Norma.uz
СБХ / 2014 йил / № 38 / Бевосита мулоқот

Савдо мавжуд эдими?

Фирмамиз 1996 йилдан бошлаб хизматлар кўрсатиш соҳасида ишлайди. Фаолиятимиз тури – автотранспорт воситаларини таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш (ХХТУТ бўйича коди – 14933). Биз барча русумдаги автомобилларга нақд пул эвазига ва нақд пулсиз ҳисоб-китоб асосида таъмирлаш ҳамда мой алмаштириш хизматларини кўрсатамиз. Хизмат кўрсатишимиз учун эҳтиёт қисмлар ва мотор мойини пул ўтказиш йўли билан харид қиламиз. ДСИ ходимлари эҳтиёт қисмлар ва мотор мойи харид қилишимиз боис чакана савдо билан шуғулланасиз дейишяпти, тегишинча, чакана савдо корхоналари учун белгиланган ЯСТ тўлашимиз керак экан.

Барча русумдаги автомобиллар учун таъмирлаш ва мой алмаштириш хизматлари қандай фаолият турига киритилади, агар савдо шохобчаларига эга бўлмасак, бироқ юриш қисмини таъмирлаш цехи, двигателларни таъмирлаш цехи, мой алмаштириш цехига эга бўлсак, қандай ставкада ЯСТ тўлашимиз керак?

 

– ДСИ ходимлари Ўзбекистон Республикаси иқтисодий фаолият турларининг умумдавлат таснифномасига (ИФТУТ, 2-таҳрир) таянган ҳолда шундай фикр билдирмоқдалар. Сизнинг ХХТУТ бўйича кодингиз – 14933, ИФТУТ таснифномасига (2-таҳрир) кўра, «Улгуржи ва чакана савдо; моторли транспорт воситалари ва мотоциклларни таъмирлаш» деб номланган G секциясига киради. Фаолият турингиз G секцияси 45-бўлими 45.2-гуруҳининг 45.20-даражасига тегишли.

ИФТУТ гуруҳларига тушунтиришларда (2-таҳрир) 45-бўлим бўйича қуйидаги ахборот мавжуд:

 

45.2

 

Моторли транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш

 

45.20

 

Моторли транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш

 

 

 

Тушунтиришларда айтилишича, ушбу даражага моторли транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш: механик таъмирлаш ишлари; электротехник таъмирлаш ишлари; ёқилғини электрон юбориш тизимларини таъмирлаш; мунтазам кўздан кечириш ва жорий таъмирлаш; кузовни таъмирлаш; транспорт воситалари учун эҳтиёт қисмларни таъмирлаш; ювиш, сайқаллаш ва ҳоказо; пуркаш, бўяш ва таъмирлашнинг бошқа турлари киради.

45.20-даражага қуйидаги ёрдамчи даражалар киради:

 

45.20.1

 

Енгил автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш

 

45.20.2

 

Бошқа автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш

 

45.20.3

 

Автомобилларни ювиш, сайқаллаш ва шунга ўхшаш фаолият

 

45.20.9

 

Бошқа тоифаларга киритилмаган моторли транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш турлари

 

 

 

Мазкур гуруҳ автомобиллар учун барча турдаги эҳтиёт қисмлар, компонентлар, асбоблар ҳамда резина шиналар ва ички камералар сингари анжомлар; ўтиш олдириш свечалари, аккумуляторлар, ёритиш жиҳозлари ва электр эҳтиёт қисмларининг улгуржи ва чакана сотилишини ўз ичига олади.

Сизнинг ҳолатда ҳужжатлар айланишини тўғри расмийлаштириш лозим. Масалан, автомобилларга техник хизмат кўрсатаётганда нуқсонлар далолатномасини тайёрлаш зарур, унда қилиниши лозим бўлган барча таъмирлаш ишлари акс эттирилиши керак. Таъмирлаш ишлари бажарилганидан кейин бажарилган ишлар далолатномаси тайёрланади, унда барча турдаги қилинган ишлар ва ушбу ишларга сарфланган эҳтиёт қисмлар (мой) миқдори акс эттирилади. Сарфланган эҳтиёт қисмлар миқдори транспорт воситасининг техник тавсифларига мувофиқ келиши лозимлиги ўзингизга аён бўлса керак. 4 та тормоз колодкаси бўлган автомобилга ана шундай 5 та колодка қўйиб бўлмайди. Агар бажарилган ишлар далолатномасида эҳтиёт қисмлар миқдори таъмирлаш учун техник тавсифлар бўйича зарур бўлганидан кўп бўлса, солиқ хизмати мутахассислари буни савдо фаолияти сифатида баҳолайдилар. Солиқ кодексининг (СК) 22-моддаси билан белгиланган тушунчаларга кўра, савдо фаолияти – қайта сотиш мақсадида олинган товарларни сотишга доир фаолият.

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқилса, агар хизматлар кўрсатиш бўйича ҳужжатлар айланиши тўғри расмийлаштирилган бўлса, сиз Президентнинг 25.12.2013 йилдаги ПҚ-2099-сон Қарорига 9-1-иловага кўра ЯСТни 6%лик ставкада тўлашингиз керак.

Агар транспорт воситаларини таъмирлаш хизматларига қўшимча равишда таъмирлашдан ортиб қолган эҳтиёт қисмлар ва мойни мижозларга сотсангиз, ушбу реализация чакана савдо ҳисобланади. Ушбу фаолият турини Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 26.11.2002 йилдаги 407-сон Қарори билан тасдиқланган) ва Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларига (ВМнинг 13.02.2003 йилдаги 75-сон Қарорига 1-илова) мувофиқ расмийлаштириш лозим. Сўнгра СКнинг 353-моддасига асосан хизматлар ва чакана савдонинг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритишингиз ва Президентнинг 25.12.2013 йилдаги ПҚ-2099-сон қарорига 9-2-иловага кўра чакана савдо бўйича 4%лик ставкада ЯСТ тўлашингиз шарт.

Агар корхонангиз хизматларга тўловни пластик карталардан қабул қилса, сиз пластик карталардан тўланган хизматлар ҳажми бўйича ставкани 5%га пасайтириш имтиёзини қўллашга ҳақлисиз.

 

Алла МОСКАЛЕНКО,

«PKF MAK Alyans» АК аудитори,
солиқ маслаҳатчиси.

Прочитано: 3751 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика