Мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган улкан ислоҳотларнинг бош мақсади энг олий қадрият ҳисобланган инсон ҳамда унинг демократик ҳуқуқ ва эркинликларини тўла рўёбга чиқаришга қаратилган.
Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчилик ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий вазифаси бу, албатта, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари амалда тўлақонли муҳофаза этилишини таъминлашдир. Ўз ўрнида, асоссиз жиноий таъқиб ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқлари муҳофаза этилишини таъминлаш алоҳида аҳамиятга эга бўлган масалалардан ҳисобланади.
Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар натижасида жиноий жазолар либераллаштирилди, жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимоясини таъминлаш даражаси кўтарилди, «Хабеас корпус» институтига оид нормалар такомиллаштирилиб, жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, ўлим жазосининг бекор қилингани, қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқининг судларга ўтказилгани, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил жазо турларини қўллаш имкониятлари кенгайтирилгани шулар жумласидандир.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 4 сентябрдаги «Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ-373-сон Қонуни билан жиноят-процессуал қонунчилигида белгиланган процессуал мажбурлов чоралари тизимига янги – уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасининг киритилиши ҳам ушбу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.
Мазкур Қонун билан Жиноят-процессуал кодексига янги «Уй қамоғи» деб номланган 2421-модда киритилди. Унга кўра, уй қамоғи гумон қилинувчига, айбланувчига ёки судланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш учун асослар мавжуд бўлганида унинг ёши, соғлиғи, оилавий аҳволи ва бошқа ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда қамоққа олиш мақсадга номувофиқ деб топилган тақдирда қўлланилади.
Қонунда уй қамоғи гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг жамиятдан тўлиқ ёхуд қисман ажратиб қўйилиб, ўзи мулкдор, ижарага олувчи сифатида ёки бошқа қонуний асосларда яшаб турган турар жойда тақиқлар (чекловлар) юклатилган, шунингдек унинг устидан назорат амалга оширилган ҳолда қўлланилиши белгилаб қўйилган.
Гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг соғлиғини ҳисобга олган ҳолда уй қамоғида сақлаш жойи этиб тиббий муассаса ҳам белгиланиши мумкин.
Ўзига нисбатан уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси танланган шахсга муайян шахслар билан алоқада бўлиш, хат-хабар олиш ва жўнатиш, ҳар қандай алоқа воситаларидан фойдаланиш ва улар ёрдамида сўзлашувлар олиб бориш, уй-жойни тарк этиш тақиқлари (чекловлари) қўлланилади.
Уй қамоғи тарзида эҳтиёт чораси танланган шахсга мазкур тақиқларнинг барчаси ёки айримлари ўрнатилиши, шунингдек, қамоққа олинганнинг яшаш жойи қўриқланиши мумкин. Зарур ҳолларда унинг хулқ-атвори устидан назорат ўрнатилади.
Уй қамоғи эҳтиёт чорасини ижро этиш гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг яшаш жойидаги ички ишлар органи зиммасига юклатилади. Бу чора устидан назоратни амалга ошираётган ички ишлар органи уй қамоғи тарзида эҳтиёт чораси танланган шахснинг яшаш жойида бўлишини сутканинг исталган вақтида текширишга ҳақли. Текшириш кундузги вақтда кўпи билан бир марта ва тунги вақтда кўпи билан бир марта ўтказилади. Зарур ҳолларда, уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахсга нисбатан электрон кузатиш воситалари қўлланилиши мумкин.
Агар тиббий кўрсатувларга кўра гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи соғлиқни сақлаш муассасасига олиб келинган ва ётқизилган бўлса, суд ўрнатган тақиқларнинг (чекловларнинг) амал қилиши гумон қилинувчига, айбланувчига ёки судланувчига нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш масаласи суд томонидан ҳал этилгунига қадар давом этади. Тегишли соғлиқни сақлаш муассасасининг ҳудуди уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини ижро этиш жойи ҳисобланади.
Уй қамоғи тарзида эҳтиёт чораси танланган шахслар суриштирув, дастлабки тергов органларига, шунингдек судга назорат қилувчи органнинг транспорт воситасида олиб борилади.
Уй қамоғида жамиятдан тўлиқ ажратиб қўйилган шароитда бўлган гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг ҳимоячи, қонуний вакил билан учрашувлари ушбу эҳтиёт чораси ижро этилаётган жойда ўтказилади.
Ўрнатилган тақиқлар (чекловлар) уй қамоғида бўлган гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи томонидан бузилган тақдирда унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, Жиноят-процессуал кодексининг 237-моддасида белгиланган эҳтиёт чоралари тизимига уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасининг киритилиши инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг узвий давоми бўлиб, у жиноят содир этган шахсларнинг ижтимоий мослашувига қулай шароитлар яратиш билан бир қаторда, ножўя қилмиш содир этган шахсга ўз оиласи бағрида бўлиб, тегишли хулоса чиқариб олишига замин яратади.
Илҳом АЧИЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Бош прокуратурасининг
бошқарма бошлиғи.