Тошкент шаҳар перинатал маркази энг катта туғруқ мажмуаларидан бири ҳисобланиб, 532 ходим йилига 20 мингга яқин аёлга тиббий хизмат кўрсатади. 2014 йилда Марказнинг гинекология бўлими Инвестиция дастурига киритилиб, тубдан таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Таъмирлаш ишлари бошланишидан олдин ушбу бўлимда ишлайдиган 17 нафар ходим бошқа бўлимларга жойлаштирилди, 47 ходим иш ҳақи сақланмаган таътилга ўз хоҳишига кўра чиқариб юборилди.
Назорат-тафтиш комиссияси текшируви жараёнида тубдан таъмирлаш ишлари вақтида Марказга хизмат кўрсатаётган ёрдамчи бўлимларда (дорихона, ошхона, бухгалтерия, реанимация, жарроҳлик бўлимлари) ишлаётган ходимлардан 17 нафари ҳам қисқартирилиши шарт эди деган талаб қўйилмоқда.
Шуларни инобатга олиб, Марказ маъмурияти ёрдамчи бўлимларда хизмат кўрсатаётган ходимларга нисбатан Меҳнат кодексининг 159-моддаси қўлланилиши мумкинми-йўқлиги тўғрисида тушунтириш беришингизни сўрайди.
А.Қосимов,
Тошкент шаҳар перинатал маркази директори.
– Умумий қоидага кўра, бекор туриб қолинган вақт – иш вақти ҳисобланган муддатда ходимга боғлиқ бўлмаган объектив асосларга кўра юзага келадиган мажбурий танаффус бўлиб, мазкур вақтда ходимлар иш жойида бўладилар, бироқ ишлаб чиқариш жараёнида қатнашмайдилар.
Меҳнат кодексининг (МК) «Яроқсиз маҳсулот тайёрланганда ва бекор туриб қолинган вақт учун ҳақ тўлаш» деб номланган 159-моддада қуйидагилар белгиланган: «Ходимнинг айбисиз яроқсиз маҳсулот тайёрланганда ва бекор туриб қолинган вақтда унинг ўртача иш ҳақи сақланади.
Ходимнинг айби билан тайёрланган қисман яроқсиз маҳсулот учун камайтирилган ишбай баҳолар бўйича ҳақ тўланади, бундай баҳолар жамоа шартномасида белгилаб қўйилади, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланади.
Ходимнинг айби билан тайёрланган тўлиқ яроқсиз маҳсулот ва бекор туриб қолинган вақт учун ҳақ тўланмайди».
Хатингизда баён этилишича, бекор туриб қолиш муассасангиз объектларидан бирининг республика ҳукумати томонидан тасдиқланадиган Инвестиция дастурига киритилиб, тубдан таъмирлаш ишлари олиб борилганлиги сабабли юз берган. Бундай ҳолатда ходимлардан бир қисмининг бекор туриб қолиши Меҳнат кодексининг 159-моддасига мувофиқ ходимнинг айбисиз бекор туриб қолиш деб баҳоланиб, бундай ходимларга уларнинг ўртача иш ҳақлари сақланиши лозим.
Маълумки, давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган ҳар бир вазирлик, идора, муассаса, ташкилот, корхонанинг марказий аппарати ва қуйи бўлинмалари тузилмаси ва штат жадвали республика Президенти ёки республика ҳукумати қарорларига асосан белгиланади ва ушбу ташкилотлар (вазирлик, идора, муассаса, ташкилот, корхона) раҳбарлари ўз буйруқлари билан ходимлар сонини қисқартириш ваколатига эга эмаслар. Сизнинг ҳолатингизда ҳам Марказ раҳбари ходимлар билан меҳнат шартномаларини ўз буйруғи асосида бекор қилиш ваколатига эга эмас.
Шундан келиб чиқадики, сизнинг хатингизда баён этилган ҳолатда назорат-тафтиш комиссияси текширувини ўтказувчи мутасаддиларнинг Инвестиция дастурига мувофиқ тубдан таъмирлаш ишлари бажарилган даврда Марказга хизмат кўрсатаётган ёрдамчи бўлимларда (дорихона, ошхона, бухгалтерия, реанимация, жарроҳлик бўлимларида) ишлаётган ходимлардан 17 нафари қисқартирилиши шарт деган талаби Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига зиддир.
Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ходим билан меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисмининг 1-бандида кўрсатилган сабабларга кўра, яъни технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги сабабли бекор қилинганда меҳнат қонунчилиги меҳнат шартномаси бекор қилинаётган ходимлар учун бир қатор қўшимча кафолатларни назарда тутади, хусусан:
ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан 2 ойлик огоҳлантириш унинг муддатига мувофиқ келадиган пуллик компенсация билан алмаштирилиши (МКнинг 102-моддаси);
ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида ишдан бўшатиш нафақаси тўланиши (МКнинг 109-моддаси);
фойдаланилмаган таътил кунлари учун компенсация тўланиши (МКнинг 151-моддаси);
меҳнат шартномаси бекор қилинган кунга тўлиқ ҳисоб-китоб қилиниши (МКнинг 110-моддаси).
меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг иш қидириш даврида 2 ойдан ортиқ бўлмаган давр мобайнида ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолиши мумкинлигини (МКнинг 67-моддаси).
Бундай тартибда ходимлар билан меҳнат шартномаларини бюджет ҳисобидан молиялаштириладиган ташкилотлар раҳбарлари, хусусан сизнинг Марказингиз раҳбари, республика Президенти ёки ҳуқуматининг тегишли қарорига асосланган юқори ташкилотнинг розилигисиз бекор қилиш ваколатига эга эмас.
Абдусалом Рисқуллаев,
эксперт-юристимиз.