Ҳозирги вақтда дунёда озиқ-овқат етишмовчилиги долзарб муаммога айланиб бораётганлиги жаҳон мамлакатларини бу масалага янада эътиборлироқ бўлишга чақирмоқда. Шунингдек, умумий озиқ-овқат ишлаб чиқариш ҳажми билан Ер юзи аҳолиси сонининг тез суръатлар билан кўпайиши ўртасидаги номутаносиблик йилдан-йилга инсониятнинг озиқ-овқат билан таъминланиш даражасини тушириб юбормоқда. Шундай вазиятда халқаро ҳамжамиятда иқтисодий ривожланиш жиҳатидан турли тоифадаги давлатлар мавжудлиги инобатга олинса, озиқ-овқат маҳсулотларини жадал ишлаб чиқариш учун тегишли шароитлар мавжуд бўлмаган жаҳоннинг бир қатор минтақаларида юқорида кўрсатиб ўтилган муаммолар чуқурлашиб бораётганлигини кузатиш мумкин.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) билан ҳамкорликда 2014 йилнинг 5-6 июнь кунлари Тошкентда ўтказилган «Ўзбекистонда Озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари» мавзусидаги халқаро конференцияда сўзга чиққан Президентимиз И.А.Каримов халқаро майдонда юзага келаётган озиқ-овқат етишмовчилиги ҳозирги кунда ўз ечимини кутаётган муҳим муаммолардан бири бўлиб қолаётганлигини таъкидлаб ўтди.
ГЕННИ ЎЗГАРТИРИШ – МАСАЛАНИНГ ЕЧИМИМИ?!.
Шундан келиб чиқиб, бугунги кунда жаҳонда озиқ-овқат етишмовчилиги муаммосини бартараф этишнинг ечими сифатида айрим давлатлар маҳсулот ишлаб чиқаришда генетик модификацияланган организмлардан (изоҳ: ГМО маҳсулотлари бир турдаги организм генини иккинчи организм генига қўшиш орқали ёки маълум организмнинг бир генини ўчириб қўйиш натижасида ҳосил бўлади) кенг фойдаланишни амалиётга жорий этаётирлар.
Бундай тажриба эса ўзининг ижобий натижалари билан бирга бир қатор салбий оқибатларни ҳам етаклаб келиши мумкинлиги маълум бўлмоқда. Бу эса халқаро ҳамжамиятнинг ушбу соҳага алоҳида эътибор бериши лозимлигини тақозо этмоқда.
БМТнинг Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури маълумотларига кўра, ҳозирда дунё бўйича 7 миллиарддан ортиқ аҳоли мавжуд бўлиб, 2015 йилнинг 1 январь ҳолатида шундан 842 млн инсон, яъни сайёрамизнинг ҳар саккизинчи одами тўйиб овқатланмаётганлиги маълум бўлган.
Ушбу муаммони ҳал этиш мақсадида, яъни аҳолини озиқ-овқат билан етарли даражада таъминлаш учун бир қатор давлатларда генно-инженеринг технологиялари асосида ГМО маҳсулотлари ва уларнинг уруғларини етиштириш ривожланмоқда. Жумладан, Агробиотехнологияларни қўллашни мониторинг қилиш халқаро хизматининг (International Service for the Acquisition of Agri-biotech Applications – ISAAA) маълум қилишича, 2013 йил ҳолатида бутун жаҳон бўйича 175 млн гектар ерда ГМО маҳсулотлари етиштирилган (умумий дунё экин майдонининг 11%). Шунингдек, генетик модификацияланган (ГМ) ўсимликлар жаҳоннинг 28 мамлакатида ўстирилади, уларнинг асосий улуши АҚШ, Бразилия, Аргентина, Канада, Ҳиндистон ҳамда Хитой каби давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Шу билан бирга, дунё бозорида ҳозирда 27 турдаги ГМ экинлар (336 нав) тарқалган бўлиб, улар орасида асосий ўринларни соя, маккажўхори, пахта, картошка каби маҳсулотлар эгалламоқда.
Шундан келиб чиқиб, аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш жараёнида ГМО аксарият ҳолларда қишлоқ хўжалик секторида кўпроқ учрамоқда. Чунки, халқаро майдонда аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини қондиришда ушбу секторнинг ўрни юқоридир.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда шуни таъкидлаш лозимки, аҳолини озиқ-овқат билан таъминлашда табиати қулай ва қишлоқ хўжалиги ривожланган ҳудудлардан фойдаланиш ҳамда ушбу жараёнда ГМО имкониятларини юқори даражада ишга солиш ўзининг кутилган ижобий натижаларини бериши мумкин.
Ҳозирда дунё бўйича ГМО маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи бир қатор етакчи йирик компаниялар бўлиб, улар сирасига «Monsanto Со», «Herbalife International of America» (АҚШ), «Central Soya Protein Group» (Дания), «OY FINNSOYPRO LTD» (Финляндия) кабилар киради.
Бир қатор хорижий мутахассислар ГМО маҳсулотларининг ижобий хусусиятлари мавжудлигини таъкидлаб ўтишган. Жумладан:
ГМ ўсимликлари касаллик қўзғатувчиларга (вируслар ва замбуруғлар), ҳашаротлар, зараркунандалар ва гербицидларга чидамли;
культивация ва кимёвий ишлов харажатлари нисбатан кам;
ушбу турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг ташқи кўриниши кўргазмабоп;
ГМО маҳсулотлари узоқ муддат бузилмасдан сақланиши мумкин;
бу турдаги экинларнинг пишиб етилиш муддати қисқа;
ГМО товарларининг табиий маҳсулотларга нисбатан таннархи арзонроқ.
Бинобарин, «Monsanto» (Monsanto Company) трансмиллий компанияси бугунги кунда қишлоқ хўжалиги биотехнологиялари соҳасида жаҳондаги етакчи компаниялардан ҳисобланади. Миссури штатининг маркази бўлган Сент-Луис шаҳрида жойлашган компаниянинг 84 гектарли майдонида қишлоқ хўжалик, фармакология ва ветеринария муаммолари билан шуғулланувчи 1 100 та тадқиқотчи ишлайдиган 300 лаборатория, 26 та иссиқхона ва инкубаторлар жойлашган. Ушбу ташкилотнинг бугунги кунгача етакчиликни қўлдан бой бермаётганлигига сабаб сифатида унинг 1996 йилдан буён бир қатор уруғчилик компанияларини («HybriTech», «Sementes Agroceres», «Delta and Pine Land», «De Reuters Seeds» в.б.) ўз назорати остига олганлигини келтириш мумкин. «Monsanto» томонидан ишлаб чиқариладиган асосий ГМ-маҳсулотлари маккажўхори, соя, пахта уруғлари ҳамда дунё бўйича кенг тарқалган «Раундап» гербициди ҳисобланади. Шунингдек, «Monsanto» компаниясининг мамлакат юқори бошқарув органларида таъсир доирасининг ниҳоятда кучли эканлиги 2013 йилда АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси томонидан ушбу ташкилот манфаатларини акс эттирувчи «Қишлоқ хўжалигини молиялаштириш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинишида ўз тасдиғини топди.
Кўрсатиб ўтилган йирик компаниялар томонидан ишлаб чиқарилган ГМО маҳсулотлари дунё аҳолисининг кунлик озуқасидан чуқур жой олмоқда. Хусусан, Greenpeace ташкилоти ўз ҳисоботларида «Hershey's Cadbury Fruit&Nut» шоколад маҳсулотлари, «Snickers» ва «Twix» шоколадлари, «Campbell» шўрвалари, «Nestle» болалар озуқаси ҳамда «Knorr» соуси каби маҳсулотларнинг таркибида ГМОлар мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни берган.
«ЕЧИМ»НИНГ САЛМОҚДОР ҚУСУРЛАРИ
Сўнгги йилларда олиб борилган тадқиқотлар натижасида олимлар ГМОнинг бир қатор оғир салбий жиҳатлари мавжудлиги тўғрисида фикрлар билдиришмоқда. Хусусан:
ушбу маҳсулотлар истеъмоли инсонларда наслсизлик касаллигини келтириб чиқариши мумкин (оқибати 1-авлодда эмас, балки, кейингиларида кузатилади);
ГМ сояларнинг истеъмоли одамнинг иммунитет тизимига салбий таъсир кўрсатиб, онкологик ва асаб касалликларига олиб келиши эҳтимоли мавжуд;
ёш болаларни ГМ соясидан тайёрланган маҳсулотлар билан озиқлантириш уларда қалқонсимон безининг зарарланишини келтириб чиқариши мумкин;
ГМО картошкалар истеъмоли сут безлари билан боғлиқ ва онкологик касалликларнинг қўзғалишига туртки бўлиши мумкин;
инсон организмидаги таъсирлардан ташқари, ГМ экинларининг ўстирилиши ернинг ҳосилдорлигига салбий таъсир кўрсатиб, ҳосилдор майдонларнинг чўллашишига олиб келган ҳолатлар кузатилган.
ТАШВИШ ЧЕКИШГА ҲОЖАТ БОР!
Юқорида кўрсатиб ўтилган салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида сўнгги йилларда турли хорижий мамлакатларда ГМО маҳсулотларини импорт қилиш, ишлаб чиқариш ва муомалага киритишда чекловлар қўйиш юзасидан бир қатор чоралар амалга оширилмоқда. Жумладан, Россия Федерациясида шу соҳани назорат қилиш юзасидан ишлар амалга оширилиб, 2014 йил октябрда Жамият фикрини ўрганиш Бутунроссия маркази томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, мамлакат аҳолисининг 80%дан кўпроғи ГМОни тақиқлашни маъқуллаган. Бундан келиб чиққан ҳолда, Россия ҳукумати топшириғига асосан давлат Думаси томонидан Россияда генли инженер модификацияланган ўсимликлар ва ҳайвонларни етиштириш ва ўстиришни тақиқловчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган, бугунги кунда уни қабул қилиш бўйича муҳокама ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Европа Иттифоқи (ЕИ) доирасида 2001 йилдан бери амалда бўлган тартибга асосан Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича Евроагентликнинг (EFSA) розилиги билан иттифоқ давлатлари ҳудудига ГМ маҳсулотларини (52 та турдаги товарлар) импорт қилиш ва реализация қилишга рухсат берилган. 2014 йил 12 июнь куни ЕИ Кенгашининг атроф муҳит масалалари бўйича бўлган йиғилишида иттифоқнинг аъзо давлатларига ГМ экинларини етиштиришни чеклаш ёки тақиқлаш ҳуқуқини бериш муҳокама қилинди ва бу ташаббусни ташкилотнинг 28 та аъзо давлатларидан (Бельгия ва Люксембургдан ташқари) 26 таси маъқуллади.
Шу билан бир қаторда, Хитойда ҳам ГМО маҳсулотларини назорат қилиш бўйича чора-тадбирлар кўрилиб, «Wall Street Journal» нашрининг ёзишича 2014 йилнинг ўзида АҚШдан Хитойга экспорт қилинадиган маккажўхори ҳажми 85%га қисқариб, бунинг натижасида Қўшма Штатлар савдо компаниялари 500 млн долларидан кўпроқ миқдорда молиявий зарар кўрган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, хориждаги айрим мамлакатларда кўрилаётган чора-тадбирлар оқибатида таркибида ГМО бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолига янада эътиборлироқ бўлиш тақозо этилмоқда. Яъни, озиқ-овқат танқислигининг олдини олиш мақсадида ГМО маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши давом этаётган бўлса-да, унинг инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши бир қатор мамлакатларда бу соҳани қайта кўриб чиқиб, етарли даражада тартибга солишни талаб этмоқда. Келгусида ГМ экинларини назоратсиз экиш ва аҳоли томонидан ГМО маҳсулотларини бетартиб истеъмол қилиш халқнинг генетик ўзгаришига ҳамда ҳудудлардаги ҳосилдор ерларнинг чўллашишига олиб келиши, натижада касалманд аҳолининг соғлиғини тиклаш учун харажатларнинг кўпайиши мамлакат бюджет сарфининг ижтимоий ҳимоя қисмига оғир юк бўлиб тушиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Диёр КАРИМОВ,
тадқиқотчи, и.ф.н.,
Жасурбек ИБОДУЛЛАЕВ,
тадқиқотчи.
Мавзуга доир маълумотлар
Тадқиқот натижалари кишини карахт қилади...
Тадқиқотларда маълум бўлдики, маймунга икки турдаги банан тутқазилганда, у генетик модификацияланган бананни четга суриб, табиийсига қўл чўзган.
Россиялик олимлар каламушларда бир қатор тажрибалар ўтказишди, зеро бу жониворлар тез кўпайишга мойиллиги туфайли уларнинг наслида рўй берган ўзгаришларни кузатиш ўз натижасини узоқ куттирмади.
Узоқ давр мобайнида каламушларнинг озуқасига генетик модификацияланган соя аралаштирилгач, ГМ-қўшимчалар нафақат катта каламушларда, балки уларнинг зурриётларида ҳам ўз таъсирини намойиш этди: 50% янги туғилган каламушлар нобуд бўлган. Қарийб 40% каламуш ногирон бўлиб дунёга келган. Яшаб қолган каламушлар ўзидан кейин насл қолдирмаган.
У одамларга ҳам ўз таъсирини кўрсатиб улгурган: масалан, ГМ-маҳсулотлар эркин сотиладиган Америка Қўшма Штатларида аллергиядан аҳолининг 70%и азият чекади. ГМО тақиқланган Швецияда эса аллергик касаллар сони 10 баравар камдир.
ГМО вужудга келиши тарихидан
Генетик модификацияланган организмлар йигирманчи асрнинг 80-йилларида вужудга келди. 1992 йилда Хитойда зараркунанда ҳашаротлардан «қўрқмайдиган» тамаки етиштириш бошланган. Бироқ модификацияланган маҳсулотларнинг оммавий ишлаб чиқарилиши 1994 йилдан бошланган – ўшанда АҚШда юклаб жўнатишда нобуд бўлмайдиган дастлабки памилдорилар етиштирилган эди. Бу памилдорилар 14-16 ҳароратда ярим йилгача ям-яшиллигича турган ва хона ҳароратида пишиб етилган.
ГМО қайси маҳсулотларда кўпроқ учрайди?
Бугунги кунда Колорадо қўнғизи емайдиган картошка, чаённинг гени қўшилиб, қурғоқчиликка чидамлиги оширилган буғдой, денгиз қалқонбалиғи (камбала) гени қўшилган памилдорилар борлигини биласизми? Улар шимолий ҳудудларда етиштиришга мўлжалланган. Дунёда энг кўп етиштириладиган ГМ-ўсимликлар бу соя, маккажўхори, рапс, картошка, томатлар, кабачки, папайя, сачратқи (цикорий), гуручдир.
ГМО айниқса колбаса маҳсулотларида (юқори сифатли колбасалар бундан мустасно, сабаби уларга ўсимлик оқсилини қўшиш тақиқланган), ярим тайёр гўштли маҳсулотларда кўп учрайди.
Трансгенлар билан қуйидаги маҳсулотлар деярли тўлдириб юборилган: қайнатилган колбасалар, сосискалар, сарделька, чучваралар, блинчиклар, қандолат маҳсулотлари, газланган ичимликлар, музқаймоқлар, қуюлтирилган сут (сгушёнка), чипслар, поп-корн, соуслар, кетчуплар ва тез пишириладиган маҳсулотлар – бу маҳсулотлар барчасининг таркибига модификацияланган соя ёки макка қўшилган бўлади. Бироқ гречка модификациялашишга мойил эмас, шунинг учун уни бехавотир тановул қилса бўлади.
Интернет материаллари
асосида тайёрланди.