Компания 18.08.2011 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий муассаса (ДМ) орқали фаолият юритади. Умумбелгиланган солиқлар тўловчиси. Доимий муассаса «Ўзбекистон темир йўллари» ДАТК билан тезюрар поездларга техник хизмат кўрсатиш контрактини тузиш натижасида вужудга келган. Техник хизмат кўрсатишни амалга ошириш учун доимий муассаса манзилига турли ўлчов асбоблари ва мосламалари олиб келинади, улар ИМ–31 «Вақтинча олиб кириш» божхона режимида расмийлаштирилади. Мазкур асбоб ва мосламалар кўпчилик ҳолларда уларни асосий воситаларга киритиш мезонига мувофиқ келади. Масалан, 26.09.2013 йилда дефектоскоп олиб келинган. Вақтинча олиб кириш муддати – 31.10.2013 йилгача. Инвойс бўйича қиймати – 9 257,5 евро, божхона тўловлари – 8 479 448 сўм, уни ДМ вақтинча олиб киришнинг бутун даври мобайнида ҳар ойда даврий тўловлар билан тўлади. Дефектоскоп 14.10.2013 йилда олиб чиқиб кетилди.
1. ДМ «Вақтинча олиб кириш» божхона режимида турган асбоблар ва мосламаларни асосий воситалар таркибига киритиши ва эскиришни ҳисоблаб ёзиши керакми? Агар керак бўлса, эскиришни қайси суммадан ҳисоблаш лозим: инвойс бўйича қийматданми ёки божхона тўловларини ҳисобга олган ҳолда инвойс бўйича қийматданми?
2. Мол-мулк солиғи ҳисобланаётганда ДМ мазкур асбоблар ва мосламаларни солиқ солинадиган базага киритиши керакми? Мазкур асбоблар учун дастлабки қиймат қандай бўлади: инвойс бўйича қийматми ёки божхона тўловларини ҳисобга олган ҳолда инвойс бўйича қийматми?
Е.Хан,
ДМ молия бўлими ходими.
– Тезюрар поездларга техник хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган асбоблар ва мосламаларни доимий муассаса манзилига вақтинча олиб кириш шартлари товарни етказиб бериш ёки топшириш контракти (шартномаси, битими)да қайд этилиши керак.
Божхона расмийлаштируви чоғида БЮДда кўрсатилганидек қайтариладиган, вақтинча олиб кириш режимида жойлаштириладиган асбоблар ва мосламалар (Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш тартиб-таомили классификатори1 бўйича 31-код) корхонангизга мулк ҳуқуқида тегишли эмас.
Уларни 001-«Оператив ижарага олинган асосий воситалар» балансдан ташқари ҳисобварағида тарафлар шартномада кўрсатган баҳода ҳисобга олиш ва бухгалтерияда қуйидаги бухгалтерия ёзувлари билан акс эттириш керак:
асбоблар ва мосламалар олинганда – 001-«Оператив ижарага олинган асосий воситалар» балансдан ташқари ҳисобварағида дебет бўйича;
олинган асбоблар ва мосламалар қайтарилганда – 001-«Оператив ижарага олинган асосий воситалар» балансдан ташқари ҳисобварағида кредит бўйича.
Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга ошираётган Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари учун солиқ солиш объекти бўлиб Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ доимий муассаса фаолияти билан боғлиқ қайси асосий воситалар бўйича ҳисоб юритаётган бўлса, ўша асосий воситалар ҳисобланади (Солиқ кодексининг 266-моддаси).
5-сон БҲМС «Асосий воситалар»нинг2 8-бандига кўра, асосий воситалар узоқ муддатли ижара (лизинг) шартномаси бўйича олиш натижасида корхона балансига киритилади.
Сиз тақдим этган маълумотлардан келиб чиқилса, асбоблар ва мосламалар тезюрар поездларга хизмат кўрсатишни амалга ошириш учун вақтинча фойдаланишга олинган ва 19 кун ичида, яъни 12 ойдан ошмайдиган муддат ичида қайтариб берилган.
Юқорида баён этилганлар муносабати билан ушбу асбоблар ва мосламалар корхона балансида ҳисобга олинмаслиги керак ва мол-мулк солиғи солиш объекти ҳисобланмайди.
1Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисида йўриқноманинг (ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 3.11.1999 йилда 834-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 2-иловаси.
2Молия вазирининг АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
Наталья ЗУЕВА,
экспертимиз.