Norma.uz
Норма маслахатчи / 2015 йил / № 6 / Юридик маслаҳатлар

МЧЖ мулкини сотишда миқдор аҳамиятга эга

Бизда МЧЖ қўшма корхонамиз жисмоний шахсга ўзининг асосий воситаси – енгил автомобилни ўтказиши (сотиши) билан боғлиқ саволлар пайдо бўлди.

Тошкент шаҳрининг бир қатор давлат нотариал идораларида корхона вакилига нотариуслар мазкур битимни тасдиқлаш чоғида ҳужжатлар пакетини, шу жумладан МЧЖ иштирокчилари умумий йиғилишининг баённомаси ва унинг директорининг автомобилни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги буйруғи нусхаларини тақдим этиш зарурлигини айтишди.

Корхона автомобилни бошқа шахсга ўтказиш шартномасини тасдиқлаётган нотариусга МЧЖ иштирокчилари умумий йиғилишининг баённомаси қарори ва унинг раҳбарининг мазкур битимни амалга оширишга доир буйруғи нусхаларини (бошқа ҳужжатлар билан бир қаторда) тақдим этиши шартми?

Мазкур битимни бунга умумий йиғилишнинг розилигисиз ва, тегишинча, унинг баённомасини нотариусга тақдим этмасдан амалга ошириш мумкинми?

А.А.Исоқов,

МЧЖ ҚК бош директорининг ўринбосари. 

 

– Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида йўриқноманинг (адлия вазирининг АВ томонидан 30.03.2010 йилда 2090-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган, бундан кейин – Йўриқнома) 117-бандидан келиб чиқишича, автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимларни тасдиқлашда тарафлар ёки тарафлардан бири юридик шахс бўлган ҳолларда бошқа ҳужжатлар билан бир қаторда юридик шахс ваколатли органининг бундай воситаларни бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги ҳужжати (қарор, умумий мажлис баённомаси, кузатув кенгашининг қарори, буйруқ ва ҳоказо) талаб қилинади.

Кўриниб турибдики, Йўриқномада ишлатилган «ҳужжат» сўзи бирликда кўрсатилган, демак, юқорида санаб ўтилган қарорларнинг фақат биттасигина бундай битимни тасдиқлайдиган нотариусга тақдим этилиши керак.

Энди корхонангизнинг айни қандай қарорини – унинг иштирокчилари умумий йиғилишининг баённомаси ёки бор бўлган тақдирда кузатув кенгашининг қарори ёхуд бош директорнинг буйруғини расмийлаштириш ва нотариусга тақдим этиш зарурлигини белгилаб олайлик.

«Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон, бундан кейин – Қонун) 43-моддаси биринчи қисмига кўра тузилишидан:

жамият кузатув кенгашининг аъзоси;

жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи вазифасини амалга оширувчи шахс (яъни директор)нинг;

жамиятнинг коллегиал ижро этувчи органи (масалан, бошқарув, дирек­ция)нинг аъзоси;

ўз аффилланган шахслари билан биргаликда жамият иштирокчилари умумий овозлари сонининг 20 ва ундан ортиқ фоизига эга бўлган МЧЖ иштирокчисининг манфаатдорлиги бўлган битимларни тузишда МЧЖ иштирокчилари умумий йиғилишининг қарори талаб этилади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган шахслар, уларнинг эрлари (хотинлари), ота-оналари, болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ва (ёки) уларнинг аффилланган шахслари қуйидаги ҳолларда жамият томонидан битим тузилишидан манфаатдор шахслар деб эътироф этилади:

битим тарафлари ҳисоблансалар ёки МЧЖ билан муносабатларда учинчи шахсларнинг манфаатларини ифодаласалар;

битим тарафи ҳисобланувчи ёки МЧЖ билан муносабатларда учинчи шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи юридик шахс акцияларининг (пайлари, улушларининг) 20 ва ундан ортиқ фоизига эга бўлсалар (ҳар бири алоҳида-алоҳида ёки жамланган ҳолда);

битим тарафи ҳисобланувчи ёки МЧЖ билан муносабатларда учинчи шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи юридик шахснинг бошқарув органларида лавозим эгаллаб турган бўлсалар.

Қонун 43-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар жамиятнинг уставида белгиланган бошқа ҳолларда ҳам МЧЖнинг битим тузишидан манфаатдор шахслар деб эътироф этилади (Қонун 43-моддасининг учинчи қисми).

МЧЖда кузатув кенгаши тузилган тақдирда, тузилишидан манфаатдорлик бўлган битимларни тузиш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш устав билан унинг ваколатлари жумласига киритилиши мумкин. Битим ёки битимнинг предмети бўлган мол-мулкнинг қиймати бўйича ҳақ тўлаш суммаси МЧЖнинг охирги ҳисобот давридаги бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланган мол-мулки қийматининг 5%идан ортиқ бўлган ҳоллар бундан мустасно (Қонун 43-моддасининг тўққизинчи қисми).

Шунингдек Қонун 44-моддасининг қоидаларини назарда тутиш керак. Унга мувофиқ МЧЖ мол-мулки қийматининг 25%идан ортиқ қийматга эга бўлган мол-мулкни жамиятнинг олиши, тасарруфидан чиқариши ёки жамият бевосита ёхуд билвосита мол-мулкни тасарруфидан чиқариши эҳтимоли билан боғлиқ бўлган битим ёки ўзаро боғлиқ бир неча битим йирик битим деб ҳисобланади. Бироқ моддада шундай таъкид мавжуд: МЧЖ уставида йирик битимнинг янада юқори миқдори назарда тутилиши мумкин.

МЧЖ бутун мол-мулкининг қиймати бундай битимларни тузиш тўғрисида қарор қабул қилинадиган кундан олдинги охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланади. МЧЖ бошқа шахсга ўтказадиган мол-мулкнинг қиймати эса унинг бухгалтерия ҳисоби маълумотлари бўйича, у оладиган мол-мулкнинг қиймати эса таклиф баҳосига асосан белгиланади.

Йирик битимни тузиш тўғрисидаги қарор МЧЖ иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади. Бироқ йирик битимларни тузиш тўғрисидаги қарорларни қабул қилишни, агар мол-мулкнинг – битимлар предметининг қиймати МЧЖ мол-мулки қийматининг 25%дан 50%гачасини ташкил этса, унинг устави билан ташкил этилган кузатув кенгашининг ваколатларига киритиш мумкин.

Шу тариқа, фақат сизнинг МЧЖ режалаштираётган автомобилни бошқа шахсга ўтказишдан Қонун 43-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг бирортаси манфаатдор бўлган ёки у йирик битим деб ҳисобланган тақдирдагина бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги бундай қарорни МЧЖ ёки кузатув кенгаши (у мавжуд бўлганда) иштирокчиларининг умумий йиғилиши, Қонун 43-моддасининг тўққизинчи қисми ёки 44-моддасининг тўртинчи қисмида келтирилган таъкидларни ҳисобга олган ҳолда, қабул қилиши керак.

Агар автомобилни бошқа шахсга ўтказишдан манфаатдорлик бўлмаса ва у йирик битимлар тоифасига кирмаса, сизнинг МЧЖ иштирокчиларининг умумий йиғилиши баённома қарори ёки унинг кузатув кенгашининг қарори, табиийки, талаб қилинмайди. Мазкур ҳолда автомобилни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисида бош директор буйруғини расмийлаштириш ва уни нотариусга тақдим этиш кифоядир.

 

Камол Музаффаров,

эксперт-юристимиз. 

Прочитано: 3832 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика