AliExpress орқали Хитойда бир неча қутича бонсай, апельсин ва қалампир уруғларини буюртирдим. Бандеролни олганимда унинг ичидаги юк очилганлиги ва божхонада текширилганлиги, уруғлар эса олиб қўйилганлиги ва йўқ қилишга берилганлиги тўғрисида ҳужжат чиқди. Ҳолбуки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган истеъмол товарлари рўйхатининг (АВ томонидан 12.08.2013 йилда 2500-сон билан рўйхатдан ўтказилган) «Ноозиқ-овқат товарлари» бўлимида ТИФ ТНнинг «06» коди остида яшил дарахтлар ва бошқа ўсимликлар; ўсимликларнинг илдизпоялари, томирлари ва бошқа шундай қисмлари; қирқилган гуллар ва манзарали ўтлар кўрсатилган. Бундан келиб чиқадики, уларни олиб кириш тақиқланмаган. Божхоначиларнинг ҳаракати қонунийми, ахир мен уруғлар учун каттагина ҳақ тўлаганман?
Б.М.
– Ҳақиқатан ҳам, республикага ўсимликларнинг уруғларини олиб кириш тақиқланмаган. Бироқ бунга «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги Қонуннинг (31.08.1995 йилдаги 113-I-сон) 11-моддасига мувофиқ:
Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини бош давлат инспекцияси берадиган карантин рухсатномаси;
экспорт қилаётган мамлакатнинг ўсимликлар карантини ва муҳофазаси бўйича давлат органлари берадиган фитосанитария сертификати ёки гувоҳномаси бўлган тақдирдагина йўл қўйилади.
Ўсимликлар карантини ва муҳофазаси бўйича давлат органлари бўлмаган чет мамлакатдан уруғларни, ўсимликларни ва ўсимлик маҳсулотларини республикага олиб киришга Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини бош давлат инспекцияси томонидан ҳар бир алоҳида ҳолда бериладиган карантин рухсатномаси бўлган тақдирда йўл қўйилади. Уларнинг ҳаммаси республика ҳудудига келиб тушиш пунктларида ушбу давлат хизмати инспекторларининг мажбурий текширувидан ўтказилади. Агар уларда карантиндаги ва бошқа хавфли зараркунандалар, ўсимлик касалликлари ва бегона ўтлар, барча турдаги тирик замбуруғлар, бактериялар, ўсимлик касалликларини қўзғатувчи вируслар, шунингдек ўсимликларга зарар етказувчи ҳашаротлар, каналар ва нематодлар аниқланган тақдирда уларни олиб кириш ман этилади. Бундан илмий мақсадларда келтириладиган намуналар мустасно. Етиб келган юкда бундай зараркунандалар ёки касалликлар аниқланган тақдирда ўсимликлар карантини давлат инспекцияси юк эгасига ундан қай тарзда фойдаланиш юзасидан тавсия беради, юк эгаси эса бир суткалик муддат ичида юкни тасарруф этиши шарт.
Уруғ ва кўчатларни, меваларни, янги мева ва сабзавотларни чет мамлакатлардан республикада яшовчи фуқароларга почта жўнатмаларида юбориш, шунингдек юк билан олиб ўтиш ман этилади.
Башарти алоҳида қимматга эга бўлган уруғлар, ўсимликлар ёки кўчатлар илмий-тадқиқот муассасалари номига йўлланган бўлса, улар ўсимликлар карантини давлат инспекторининг хулосасига биноан текшириш учун интродукция-карантин кўчатхонасига юборилиши керак.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.