Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 23 / Ажабо!

Швейцарияда банк сири деган гап йўқ энди

Европа Иттифоқи билан Швейцария ўз фуқароларининг ҳисобварақлари тўғрисидаги ахборотларни автомат тарзда алмашиниш ҳақидаги келишувни имзоладилар. Мазкур ҳужжат 2018 йилдан эътиборан кучга киради ҳамда Швейцария кредит муассасаларининг Европа Иттифоқи резидентлари ҳисобварақларига тааллуқли банк сирига чек қўяди.

 

«...Европа Иттифоқи билан Швейцария солиқ тўлашдан бўйин товлашларга қарши курашни анчагина кучайтирадиган битим – солиқ бобидаги очиқ-ошкоралик юзасидан янги тарихий келишув имзоладилар. Ана шу келишувга биноан тарафлар 2018 йилдан эътиборан ўз резидентларининг молиявий ҳисобварақлари бўйича ахборотларни автомат тарзда алмашиниб борадилар», – дейилади Еврокомиссиянинг хабарида. Хусусан, Европа Иттифоқи мамлакатлари Швейцарияда ҳисобварақлари бўлган ўз фуқароларининг номларини, манзилларини, солиқ борасидаги идентификация рақамларини, туғилган саналарини, шунингдек уларнинг ҳисобварақлари тўғрисидаги бошқа молиявий ахборотлар ва балансга оид маълумотларни йилма-йил оладилар.

Еврокомиссиянинг қайд этишича, янги ҳужжат Европа Иттифоқи резидентларининг ҳисобварақлари учун Швейцария банкларидаги махфийлик, сир-асрорга барҳам беради ҳамда Швейцариянинг ҳисобварақларидаги, декларация қилинмаган фойдани яшириб солиқ тўлашдан бўйин товламоқчи бўлганларга монелик қилади. Шуни эслатиб ўтамизки, ахборотларни автомат тарзда алмашиниш солиқ органларига солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳолларига қарши курашиш учун зарур: улар ўз резидентларининг чет элдаги даромадлари ҳақидаги маълумотларни олгач, тўланиши лозим бўлган солиқлар суммасини аниқлашлари мумкин.

Келишув Европа Иттифоқи мамлакатларининг солиқ резидентлари ҳисобланадиган, яъни бу мамлакатларда бир йилда 183 кундан кўпроқ яшаётган кишиларга ҳам даҳл этади. Айтмоқчи, Берн билан бошқа мамлакатлар ҳам келишувга эришган. Чунончи, Россия билан Швейцария 2011 йилдаёқ ўзаро иккиёқлама солиқ солишдан холи бўлиш хусусидаги келишувни қайта кўриб чиқдилар. Ўшанда Россия Федерал солиқ хизмати солиқлар тўлашдан бўйин товлаётганликда гумон қилинаётган Россия фуқаролари тўғрисида швейцариялик ҳамкасабаларидан ахборот сўраб олиш имкониятига эга бўлган эди. Банк ҳисобварақлари мавзуси ҳужжатда алоҳида тилга олинмаган. Лекин мазкур ҳужжат иккала мамлакат солиқ идоралари ўртасида ахборот алмашиниш қоидасини жорий этди (1995 йилги келишув таҳририда бундай норма йўқ эди). Алмашинувга оид тузатишларни бунга қадар иккиёқлама солиқ солмаслик юзасидан Кипр ва Люксембург билан тузилган келишувларнинг янги таҳрири ўзига жо этган эди.

Яқин-яқинларгача Швейцария сўров амалиёти нималигини билмасди. Аммо эндиликда ахборотлар алмашиниш оммавийлик майдонига рўй-рост чиқди. Швейцариянинг солиқ хизмати чет эл солиқчиларидан тушган қатор сўровлар ҳақидаги хабарни эълон қила бошлади.

Швейцариянинг ўз омонатчилари – солиқ тўлашдан бўйин товлаб юрганлар ҳақидаги ахборотларни ўртоқлашиши, баҳам кўришини янгилик деб бўлмайди. Бу мамлакат 2009 йилдаёқ банк сири тўғрисидаги Қонунни бирмунча юмшатажагини ва уни Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожлантириш ташкилоти стандартларига мувофиқлаштиражагини эълон қилган эди. Ана шундан сўнг, солиқ тўлашдан бўйин товлаб юрганларга қарши курашиш имкониятини берувчи сўровлар тўғрисидаги нормалар АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия ва бошқа мамлакатлар билан тузилган келишув ва шартномаларга ҳам киритилди. Мана энди маълумотларни автомат тарзда алмашинишга ҳам навбат келди.

 

«Коммерсантъ» нашриёт уйи
хабарлари асосида.

Прочитано: 2416 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика