Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 21 / Суд иши

Дўстлик ўз йўлига, шартнома тузган – ишончлироқ

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

Хорижий давлат фуқароси М. – «Д» МЧЖ ҚК муассисларидан бири (бундан кейин – 1-муассис) Тошкент шаҳар хўжалик судига 180 минг АҚШ доллари қийматига эга бўлган ускунани ноқонуний эгалик қилишдан қайтариш ёки унинг пулдаги эквивалентини тўлаш мажбуриятини МЧЖ зиммасига юклаш тўғрисида ариза берди.

Даъво кўриб чиқишга қабул қилинди. Жамиятнинг илтимосномасига кўра унинг бошқа муассиси – «Т» хорижий компанияси (бундан кейин – 2-муассис) мустақил равишда даъво талабларини баён этмаган учинчи шахс сифатида ишга жалб этилди.

Жамиятнинг таъсис ҳужжатларига кўра унинг устав фонди 400 минг АҚШ долларини ташкил этади, шундан 120 минг долларини (30%) 1-муассис, 280 минг долларини (70%) эса 2-муассис шакллантириши керак эди.

Ўз улушини шакллантириш учун 1-муассис қиймати 300 минг доллар бўлган янги технологик ускунани етказиб берди. Унинг 2-муассис билан оғзаки келишувига кўра 1-муассиснинг улуши ускунани етказиб бериш билан тўлиқ шакллантирилади, унинг қолган қиймати (180 минг доллар) эса 2-муассис улуши ҳисобига йўналтирилади. Муассислар алоҳида ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишлари керак эди.

Технологик ускунанинг божхона расмийлаштируви учун иккала муассис ва МЧЖ уни етказиб беришга уч тарафлама шартнома (бундан кейин – Шартнома) туздилар. Унга кўра 1-муассис 2-муассиснинг топшириғига кўра технологик ускунани сотиб олиши ва уни хорижий давлат ҳудудидан жўнатиши, МЧЖ эса уни Шартнома шартларига мувофиқ қабул қилиши керак, Шартноманинг 4.1-бандида шундай деб белгиланган: «Мазкур ускуна жамиятнинг устав фондига киритиш учун мўлжалланган».

Технологик ускуна эркин муомалага чиқарилганидан кейин 2-муассис 1-муассис билан бирор-бир оғзаки келишув бўлганлигини инкор этиб, у билан ўзаро ҳисоб-китоб қилишдан бош тортди.

Оғзаки келишувга риоя этилмаганлигини ноҳалоллик ва адолатсизлик деб ҳисоблаб, 1-муассис МЧЖга ускунанинг 180 минг АҚШ доллари қийматига тенг бўлган бир қисмини унинг ноқонуний эгалигидан қайтариш ёки унинг пулдаги эквивалентини тўлашни сўраб мурожаат қилди. Ушбу мурожаатга жавоб олмай, 1-муассис Тошкент шаҳар хўжалик судига МЧЖга нисбатан даъво билан мурожаат қилди.

 

1-МУАССИСНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

– Жамият устави ва таъсис шартномасига кўра мен эгалик қилган 30 фоизлик улушнинг миқдори ва қиймати МЧЖ устав фондида 120 минг АҚШ долларини ташкил этади. Мен уни 300 минг доллар турадиган ускуна билан шакллантирдим. Ускунанинг яхлитлиги ва бир бутунлиги, унинг бир қисмини ишлатиб бўлмаслиги учун уни етказиб бериш мақсадга мувофиқ эмаслиги унинг қиймати улушим миқдоридан ошишига сабабчи бўлди.

Мен билан 2-муассис ўртасида ускунанинг қолган 180 минг долларлик қийматини менинг фойдамга муайян ҳақ эвазига устав фондига унинг ҳиссаси сифатида ҳисобга олиш тўғрисида оғзаки келишув бўлган эди. Бироқ 2-муассис жамият 300 минг долларлик ускунани олганидан кейин бунинг учун ҳисоб-китоб қилишдан бош тортди.

Бундан МЧЖга бирор-бир қонуний асоссиз менинг 180 минг долларлик мол-мулким текканлиги келиб чиқади. Менинг 300 минг доллар қийматидаги ускунага эгалик ҳуқуқим олди-сотди шартномаси ва тўлов ҳақидаги квитанция билан тасдиқланади. Мазкур ҳуқуқ бошқа шахсга ўтишига қадар ускуна менга тегишли бўлади.

Жамият фақат етказиб беришнинг божхона расмийлаштируви учун тузилган шартнома асосида иккала муассиснинг устав фондига ҳиссаси сифатида ускунани қабул қилишга ҳақли эмас эди. Бунинг устига, у ускунани мен сотиб олганимдан ва Ўзбекистондаги божхона омборига етказиб берганимдан кейин расмийлаштирилган. Шу сабабли 2-муассис менга уни сотиб олиш ва етказиб беришни топшириши мумкин эмас эди.

Ўзбекистон қонун ҳужжатларига кўра қуйидагилар мол-мулкка эгалик ҳуқуқининг муассисдан жамиятга ўтишини тасдиқлайди:

МЧЖ иштирокчилари умумий йиғилишининг баённомаси, унда мазкур муассис устав фондидаги ўз улушини айни мазкур мол-мулк билан шакллантириши кўрсатилган ва бундай ҳиссанинг пулдаги баҳоси қайд этилган;

киритувчи иштирокчи ва жамият директори имзолайдиган мол-мулкни қабул қилиш-топшириш далолатномаси.

Ушбу бирламчи ҳужжатлар мазкур мол-мулкни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш учун асос ҳисобланади. Улар расмийлаштирилмаганлиги боис 300 минг АҚШ доллари қийматидаги ускуна жамият балансига амалдаги қонун ҳужжатларини бузган ҳолда қабул қилинган.

 

ЖАМИЯТНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

«Д» МЧЖ ҚК 1 ва 2-муассислар томонидан ташкил этилган. Таъсис ҳужжатларига кўра 1-муассис 1 йил мобайнида жамият устав фондининг қиймати 120 минг долларга тенг бўлган 30%ини, 2-муассис эса 280 минг доллар қийматидаги 70%ини шакллантириш мажбуриятини олди.

1-муассис жамият устав фондига бадал сифатида технологик ускуна етказиб беришга қарор қилди. Шу муносабат билан иккала муассис уни етказиб бериш шартномасини тузишди, унинг шартларига кўра 1-муассис 2-муассиснинг топшириғига кўра технологик ускунани сотиб олади ва хорижий давлат ҳудудидан жўнатади, жамият эса уни Шартномага мувофиқ қабул қилади.

Товарга илова қилинувчи ҳужжатларда (транспорт юкхати, инвойс, ўров варағи) кўрсатилишича: «Жўнатилган товарнинг мазкур туркуми Тошкентда таъсис этилган «Д» МЧЖ ҚК устав фондига «Т» компанияси ва хорижий давлат фуқароси М. улушлари бир қисми сифатида киритиладиган капитал ҳисобланади ва «Д» МЧЖ ҚКга ўрнига бирор нарса талаб этмасдан жўнатилган».

Шартнома асосида мол-мулк олувчида мулк ҳуқуқи, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ашё топширилган пайтдан бошлаб вужудга келади (Фуқаролик кодексининг 185-моддаси, бундан кейин – ФК). Ашё олувчининг ёки у кўрсатган шахснинг ихтиёрига амалда тушган пайтдан бошлаб олувчига топширилган ҳисобланади. Коносаментни ёки ашёга тегишли бошқа тасарруф этувчи ҳужжатни топшириш ҳам ашёни топширишга тенглаштирилади (ФКнинг 186-моддаси).

Шу тариқа, технологик ускунани жамият қонуний асосларда олган ва унинг балансига 1 ва 2-муассисларнинг ҳиссалари сифатида устав фондидаги улушлари миқдорларига мутаносиб тарзда қабул қилинган. Шу тариқа, ­1-муассис ускуна қийматининг 30%ини (90 минг доллар), ­2-муассис эса ускунанинг 70%ини (210 минг доллар) киритиб, ўз улуши бир қисмини шакллантирди. Ишни судда кўриб чиқиш пайтида жамиятнинг устав фонди қисман 300 минг АҚШ доллари суммасида шакллантирилган.

Муассислар ўртасида етказиб берилаётган ускунани бўлиш ва алоҳида ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишнинг бошқа тартиби тўғрисида бирор-бир оғзаки келишувга келинган жамиятга маълум эмас эди. Улар ўртасида ускунани бўлиш ва ўзаро ҳисоб-китоб қилишга тааллуқли низо мавжуд бўлса, улар эътирозларини МЧЖга эмас, балки бир-бирларига изҳор этишлари керак.

Жамият ускунанинг 180 минг АҚШ доллари қийматидаги бир қисмини қайтариш учун ҳеч қандай асос йўқ деб ҳисоблайди. Айни шу сабабли 1-муассиснинг даъво талаблари рад этилиши керак.

 

Гарчи Тошкент шаҳрида бўлган ва суд мажлиси ўтказиладиган сана ва вақт тўғрисида лозим даражада хабардор қилинган бўлса-да, 2-муассис вакиллари унда иштирок этмадилар.

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция хўжалик суди «Д» МЧЖ ҚК муассиси – хорижий давлат фуқароси М.нинг жавобгар «Д» МЧЖ ҚКга нисбатан 180 минг доллар қийматидаги ускуна тарзида мол-мулк бир қисмини ёки унинг пулдаги эквивалентини ноқонуний эгаликдан талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъво талабларини қондиришдан бош тортди ва суд харажатларини даъвогар зиммасига юклади. Ушбу қарор апелляция ва кассация инстанцияларида кўрилмади ва қонуний кучга кирди.

 

ЮРИСТ ФИКРИ

Хорижий инвесторлар иштирокидаги низонинг кўриб чиқилган ҳолати яна бир карра ЎзР ҳудудида (ва бошқа жойларда ҳам) битимларни амалга ошириш олдидан танланган фаолиятни тартибга соладиган қонун ҳужжатлари меъёрларини синчиклаб ўрганиш ва уларнинг талабларига мувофиқ қатъиян ҳаракат қилиш зарурлигидан далолат беради.

Шубҳасиз, ҳамкорлар бир-бирларига ишонишлари ва қўллаб-қувватлашлари лозим. Бироқ «дўстлик ва қўллаб-қувватлаш»ни юридик жиҳатдан мустаҳкамлаб, шартномада уларнинг шартларини қайд этиш зарур. Ҳамкорларнинг юридик жиҳатдан аҳамиятли ҳаракатларини лозим даражада расмийлаштирмаслик, оғзаки келишувларнинг оқибатлари нафақат ҳамкорларнинг муносабатларида шубҳа-гумон ва ишончсизликни, балки умуман адолат қоидаларига риоя этмасликни ҳам юзага келтириши мумкин.

Биз таҳлил қилган вазият хорижий инвесторнинг қонун ҳужжатларини билмаслиги ва ортиқча ишонувчанлиги унинг иқтисодий манфаатлари камситилишига олиб келганлигига ёрқин мисол бўлиб хизмат қилади.

 

Алишер УБАЙДУЛЛАЕВ,

«Victory Yurconsalt» МЧЖ юрисконсульти.

Прочитано: 2043 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика