Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 10 / Тадбиркорлик

Тадбиркор ҳуқуқлари устуворлиги принципи амалда

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг баҳосига кўра, Ўзбекистон сўнгги йилда бизнес юритишни енгиллаштириш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар бўйича етакчи ўнта мамлакат қаторидан жой олди.

 

Адлия вазирлигида тадбиркорлик соҳасини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари қайта хатловдан ўтказилмоқда 

● Тадбиркорларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш – устувор аҳамиятга эга

● 2014 йилда адлия органлари томонидан тадбиркорларнинг жами
2,7 мингга яқин мурожаати қабул қилиниб, қонуний ҳал этилди

 

 

Мамлакатимизда тадбиркор ва ишбилармонлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Давлатимиз раҳбарининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик – жамиятимизнинг, бугунги ва келажак тараққиётимиз, фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчи бўлиши шарт, деган сўзлари бугун ҳаётимизда тўлиқ ўз ифодасини топмоқда.

 

ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг ўринбосари Анвар УСМОНОВ билан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида суҳбатлашди*.

– Миллий қонунчилигимизда хусусий мулк устуворлиги мустаҳкамлаб қўйилгани ва унинг ишончли ҳуқуқий кафолатлари таъминланаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди А.Усмонов. – Хусусий секторга кенг эркинлик бериш, бюрократик ғовларни бартараф этишга оид бир қатор муҳим меъёрларнинг амалиётга татбиқ этилгани натижасида рухсат бериш тартиб-таомиллари кескин қисқартирилди.

 

Барча даражадаги давлат бошқаруви идоралари билан ўзаро муносабатларда тадбиркорлар ҳуқуқларининг устуворлиги принципи жорий қилинди. Бу амалда ана шу идораларнинг тадбиркор манфаатини таъминлаш йўлида хизмат қилишига кенг йўл очди.

 

Хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун айбдор шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилди. Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, кредит олиш, улар фаолияти билан боғлиқ хўжалик низоларини кўриб чиқиш сезиларли даражада соддалаштирилди ва арзонлаштирилди. Мулкни рўйхатдан ўтказиш, ер участкаларини ажратиш, қурилишга рухсатнома бериш, электр тармоқларига уланишда «бир дарча» тамойили жорий этилди.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар тадбиркорларимизга кенг эркинлик бериши билан бирга, бу жараён халқаро миқёсда ҳам муносиб баҳосини олаётгани диққатга сазовор. Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг баҳосига кўра, Ўзбекистон сўнгги йилда бизнес юритишни енгиллаштириш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар бўйича етакчи ўнта мамлакат қаторидан жой олди.

– Тадбиркорлар манфаати йўлида қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари замон талабидан келиб чиқиб такомиллаштирилиши табиий ҳол. Бу йўналишда қонун ижодкорлиги қандай йўлга қўйилган?

– Мукаммал қонунчилик қонун ижодкорлигининг замон билан ҳамнафас бўлишини тақозо этади. Бу борада мамлакатимизда қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга мослигини таъминлаш тизими яратилган. Адлия органлари томонидан қонун ҳужжатларини қўллашда ягона давлат сиёсатини изчил амалга ошириш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда. Вазирликда шу йўналишда ишчи гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилган. Айни пайтда улар тадбиркорлик соҳасини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини қайта хатловдан ўтказмоқда. Якунда тадбиркорларга қулайлик яратиш ҳамда уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан тегишли таклифлар ишлаб чиқилади.

Ўтган йилда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ва қулай инвестиция иқлимини яратишга оид 14 қонун лойиҳаси тайёрланди. 134 қонун лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ва 141 идоравий ҳужжат давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу жараёнда уларнинг айримларида тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча маъмурий ва бошқа чекловларни жорий қиладиган ҳамда асоссиз харажатларни вужудга келтирадиган қоидалар аниқланиб, бартараф қилиш чоралари кўрилди. Давлат рўйхатидан ўтказилмаган ўнга яқин ноқонуний ҳужжат бекор қилинди.

Тадбиркорликка оид қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш бўйича берилган таклифлар асосида янги меъёрлар жорий этилдики, бу амалда соҳа вакилларига яратилган қулайликлар кўламини кенгайтирди. Хусусан, маиший хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига солиқ тўловларидан имтиёзлар белгиланди. Суғурталовчиларга пул маблағлари резервларидан белгиланган тартибда фойдаланиш ҳуқуқи берилди. Бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўлови миқдори камайтирилди.

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомилининг мураккаблаштиришни ва бундай субъектлар зиммасига янги мажбуриятлар юклатишни назарда тутадиган, шунингдек, уларнинг жавобгарлигига оид янги чораларни белгилайдиган қонун ҳужжатлари расмий эълон қилинган кундан эътиборан камида уч ойдан кейин кучга кирадиган бўлди.

«Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилди. Бу лойиҳада хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини назорат қилиш тартибини янада такомиллаштириш, тадбиркорларнинг қонуний фаолиятига аралашувларни янада қисқартириш назарда тутилган.

– Тадбиркорлар ҳуқуқлари ҳимояси билан боғлиқ қонунлар ижросини таъминлаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, аввало, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга устувор аҳамият берилмоқда. Шу нуқтаи назардан тадбиркорларнинг қабул қилинаётган қонун ҳужжатларидан хабардорлиги тобора яхшиланмоқда. Бу борада уларга 32 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ичига олган Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (lex.uz)дан исталган вақтда бепул фойдаланиш имконияти яратилган.

 Ўтган йилда 673 давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тартибга солиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш бўйича қонун ҳужжатларига риоя қилинишининг аҳволи ўрганилди. Таҳлиллар натижаси аксарият ҳолларда банк хизматларини кўрсатиш ва кредит ажратишда, лицензия ва бошқа рухсатномаларни беришда, коммуникация тизимларига уланишда ва солиқ қонунчилигини қўллашда қонун талаблари бузилаётганини кўрсатди. Масалан, «Водий текстиль» масъулияти чекланган жамиятидан кўп миқдорда ортиқча солиқ тўлови ундирилган. Жамият манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида Фарғона вилояти хўжалик судига даъво аризаси киритилган. Суднинг ҳал қилув қарорига асосан корхонага қарийб 69 миллион сўм маблағ қайтарилган.

Янгиқўрғон туманида фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркор И.Абдуллаев электр қувватининг узиб кетилганидан азият чеккан. Кўрилган чора туфайли электр тармоқлари корхонаси ходимлари томонидан тадбиркор асоссиз равишда электр энергиясидан узиб қўйилгани аниқланди. Тегишли равишда киритилган тақдимномага кўра айбдор шахс О.Махсумхоновга «ҳайфсан» интизомий жазоси қўлланилди ҳамда тадбиркорни қийнаган масала ҳал этилди.

Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларидан бири – бу уларнинг мурожаатларини зудлик билан кўриб чиқишдир. Шу мақсадда Адлия вазирлиги ва унинг қуйи тизимларида махсус «ишонч телефони» ташкил этилган. Мурожаатлар вазирликнинг расмий веб-сайти орқали қабул қилиниши ҳам йўлга қўйилган. Ўтган йилда тадбиркорларнинг жами 2,7 мингга яқин мурожаати қабул қилиниб, қонуний ҳал этилди. Масалан, «Нишон хиёбони» хусусий корхонаси раҳбари Т.Зоиров «Агробанк»нинг Нишон филиалидан кредит ололмаётганини «ишонч телефони» орқали билдирган. Мурожаатдан кейин кўрилган чора туфайли айбдор шахс жазосини, тадбиркор эса 95 миллион сўм кредитни олди.

Таъкидлаш жоизки, тадбиркорлик субъектларида ўтказилаётган текширишлар сони йилдан-йилга камайтирилиб, уларнинг фаолиятига аралашувлар кескин қисқараётган бўлса-да, айрим назорат қилувчи орган ходимлари томонидан ҳанузгача текширишларни ўтказишда қонун талабларини бузишга йўл қўйилмоқда. Ўтган йилдаги ўрганишларда назорат қилувчи органлар томонидан 49 тадбиркорнинг фаолияти ноқонуний текширилгани ва бу жараёнда 4 мингга яқин ҳолатда белгиланган тартиб бузилгани аниқланди. Мисол учун, Нукус шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими ходимлари томонидан «Нурёғди» масъулияти чекланган жамиятида рухсатсиз текшириш ўтказилгани аниқланди. Прокуратура органларига киритилган таклифга асосан айбдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Қибрай туманида фаолият юритаётган оилавий тадбиркор Р.Собировнинг фаолиятида туман давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бўлим мудири Н.Маҳкамов томонидан рухсатсиз текшириш ўтказилган. Ушбу ҳолат юзасидан адлия органи томонидан расмийлаштирилган маъмурий баённомага биноан айбдорга суд қарорига асосан жарима қўлланилди.

 

Аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан қўлланилган таъсир чораларига асосан 2,3 минг нафардан зиёд мансабдор шахсга интизомий жазо чораси кўрилди. 326 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди. Шундан 97 нафар шахс лавозимидан озод этилди. Тадбиркорлар манфаатларини кўзлаб судларга 30 миллиард сўмдан ортиқ, фермерларнинг манфаатида 55,2 миллиард сўмлик даъво аризалари киритилди.

 

Ҳозирда тадбиркорлар ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашувларни тезкорлик билан аниқлаш ва уни бартараф этиш мақсадида Текширишларни рўйхатга олиш китобига қайд этишнинг онлайн-электрон тизими жорий этилди. Мазкур тизимнинг тўлиқ ишга туширилиши билан ўтказилаётган ҳар бир текширишни Адлия вазирлиги ҳамда Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши томонидан назорат қилиб бориш имконияти яратилади.

 

ЎзА мухбири
Норгул АБДУРАИМОВА суҳбатлашди.

 

*Материал жузъий таҳрирлар билан чоп этилмоқда.

Прочитано: 2749 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика