётган янги ташкилий тузилма, назаримда, ушбу зиддиятларга барҳам беради, чунки у бошқарув аъзоларининг лавозимлар штат жадвалига жамият фаолияти йўналишларини бошқарувчи ва ўзларининг лавозим ҳамда функционал вазифаларини бажариш учун жавобгар бўлган штатдаги менежерлар (директорлар) сифатидаги лавозимни киритиш мажбуриятини юклайди. Ушбу фикр шунга асосланадики, тавсия этилаётган тузилмада бошқарув аъзоси бўлган бош бухгалтер, муҳандис ёки механикнинг эмас, балки айни директорнинг лавозими мавжуд. Ўйлашимча, бу ҳол директор ўринбосарларига ҳам тааллуқлидир, энди улар ҳам ишлаётган мутахассислар таркибидан (бош муҳандис-директор ўринбосари) тайинланмайди, балки штат жадвалига янги киритилган лавозимга – ... (муайян йўналиш) бўйича директор лавозимига қабул қилинади. Шу тариқа, бошқарув аъзолари кундалик ва бир хилдаги ишдан озод қилинган, вазифаси шунчаки ишлаб чиқариш эмас, балки кўпроқ ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қаратилган таҳлилчи ҳамда менежерлар бўлишлари керак.

Айни вақтда шуни назарда тутиш зарурки, янги ташкилий тузилмага ўтиш жамиятнинг маъмурий харажатларини кўпайтиради.

 

САЙЛАШ КЕРАКМИ ЁКИ ТАНЛАШ?

Амалдаги Қонунга мувофиқ акциядорларнинг умумий йиғилиши АЖнинг ижроия органини тузади, унинг раҳбарини сайлайди (тайинлайди), унинг ваколатларини муддатидан аввал тўхтатади. Ушбу функцияларни акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига кўра ёки жамиятнинг уставига биноан кузатув кенгашининг ваколатлар доирасига бериш имконияти бундай тартибга муқобил вариант ҳисобланади.

Бунинг маъноси шуки, ижроия органи яккабош ёки коллегиал орган бўлиши, уни умумий йиғилиш ёки кузатув кенгаши сайлаши (тайинлаши) мумкин. Янгиликлар ушбу жараённи, биринчидан, жамиятни бошқаришнинг янги ташкилий тузилмасини тасдиқлаш муносабати билан бошқарув ­аъзолари мақомини ўзгартириш зарурати билан; иккинчидан, акциядорлар умумий йиғилиши томонидан у сайланганда (тайинланганда) корхона раҳбарини танлов орқали танлаб олиш механизмининг ноаниқлиги билан мураккаблаштиради, бошқарув аъзоларини танлов орқали танлаб олиш йўли билан сайлаш тўғрисида эса гап бўлиши мумкин эмас, зеро амалда бунинг имкони йўқ.

Қонунда белгиланишича, жамият директори ёки бошқарув аъзоларини тайинлаш танлов асосида амалда оширилиши мумкин. Фармон эса ижроия органи раҳбарини тайинлаш тўғрисидаги қарор танловда танлаб олиш асосида қабул қилиниши мажбуриятини юклайди.

Танловни ўтказиш умумий йиғилиш ваколатларига кирмаслигини ­эътиборга олиб, ижроия органи раҳбарини сайлаш (тайинлаш) танловдан ўтган номзодлар орасидан амалга оширилиши тахмин қилинади. Айни шу ерда саволлар туғилади: кейинчалик унинг ғолибларини овоз бериш учун рўйхатга киритиш учун номзодларнинг танлаб олиш шартларига мувофиқлигини ким белгилашга ҳақли? Танловни ўтказишга ким ҳақли?

Мисол учун, агар умумий йиғилиш раҳбар лавозимига сайлаш учун икки номзодни кўрсатса, кам деганда 2 та танлов ўтказиш лозим, уларнинг ҳар бирида камида икки даъвогар иштирок этиши керак. Агар биринчи танловни кузатув кенгаши ўтказса, иккинчисини ким ўтказади? Агар танлов фақат битта бўлса ва фақат унинг бир етакчиси акциядорларнинг умумий йиғилишига тавсия этилса, унинг номзодини кўрсатишдан қандай маъно бор? Агар у бор-йўғи битта бўлса, бу энди сайлаш эмас, балки танлов ғолибини раҳбар лавозимига тайинлаш ҳисобланади. Танлов асосида бошқарув ­аъзоларини тайинлаш тартибини эса янада мураккабдир.

 

АВВАЛ КАПИТАЛЛАШТИРИШ, СЎНГРА ЭМИССИЯ

Амалиётнинг кўрсатишича, акциядорлар ҳар йили соф фойданинг бир қисмини жамиятни ривожлантиришга қолдириб, АЖ ҳисобварақларида тақсимланмаган фойда тарзида юз миллионлаб ва миллиардлаб салмоқли маблағларни жамғарганлар. Фойданинг ушбу қисми акциялар қийматининг балансдаги (тўғрироғи – бозор) қийматини оширади, у жамғарилган активлар ҳисобига уларнинг номинал қийматидан анча ортади.

Бундай вазиятда акцияларни чет инвесторларга сотиш учун устав фондини кўпайтириш «эски» акциядорларга нисбатан «адолатсизлик» бўлиб кўринади, чунки улар ўз вақтида дивидендлар тўлашга йўналтирилган соф фойда қисмини камайтириш ҳисобига АЖ фаолиятини қўллаб-қувватлаган ва ривожлантирганлар. Устав фонди кўпайганда тақсимланмаган фойда капиталлаштирилади, шу жумладан янги инвесторлар учун текин акцияларга капиталлаштирилади. Бу эса қуйидагиларга олиб келиши мумкин:

йирик акциядорлар, биринчи навбатда, давлат учун билвосита зарарларга, чунки устав фонди айнан ундаги давлат улушини 51%гача камайтириш учун кўпаяди;

бир акцияга тўғри келадиган хусусий капитал суммасини қисқартириш оқибатида акциялар бозор қийматининг камайишига;

кейинчалик инвестициялашдан бош тортиш сабабларидан яна бири пайдо бўлишига.

Ўйлашимча, аввал тақсимланмаган фойдани капиталлаштириш, сўнгра эса чет инвесторга сотиш учун қўшимча акцияларни чиқариш тўғрироқ бўлади. Бундай ёндашувда:

давлат ўз активлари қийматини жиддий равишда кўпайтиради;

«эски» акциядорларга нисбатан адолат қоидаси амал қилади;

капиталлаштириш йўли билан чиқарилган акцияларнинг қўшимча эмиссияси оқибатида уларнинг «эски» акциядорлардаги сони кўпаяди, бу эса фонд бозорига қимматли қоғозлар қўшимча оқимини келтиради.

Устав фондини кўпайтириш бўйича таклиф этилаётган тартибни оқлайдиган яна бир муҳим омил бор. Агар капиталлаштиришгача чет инвесторга сотиш учун акциялар чиқарилса, уларнинг бозор баҳоси, агар 9-сон Мол-мулкни баҳолаш миллий стандарти (МБМС) «Бизнес қийматини баҳолаш»га3 мувофиқ баҳоласак, нархи «осмонгача кўтарилади». Бинобарин, уларни реализация қилиш муддатлари номуайян узоқ муддатга чўзилиши мумкин. Демак, устав фондини қимматли қоғозлар тўлиқ сотилгунга қадар капиталлаштириш йўли билан кўпайтириш мумкин бўлмай қолади.

 

КУЗАТУВ КЕНГАШИГА ВАКОЛАТЛАР БЕРИШ

Янги талабларни мақбул тарзда бажариш учун, менинг фикримча, акциядорлик жамиятлари қуйидагиларни амалга ошириши мақсадга мувофиқдир:

бошқарувнинг коллегиал органидан воз кечиб, уставда унинг таркибини бир шахс – бош директор билан белгилаш керак. АЖ устидан бошқарувлар амалиётининг таҳлили кўрсатишича, функциялар ва ваколатлар доирасига доир меъёрий кўрсатмалар йўқлиги туфайли бошқарув аъзолари ижроия органининг қарорлари қабул қилинишида ҳеч ҳам сезиларли таъсир кўрсатмайдилар;

ижроия органининг акциядорлар умумий йиғилиши томонидан сайланишидан воз кечиб, унинг жамият кузатув кенгаши томонидан тайинланишини жорий этиш. Ушбу ҳолда танлов орқали танлаб олишни ташкил этиш билан боғлиқ муаммолар ҳал бўлади. Уни ўтказишни кузатув кенгаши шакллантирган танлов комиссиясига топшириш мумкин. Акциядорлик жамиятининг мақомига боғлиқ ҳолда, у стратегик муҳим, шаҳар ҳосил қилувчи бўлиши мумкин, унга кузатув кенгаши аъзоларидан ташқари бошқа шахсларни ҳам киритиш мумкин. Директорнинг ҳар чоракдаги молия-хўжалик фаолияти ва бизнес режасининг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларини тинглаб, шунингдек у ва бошқа мансабдор шахслар билан мулоқотда бўлиб, кузатув кенгаши топ-менежерларини тайинлашга янада холисона ёндашиши мумкинлиги ҳам қўшимча важ-сабаб бўлиб хизмат қилиши мумкин;

чет инвесторларга эркин сотиш учун акциялар чиқаришгача устав фондини капиталлаштириш йўли билан олдиндан кўпайтириш.

 

Александр ЦОЙ,

«Aleksta Yure» АФ адвокати.

 

ҚОНУН ЧИҚАРУВЧИлар эътиборига

Меъёрий ҳужжатлар ва уларни ижро этиш амалиётининг таҳлили акциядорлик муносабатларини тартибга соладиган қонун ҳужжатларининг айрим талабларини такомиллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда. Муаллифнинг фикрича, танловда иштирок этишга киритиш ёки ваколатли орган томонидан бевосита сайланишидан қатъи назар, акциядорлар томонидан ижроия органига номзодларни кўрсатиш имконияти, шартлари ва тартибини меъёрий тарзда белгилаш мақсадга мувофиқ бўлади.

Ижроия органини тайинлашни кузатув кенгашининг ваколатлар доирасига бериш ҳолатида, фикримча, директорни тайинлашда кузатув кенгашининг миноритар акциядорлар сайлаган аъзолари иштирок эта олишлари учун бундай қарорни малакали кўпчилик қабул қилиши кераклигини белгилаш лозим.

Қонуннинг бошқарув аъзоларининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги моддаларини меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг меъёрлари билан уйғунлаштириш зарурати долзарбдир.

Қонунда директор билан меҳнат шартномаси акциядорларнинг кейинги ҳисобот умумий йиғилишигача (у йиғилиш томонидан сайланганда) ёки, масалан, «тайинланадиган санадан бошлаб акциядорлар умумий йиғилиши томонидан директорнинг йил учун фаолият якунлари бўйича ҳисоботи кўриб чиқилгандан кейин бир неча кун ўтгач тугалланадиган муддатга» (кузатув кенгаши томонидан тайинланганда) бўлган муддатга тузилиши мустаҳкамлаб қўйилиши керак, чунки директорнинг ҳақиқатда ишлаш муддати ҳар доим ҳам аниқ бир йилга тенг бўлмайди.

Миноритар акциядорлар қўмитасини шакллантириш механизмини белгилаш лозим, чунки Қонунда таклиф этилган механизмни, унда қарама-қаршиликлар мавжуд бўлганлиги боис, амалга ошириш қийин.

 

126.04.1996 йилдаги 223-I-сон, 6.05.2014 йилдаги ЎРҚ-370-сон Қонун таҳририда.

2ВМнинг 22.08.1998 йилдаги 361-сон Қарорига 3-илова.

3Давлат мулки қўмитасининг АВ томонидан 28.10.2009 йилда 2026-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

Прочитано: 2362 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика