Дорихонамиз, дорилардан ташқари, крем, шампунь ва бошқа косметик воситаларни, шунингдек тиббий буюмлар, шахсий гигиена буюмлари ва бошқа товарларни сотади. Ягона солиқ тўлови солиш мақсадида дори препаратлари ва бошқа дорихона товарларини сотишдан олинган тушумнинг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритишимиз керакми?
Бухгалтер.
– Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Эксперт кенгаши 2015 йил 6 январдаги мажлисида, бошқа материаллар билан бир қаторда, дорихона муассасалари фаолиятига солиқ солиш (ягона солиқ тўлови ставкасини қўллаш) масалаларини кўриб чиқди ва қуйидагича хулоса чиқарди.
Дорихона муассасалари учун белгиланган ягона солиқ тўлови ставкалари* умуман дорихона муассасасига татбиқ этилади. Дори воситалари билан бир қаторда касалликларни даволаш ва уларнинг олдини олиш учун мўлжалланган тиббий маҳсулотлар, санитария ва гигиена буюмлари, даволаш овқатлари, маъданли сувлар, даволаш-косметика маҳсулотларини реализация қиладиган дорихона муассасалари бундай товарлар бўйича дорихона муассасалари учун белгиланган ставкада ягона солиқ тўловини тўлайдилар (ДСҚ ҳузуридаги Эксперт кенгашининг 6.01.2015 йилдаги 34-сон баённомаси).
Ўз ахборотимиз.
*Таҳририятдан – Президентнинг 4.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон Қарорига 10-2-илова.