ТУРИСТЛАР УЧУН ЯНГИ ТАРТИБ-ҚОИДАЛАР ЖОРИЙ ҚИЛИНДИ
Вазирлар Маҳкамасининг 10.03.2015 йилдаги 53-сон Қарори билан туризм соҳасини тартибга соладиган бир қатор ҳужжатлар тасдиқланди.
Туристларнинг алоҳида ташриф режими ўрнатилган ҳудудлардаги объектлар ва жойларга келиши (ўтиши), вақтинча бўлиши ва ҳаракатланиши тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ алоҳида ҳудудларга чегара яқинидаги зоналардаги маданий мерос объектлари ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар киради.
Туристларнинг алоҳида ҳудудларда бўлиши Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлинмаларининг рухсатномаси билангина амалга оширилади.
Алоҳида ҳудудга кирувчи (ўтувчи) туристлар гуруҳи ёки туристнинг ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва рухсатнома бўлиши керак. Улар турни ўтказадиган туристик ташкилот вакили – Ўзбекистон резидентининг кузатуви остида саёҳат қилишларига йўл қўйилади. Алоҳида ҳудудларга кириш, вақтинчалик бўлиш ва ҳаракатланиш учун рухсатнома ички ишлар органларига ариза берилган кундан бошлаб 30 иш куни мобайнида, бироқ тур бошланишигача 3 иш кунидан кечиктирмай берилади.
Ўзбекистонда виза олган хорижлик туристлар қўшимча текширувдан ўтишлари шарт эмас. Гуруҳга рухсатномалар туристик ташкилот вакили номига расмийлаштирилади, унда гуруҳдагилар сони кўрсатилади ва уларнинг рўйхати илова қилинади.
Ички ишлар органлари туристларнинг алоҳида ҳудудларда бўлишлари учун рухсатнома беришни рад этишга ҳақли.
Туристик ташкилотлар ва туристлар учун қуйидагилар мажбурийдир:
тур учун зарурий инвентарь, анжомлар ва алоқа воситалари мавжудлигини таъминлаш;
турни қатъий белгиланган йўналиш бўйича ўтказиш;
ички ишлар органларини тур давомида юз берган воқеалардан зудлик билан хабардор қилиш.
Пуллик хизматлар кўрсатишда айрим тоифадаги туристларга имтиёзлар тақдим этиш тартиби давлат ташкилотлари учун мажбурий ҳисобланади. Ушбу тартиб маданий дам олиш муассасалари, театр-томоша ташкилотлари, музейлар, парклар, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, моддий маданий мерос объектларига дахлдордир.
Бошқа шахслар учун мазкур Тартиб тавсиянома тусига эга.
Тартибга мувофиқ қуйидаги тоифадаги туристлар – Ўзбекистон фуқароларига имтиёзлар берилади:
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронлари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар;
Иккинчи жаҳон уруши меҳнат фронти қатнашчилари;
I ва II гуруҳ ногиронлари;
меҳнат фахрийлари ва пенсионерлар;
«Саховат» интернат уйларидаги васийликдаги шахслар;
мактабгача ёшдаги болалар;
меҳрибонлик уйлари ва «Мурувват» болалар интернат уйларининг тарбияланувчилари;
муддатли ҳарбий хизматни оддий аскарлар ва сержантлар таркибида ўтаётган ҳарбий хизматчилар.
Имтиёз тақдим этиладиган пуллик хизматлар рўйхати муассаса раҳбарининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Уларнинг қиймати пуллик хизматларга ташкилот томонидан тасдиқланган тарифларга асосан белгиланади.
Турли тоифадаги туристларга хизматларга ҳақ тўлашдан тўлиқ озод этиш, белгиланган тарифдан 50% миқдорида чегирмалар берилиши мумкин.
Тартибда кўрсатилган барча тоифадаги туристлардан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда бўлганлик учун ҳақ ундирилмайди.
Маданият ва дам олиш объектларига ташкиллаштирилган ҳолда келишда ташриф ташкилотчиси сифатида чиқадиган юридик шахснинг расмий ёзма мурожаатномаси имтиёз тақдим этилиши учун асос бўлиши мумкин.
Мазкур Тартибда назарда тутилган имтиёзлар қўшилмайди. Яъни уларни тақдим этиш учун бир неча асос мавжуд бўлганда, фуқаронинг танловига кўра биттаси олинади.
Учинчи шахслар томонидан шартнома асосида ўтказиладиган пуллик тадбирларда бўлганлик учун имтиёзлар берилмайди.
Имтиёзларни тақдим этиш тартиби ва шартлари тўғрисида маълумот ташрифчилар учун қулай бўлган жойларда маданият ва дам олиш муассасаларида, оммавий ахборот воситаларида, муассасанинг расмий сайтида жойлаштирилиши лозим.
Туристлар кириши тақиқланган объектлар ва ҳудудлар рўйхати Қарорга 2-иловада белгиланган.
ОКТЯБРЬ ОЙИДА IX ХАЛҚАРО САНОАТ ЯРМАРКАСИ ОЧИЛАДИ
Вазирлар Маҳкамасининг 13.03.2015 йилдаги 55-сон Қарори билан 2015 йилда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа ўтказилиши тўғрисида қарор қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ жорий йилнинг апрель-июнь ойларида ҳудудий ва тармоқ саноат ярмаркаларини ташкил қилиш ва ўтказиш режалаштирилмоқда. 26 октябрдан 2 ноябргача IX Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа ўтказилади.
Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
2015 йилда ҳудудий ва тармоқ саноат ярмаркаларини ҳамда IX Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржани ташкил қилиш ва ўтказиш жадвали;
мазкур тадбирларга тайёргарлик кўриш ва ўтказишга доир комплекс чора-тадбирлар;
«Ўзэкспомарказ» МКК АЖ хизматларига имтиёзли тариф нархлари.
Ҳужжат билан саноат ярмаркаларининг ўтказилишига боғлиқ бир қатор бошқа чора-тадбирлар назарда тутилган.
НОТАРИУСЛАР ЗАРУР ҲУЖЖАТЛАРНИ ЎЗЛАРИ ОЛАДИЛАР
Адлия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 11.03.2015 йилда 2090-9-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, белгиланишича, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда тадбиркорлик субъектларидан давлат органларида ва бошқа ташкилотларда мавжуд бўлган ҳужжатларни ва ахборотларни, шу жумладан солиқ қарздорлиги ёки коммунал тўловлар бўйича қарзларнинг мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномаларнинг, тадбиркорлик субъекти таъсис ҳужжатларининг, лицензиялар ва рухсат берувчи тусдаги ҳужжатларнинг нусхалари талаб қилинмайди.
Тадбиркорлик субъектларининг нотариал ҳаракатларни амалга ошириш юзасидан мурожаатлари мавжуд бўлганда нотариуслар давлат органларида ва бошқа ташкилотларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатларни ва ахборотларни ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан электрон тарзда мустақил равишда оладилар.
Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва ахборотлар мавжуд бўлган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, шу жумладан давлат нотариал идоралари ушбу ҳужжатлар ва ахборотларни (архив маълумотномалари бундан мустасно) идоралараро сўров олинган вақтдан бошлаб бир иш куни мобайнида тақдим этишлари шарт.
Йўриқномада тадбиркорлик субъектларининг нотариал ҳаракатларни амалга ошириш юзасидан мурожаатлари мавжуд бўлганда нотариуслар давлат органларида ва бошқа ташкилотларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатларни ва ахборотларни ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан мустақил равишда олишлари аниқ кўрсатилган.
Амалиётдан келиб чиқиб, Йўриқномада келтирилган кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар рўйхатига тузатишлар киритилди.
Бундан ташқари, Йўриқномага ЎзССРнинг қонун ҳужжатлари амал қилган даврда бунёд этилган бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар рўйхати киритилди.
Буйруқ «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 16.03.2015 йилдаги 10 (666)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.
Ҳужжатларга қисқача шарҳларни
«Norma Profi» экспертлари Елена ЕРМОХИНА ва Сардор ЖУМАШОВ тайёрладилар.