Корхонамиз сувни қуёш нурлари воситасида иситиш тизимларини ишлаб чиқариш бўйича линияни йўлга қўйишни режалаштиряпти, улар қуёш нурларидан таъминот олиб совуқ сувни иситади. Ушбу тизимлар бир нечта деталлардан иборат бўлади: коллектор, иссиқлик алмаштиргич, сув учун идишлар (бойлерлар), насос, маҳкамлагичлар, вентиллар, клапанлар, фитинглар ва ҳоказо. Маҳсулотнинг бир комплектини (яъни «қуёшли иссиқ сув таъминоти тизимини») олиш учун бир объектга юқорида кўрсатилган 8–9 деталга ишлов бериш (йиғиш, ўрнатиш, маҳкамлаш, елимлаш) талаб қилинади. Бунда ҳар бир объект учун смета алоҳида-алоҳида тузилади, чунки истеъмол ҳажми, жойлашган жой, масофа бир-биридан фарқ қилади. Тегишинча, ҳар бир комплект учун турлича харажатлар қилинади. Қуёшли иссиқ сув таъминоти тизимини йиғиш учун талаб қилинадиган деталларнинг асосий қисми Европадан импорт қилинадиган товарлардир. Яъни корхона иссиқ сув таъминотининг тўлақонли тизимини яратиш учун керакли ҳажмда ва истеъмолчилар учун зарур миқдорда деталларни йиғади. Маҳсулотни йиғиш учун янги иш ўринлари, ишлаб чиқариш жойи ва барча зарурий шарт-шароитлар яратилади.
Корхонанинг сув иситишнинг қуёшли тизимларини ишлаб чиқариш бўйича фаолияти ишлаб чиқариш ҳисобланадими ва ушбу корхона ишлаб чиқариш соҳалари учун назарда тутилган имтиёздан фойдаланиши мумкинми?
М.Пўлатов,
МЧЖ директори.
– Эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилишда имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш мақсадида ўзи ишлаб чиқарган товарларни (ишларни, хизматларни) аниқлаш қоидаларига (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 16.02.2011 йилда 2195-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) кўра ўзи ишлаб чиқарган товар деганда, корхона ўзи томонидан ишлаб чиқариш технологик жараёнини ҳисобга олган ҳолда, ўзига тегишли бўлган ёки жалб этилган ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиб ишлаб чиқарилган ёки қайта ишланган маҳсулот тушунилади. Сиз тавсифлаган сув иситиш тизимлари юқорида кўрсатилган таърифга тўлиқ мувофиқ келади, шундай экан, ушбу тизимларни ишлаб чиқариш бўйича фаолият ҳам ишлаб чиқариш фаолияти бўлиб ҳисобланади. Мазкур Қоидалар фақат маҳсулотни экспорт қилишда ўзи ишлаб чиқарган товар деб ҳисобланиши белгилангандагина фойдаланилишига қарамай, мезоннинг ўзи етарлича универсалдир ва ундан маҳсулот экспортга йўналтирилмаганда фойдаланиш мумкин.
Агар сиз ўз маҳсулотингизни экспортга сотишни режалаштираётган бўлсангиз, экспортнинг улуши сотишнинг умумий ҳажмида 15 фоиздан 30 фоизгача етганда фойда солиғи, мол-мулк солиғи ва ягона солиқ тўловининг белгиланган ставкалари 30%га, экспорт улуши 30% ва ундан юқори бўлганда юқорида кўрсатилган солиқларнинг ставкалари 50%га пасаяди (Президентнинг 25.12.2013 йилдаги ПҚ-2099-сон қарорига 7, 9-1, 17-иловалар).
Бундан ташқари, сиз Президентнинг «Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига (1.03.2013 йилдаги ПФ-4512-сон) эътибор беришингиз керак. Ушбу Фармоннинг 6-бандида Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигига қуёш энергиясини ишлаб чиқарувчилар ва фойдаланувчиларни рағбатлантириш, уларга солиқ ва божхона имтиёзлари ва афзалликларини бериш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш топширилди. Шунингдек Фармонда Иқтисодиёт вазирлиги, Фанлар академияси, «Ўзбекэнерго» ДАК манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда «Муқобил энергия манбалари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топшириғи берилди.
Олеся ПАК,
«Faba-Expert» МЧЖ.