Norma.uz
Норма маслахатчи / 2015 йил / № 6 / Биз яшайдиган уй

Қилинган иш ҳақида ҳисобот беринг

ХУМШ бошқаруви ширкатнинг якунланган йилдаги фаолияти натижалари юзасидан ҳисобот беришга тайёрланади. Ҳисоботни тайёрлаётганда нималарга эътибор бериш зарур? 

 

– Ўтган йилги даромадлар ва харажатлар сметаси ижроси тўғрисидаги ҳисоботда қайси асосий жиҳатлар акс эттирилмоғи лозим?

– ХУМШ умумий мол-мулк, ширкатнинг ер участкаси ва мол-мулки белгиланган қоидалар, нормалар ҳамда стандартларга мувофиқ асралиши ва сақланишини таъминлаши шарт (Қонуннинг 16-моддаси). Шу сабабли ширкат бошқаруви ҳисоботда ХУМШ фаолиятининг барча йўналишларидаги натижаларни акс эттирмоғи керак. Ширкат аъзоларини энг аввало бир йил муқаддам белгилаб олинган режалар бажарилган-бажарилмаганлиги, бажарилган бўлса, тўлиқ ҳажмда адо этилган-этилмаганлиги қизиқтиради. Бордию, режадаги ишларнинг қайси бири бажарилмаган бўлса, уй аҳлига сабабини тушунтириб бериш зарур. Бошқарув ҳисоботи очиқ-ошкора, турар жой мулкдорларига тушунарли бўлиши даркор. Бу ҳол йиғилишда хайрихоҳлик муҳитини юзага келтиради, кўп йиғилишларда содир бўладиган ўзаро таънабозликлардан ҳоли этади.

 

– Жой мулкдорлари бадал киритишни, режалаштирилган ишларга ҳақ тўлашни хоҳламасликлари сабабли, кўпинча ХУМШ режалари бажарилмай қолиб кетади. Бошқача қилиб айтганда, ширкатлар янги молия йилини кўпинча қарздорликдан қутулмаган ҳолда бошлайдилар. Ҳисоботда буни қандай акс эттирса бўлади?

– ХУМШнинг ўтган йилги фаолияти тўғрисида ҳисобот берилаётганда режалаштирилган ишларга ва уларнинг ҳақиқий ижросига оид маълумотлар қиёсланиши зарур. Бу ишларнинг маълум қисми бажарилмаган бўлса, сабабини таҳлил этиш, сметанинг шу кўрсаткичи бажарилмаганлиги боисини ойдинлаштириб бериш керак. Бордию, даромадлар режалаштирилган харажатлардан камроқ бўлган бўлса ва сабаби бинокорлик материаллари, кўрсатилаётган хизматлар нархи ошиб кетганлигида, ХУМШ раҳбариятининг уқувсизлигида, кутилмаган авария ҳолатлари юз берганлигида бўлса ва шуларнинг оқибатида сметада белгиланган доирадан четга чиқилган бўлса, рўй-рост айтиш керак. Даромадлар ва харажатлар мувозийлиги бузилиши кўпинча турар жой мулкдорларининг тўловга қобилиятсизлиги оқибатида юз беради. Ёки ширкат бошқаруви зарурат бўлганда, мажбурий бадал миқдорини ошириш жоизлигига одамларни ишонтира олмаган бўлиб чиқади. Мабодо, маблағлар етарли миқдорда олинмаганлигига асосий сабабчи, одамларнинг ўзи бўлса, ҳисоботда бунга муфассалроқ тўхталиб ўтиш ва тегишли баҳо бериб ўтиш керак. ХУМШ аъзолари ўз қўшниларининг молиялаштиришга рағбати бўлмаганлиги сабабли қайси ишлар барбод бўлганлигини билиб қўйишлари лозим. Бунда номма-ном кўрсатиш, қарз суммасини айтиш, шунингдек қарздорликни камайтириш юзасидан, йиғимлар тўлиқ бўлиши учун ширкат бошқаруви қандай чоралар кўрганлиги хусусида ахборот бериб ўтиш мумкин. Одатда, кўпчилик олдида айтилган ахборот қарздорларга ижобий таъсир этади ва улар қарздан тезроқ қутулиш ҳаракатига тушиб қоладилар. Бундан ташқари, виждонсизлик даражасида иш тутаётган қўшниларга уй аҳлининг ўзи ҳам таъсир ўтказиши мумкин.

 

– Ижрочиларнинг билимсизлиги, уқувсизлиги оқибатида режалаштириб қўйилган ишлар бажарилмай қолган бўлса, ҳисоботда кўпроқ нималарга урғу бериш керак?

– Ҳисоботда режалаштириб қўйилган ишларнинг ижроси усулини, албатта, кўрсатиш зарур. Хусусан, ишлар штатдаги ходимлар кучи билан, бир галги шартнома асосида жалб қилинган ходимлар ёрдамида, пудратчилар ёки хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан бажарилганлиги ўз тажассумини топиши керак. Иш барбод бўлганлиги сабабларини таҳлил этаётганда эса ХУМШ аъзоларига ишларни бундай йўсинда бажариш самарасизлиги яққол аён бўлмоғи керак. Эҳтимол, бу нарса уйнинг умумий мол-мулки бошқарувини профессионал компания ихтиёрига бериш ҳақида қарор қабул қилиш имконини берар. Қонуннинг 19-моддасига биноан ширкат аъзолари умумий йиғилишда умумий мол-мулкни ва ширкат мол-мулкини бошқариш, уларга хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш усулини тасдиқлайдилар.

 

– Штатдаги ва жалб этилган ходимларга иш ҳақи тўлаш билан боғлиқ харажатларга оид маълумотларни ҳам ҳисоботда кўрсатиш керакми?

– Албатта кўрсатиш керак. ХУМШ аъзолари умумий йиғилиш қарори билан ширкат бошқаруви раисига, аъзоларига ва тафтиш комиссияси аъзоларига тўланадиган ҳақ миқдорини белгилашлари мумкин (Қонуннинг 19-моддаси). Улар ширкат ходимларининг, шу жумладан, бошқарувчининг (ижрочи директорнинг) иш ҳақи миқдорини ва уларни тақдирлаш тўғрисидаги низомни тасдиқлашлари лозим. Таассуфки, кўпинча улар бундай қилмайдилар, натижада тарафлар ўртасида ихтилоф ва келишмовчиликлар келиб чиқади. Масалан, ўз ширкати ишидан кўнгли тўлмаган квартира мулкдорлари ширкат ходимлари ўзларига катта маош белгилаб олганлар, натижада биз тўлаган бадаллар шунга харжланмоқда, муҳим, долзарб ишларни бажаришга эса, пул етишмай қоляпти деб ранжиб юрадилар. Баъзан бундай гапларда жон бордай туюлади. Бир уйдан ташкил топган ширкатлар «натура хўжалиги» барпо этадилар – уларда бошқарув раҳбарияти ва штатли ходимлар иш ҳақига жой мулкдорлари бадалларининг тақрибан 45–50 фоизи кетади. Мабодо, бадалларнинг 30 фоизи келгусида бўладиган капитал таъмирлаш ишлари ҳисобига, 5 фоизи идора ашёларига, 10 фоизи майда ускуналарига ўтказиладиган бўлса, уйга хизмат кўрсатиш учун деярли ҳеч нарса қолмайди. Бадалнинг 5–10 фоизини ташкил этадиган пулларга нима ҳам қилиб бўларди, дейсиз? Ҳисоботда иш ҳақи харажатлари айтилгач, ХУМШ ­аъзоларининг кўнглига қўл солиб, умумий мол-мулк бошқарувини профессионал ташкилотга бериш фикрини ўртага ташлаш, бундай ташкилот мутахассислари ширкат харажатларини қанчалар арзонга туширишини қиёслаб бериш лозим. Бордию, ХУМШ яхши ишлаётган ва уй аҳли ширкат бошқаруви фаолиятидан мамнун бўлса, ХУМШ аъзолари бошқарув аъзоларини, ижрочи директорни рағбатлантириш ҳақида қарор қабул қилишлари мумкин. Ширкат бир неча уйдан ташкил топган бўлса, ХУМШ бошқаруви дастлаб ҳар бир уй бўйича ўтган йил мобайнида қилинган ишлар юзасидан ҳисобот бермоғи керак.

Прочитано: 2492 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика