Тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйиш, боз устига, акциз маркасиз ёхуд бошқа давлатларнинг акциз ёрлиғига эга бўлган тамаки маҳсулотларини олиб киришнинг олдини олиш божхона органлари зиммасидаги муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Республикамиз божхоначилари тамаки маҳсулотларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни давом эттиришмоқда.
2014 йилда республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда 227 божхона қоидабузларликлари фош қилиниб, натижада қиймати 628 млн сўмдан ортиқ бўлган 213,6 минг қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.
● Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан республикамиз ҳудудидан транзит тарзида ўтаётган «Душанбе-Москва» йўловчи поезди ресторани божхона кўригидан ўтказилганда, қўшни давлат фуқароси Х.К.га тегишли 2 турдаги 110 қути тамаки маҳсулотлари вагон ойналари орасига яширилганлиги аниқланди.
● «Олот» чегара божхона комплекси орқали ўз юртига қайтаётган туркманистонлик А.Ч. хонимнинг эса 2 турдаги 130 қути тамаки маҳсулотларини божхона кўригидан яширинча олиб чиқишга бўлган уриниши чиппакка чиқди.
● Пойтахт божхоначилари Москвадан кириб келган поезд йўловчиси К.В.нинг 2 турдаги 400 қути тамаки маҳсулотларини яширинча олиб киришига чек қўйишди.
● Тошкент халқаро аэропортида эса Истанбулга парвози олдидан андижонлик И.Р. хонимнинг қинғир қилмиши фош қилинди: аёл йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан 370 қути тамаки маҳсулотларини қўл юклари орасига яширганча олиб чиқишга уринган экан.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан товарларни божсиз олиб киришнинг чекланган меъёрларига (АВ томонидан 10.09.1996 йилда 279-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ, жисмоний шахсларга 10 қутигача тамаки маҳсулотларини эркин олиб киришга рухсат этилади.
Тамаки маҳсулотларини Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишда эса жисмоний шахслар бу ҳақдаги маълумотларни йўловчи божхона декларациясида қайд этишлари лозим.
Шунингдек, республикамизда тамаки маҳсулотларига акциз маркаларини қўллаш шу турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, импорт қилиш, сақлаш, ташиш ва сотиш устидан давлат назоратини ўрнатиш, шунингдек, акциз солиғини тўлиқ йиғиб олиш, мазкур товарларнинг яширин тарзда ишлаб чиқарилишининг ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келинишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда 1996 йилнинг 1 октябридан бошлаб Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилаётган ва унинг ҳудудига олиб келинаётган тамаки маҳсулотларини белгиланган намунадаги акциз маркалари билан мажбурий маркалаш тартиби жорий этилган. Мазкур тартибларга риоя қилмасдан тамаки маҳсулотларини юртимизга олиб кириш, акциз маркаларини ёпиштирмаган ҳолда ташиш (халқаро транзитдан ташқари), сақлаш ва сотиш тақиқланади.
Ҳусен ТАНГРИЕВ,
ДБҚ Ахборот хизмати
катта инспектори.