Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 23 / Янги қонун

Электрон тижорат тизими янада такомиллашади

Мамлакатимиз биржасида савдо иштирокчиларининг юқори даражадаги рақобати ва тенг иштирокини таъминлайдиган, электрон савдо шаклида амалга ошириладиган замонавий давлат харидлари тизими жорий этилгани ўз афзалликларини намоён этмоқда. Электрон савдолардаги давлат харидлари ҳажми ошаётгани, савдо якунлари бўйича кўп миллиард сўмлик бюджет маблағлари тежаб қолинаётгани бунинг исботидир. Бу жараёнда кичик бизнес субъектлари ҳам фаол иштирок этаётгани эътиборга молик.

 

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан «Электрон тижорат тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди. 2015 йил 23 майда матбуотда «Электрон тижорат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун эълон қилинди. Мазкур қонунга асосан «Электрон тижорат тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири тасдиқланди.

Янги қонун миллий қонунчилигимизнинг илғор тажрибаси ҳамда замонавий халқаро ҳуқуқий нормалар уйғунлигига асосланган ҳолда ишлаб чиқилган. 20 моддадан иборат қонуннинг асосий мақсади электрон тижорат соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш ва янада такомиллаштиришдан иборатдир.

 Қонунда «электрон тижорат» тушунчасига ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда тузиладиган шартномага мувофиқ амалга ошириладиган товарлар (ишлар, хизматлар) олди-сотдиси, деб аниқ таъриф берилган. Унинг асосий принциплари электрон тижоратда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш эркинлиги, шартномалар тузишнинг ихтиёрийлиги, унда иштирок этиш шарт-шароитларининг тенглиги, иштирокчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кўзда тутади.

Маълумки, электрон тижорат соҳасидаги давлат сиёсати ушбу соҳани ривожлантириш учун ҳуқуқий, иқтисодий, ташкилий, техникавий ва бошқа шарт-шароитлар яратишга йўналтирилган. Бунда асосий эътибор электрон тижорат воситасида амалга ошириладиган тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, соҳага инвестициялар, замонавий технологиялар ва жиҳозларни жалб этиш учун шарт-шароитлар яратишга қаратилади. Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг электрон тижорат соҳасидаги фаолиятини ҳуқуқий, иқтисодий, статистик, ишлаб чиқариш-технологик ва бошқа ахборотлар билан таъминлаш, электрон тижорат соҳасидаги илмий-техникавий тадқиқотларни рағбатлантириш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда электрон тижорат соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш изчил қўллаб-қувватланади.

Қонунда ушбу соҳани давлат томонидан тартибга солиш масалаларига алоҳида эътибор берилган. Унга кўра, соҳани давлат томонидан тартибга солишни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва электрон тижорат соҳасида махсус ваколат берилган давлат органи амалга ошириши белгиланган. Ушбу нормалардан келиб чиқиб, тегишли органларга маълум бир ваколатлар ҳам юклатилган.

Қонуннинг 7-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси электрон тижорат соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлаш ва амалга ошириш, давлат органларининг электрон тижорат соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боришни ҳамда соҳада халқаро ҳамкорликни таъминлайди.

Махсус ваколатли давлат органи соҳадаги давлат дастурларини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этади. Бошқа манфаатдор давлат органлари ва ўзга ташкилотлар билан биргаликда, ўз ваколатлари доирасида, электрон тижорат соҳасидаги стандартлар, нормалар ва қоидаларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди. Соҳани ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади. Электрон тижорат иштирокчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини кўради. Соҳа фаолиятини тартибга соладиган қонун ҳужжатларини такомиллаштиришда ва уларнинг ижросини таъминлашда иштирок этиш ҳамда бу борада тадқиқотлар ва мониторингларни ташкил этади.

Ушбу муносабатларни тартибга солишда электрон тижорат иштирокчиси ва ахборот воситачиси муносиб ўринни эгаллагани боис, қонунда уларнинг фаолиятига ҳам ойдинлик киритилган. Хусусан, электрон тижорат иштирокчиси деганда электрон тижоратда товарларни (ишлар, хизматларни) сотувчи ёки уларнинг харидори бўлган юридик ёки жисмоний шахс тушунилади. Ахборот воситачиси – электрон тижоратда электрон ҳужжатлар ва электрон хабарлар айланиши билан боғлиқ хизматлар кўрсатувчи юридик шахсни англатади.

Бундан ташқари, қонунда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, электрон тижоратдаги шартнома шартлари, шартномани тузиш ва бажариш, офертага қўйиладиган талаблар, давлат харидлари ва корпоратив харидларни амалга ошириш, шахсга доир маълумотлардан фойдаланиш масалалари ҳам акс этган. Кўриниб турибдики, янги таҳрирдаги қонуннинг мазмуни аввалгисидан анча кенгайтирилиб, бир қатор янги моддалар қўшилган.

Қонуннинг аввалги таҳририда электрон тижоратнинг асосий принциплари, электрон тижорат соҳасидаги давлат сиёсати, электрон тижорат соҳасини давлат томонидан тартибга солиш, ҳукумат ва махсус ваколатли давлат органининг бу соҳадаги ваколатлари, электрон тижоратдаги электрон ҳужжатлар ва электрон хабарларнинг юридик кучи ва бошқа шу каби нормалар назарда тутилмаган эди. Янги таҳрирдаги қонунда ушбу масалалар ўзининг ҳуқуқий ечимини топган.

Янги қонун электрон тўловлар тизимини янги босқичга кўтаради. Чунки шу асосда мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологияларини юқори даражада рақамлаштиришга кенг йўл очилди. Бу савдо операцияларини амалга ошириш бўйича харажатларни камайтириш, электрон тижорат субъектларининг бир-биридан узоқлиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш, сотувчилар ва харидорлар ўртасида тўғридан-тўғри шартномавий муносабатларни ўрнатиш, халқаро стандартларга жавоб берадиган технологик бозор инфратузилмасини яратишга хизмат қилади.

 

Зафар РЎЗИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти бош илмий ходими,
юридик фанлар номзоди.

Прочитано: 2436 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика