Азалдан кўчат экиш, боғ яратиш хайрли ва савоб амаллардан саналади. Жиззахлик Шарофат Нориевани кўпчилик танийди. У иссиқхоналарда етиштираётган манзарали, игнабаргли ва мевали дарахт кўчатлари, бир йиллик ёхуд тувакли гул кўчатлари бино ва кўчалар атрофини безаб, одамларга эстетик завқ улашаётир. Жиззах вилоятини кўкаламзорлаштириш, гулзорга айланишида Шарофат опанинг муносиб ҳиссаси бор. Бир вақтлар эътибор берилмагандан чўлга айланган боғ-роғлар ҳозирда гулзорларга айланмоқда. Бу Шарофат опа сингари боғбонларнинг шарофатидан.
– Меҳр бериб парвариш қилсанг, тошдан ҳам гул унади, – дейди Шарофат Нориева. – Гуллар ҳам худди инсонлардек эътиборга муҳтож. Яхши парвариш қилсангиз, сизга бир олам завқ улашади.
Шарофат Нориева айни пайтда «Холмўминов Зоҳид» фермер хўжалигида раҳбарлик қилмоқда. Фермер хўжалигининг 27 гектарини боғ ташкил қилади. Унинг айтишича, иссиқхонанинг ярим гектаридан ортиқ жойига 25 турдаги манзарали гул уруғлари экилиб, парвариш қилинмоқда. Иссиқхонада экилган турли хил анвойи гуллар баҳри дилингизни очади. Бир зумда ташвишларингизни унутасиз. Бу худди ижодга ўхшайди. Ана шундай гўзалликни яратган инсонларга раҳматлар айтгингиз келади.
У бошқараётган фермер хўжалиги аъзолари йилига 30 минг тупдан зиёд арча, каштан, дуб, лимон кўчатларини етиштирмоқдалар. Мазкур фермер хўжалиги 2010 йилда «Асака» банки филиалидан 60 млн сўмлик кредит олиб, иссиқхоналарни қуриш ва ерларни кенгайтириш борасида бир қанча ишларни амалга оширдилар. Натижада 40 нафар киши доимий иш билан таъминланди. Ҳозирда Жиззах шаҳрида 1 млрд 200 млн сўмга япон боғини яратиш бўйича шартнома имзоланиши режалаштирилмоқда.
Шарофат Нориева фаолияти давомида чорвачилик, паррандачилик, йилқичиликни йўлга қўйишни ният қилган ва бу йўналишда ҳам фаолиятни бошлаб юборган.
Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлганларга яратиб берилаётган қулайликлар, солиқ имтиёзларининг берилиши Шарофат Нориева сингари тадбиркорлар фаолиятида ўзининг ижобий самарасини кўрсатмоқда. Опа ҳозирги пайтда 200 минг тупдан ортиқ наъматак экиб, ҳосилини кутмоқда – уларни экспортга чиқармоқчи. Бундан ташқари, банкдан кредит олиб, трактор, сув ташийдиган машина сотиб олиш, даромадлари ҳисобидан яна бир қанча хизмат кўрсатиш шохобчаларини очиш, ёшларни иш билан таъминлаш ҳам эзгу мақсадларидан биридир.
Гулчеҳра УРДУШЕВА,
Жиззах вилоят
ДСБ матбуот котиби.