Эрим ажралиш учун судга ариза топширган, шунингдек у мендан унинг фамилиясидан воз кечиш ҳамда никоҳгача фамилиямга қайтишимни талаб қиляпти. Мен бундай қилишни хоҳламаяпман, чунки барча ҳужжатларни қайтадан расмийлаштиришга тўғри келади. Ўз фамилиямни ўзгартирмаслик учун нима қилишим керак?
Ф.Хўжаева. Фарғона шаҳри.
– Никоҳ тузаётганда келин-куёв ўзларининг хоҳишларига қараб умумий фамилиялари сифатида икковидан бирининг фамилиясини танлайдилар ёки уларнинг ҳар бири никоҳгача бўлган фамилияларида қоладилар.
Оила кодексининг 46-моддасига кўра никоҳга кириш вақтида ўз фамилиясини ўзгартирган эр (хотин) никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам шу фамилияда қолишга ҳақли ёхуд унинг хоҳишига биноан суд томонидан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги қарор чиқарилаётганда унга никоҳгача бўлган фамилияси қайтарилиши мумкин. Фамилияси иккинчи тараф учун сақланиб қолаётган эрнинг бунинг учун розилиги талаб қилинмайди.
Агар суд томонидан никоҳгача бўлган фамилияни қайтариш масаласи ҳал қилинмаса, уни ўзгартиришни фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи никоҳ бекор қилинишини рўйхатдан ўтказаётганда амалга оширади. Эр-хотиннинг бири фамилияси ўзгарган тақдирда шахсни тасдиқлайдиган ҳужжатда уни алмаштиришнинг зарурлиги тўғрисида белги қўйилади.
Қисқаси, сизни ҳеч ким фамилиянгизни никоҳгача бўлган фамилияга ўзгартиришга мажбур эта олмайди. Сиз уни никоҳ бекор қилингандан кейин ҳам ўзгартирмасликка ҳақлисиз.
Эрингиз унинг фамилиясида бўлишингизни ҳам тақиқлай олмайди. Энди ушбу фамилия нафақат унинг, балки бир хил даражада сизнинг ҳам фамилиянгиз.
Ленара ХИКМАТОВА,
юрист.