«Тошкент-Аэро» ИБК ходимлари нақд хорижий валюталарнинг ҳаво йўллари орқали ноқонуний олиб ўтилишига оид бир нечта божхона қоидабузарликларини фош этишди.
Жумладан, Москвага отланган россиялик О.А.нинг қўл сумкаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, ушбу аёл салфеткага ўралган 2 030 АҚШ доллари ва 10 минг Россия рублини яширинча олиб чиқишга урингани маълум бўлди.
«Тошкент–Санкт-Петербург» рейси йўловчиларидан бири, наманганлик К.К.га ҳам божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилиб, 3 070 АҚШ долларини беркитиб олиб ўтиш насиб этмади.
Пойтахтлик У.З.нинг «Тошкент–Пекин» парвози олдидан безовталаниши божхоначиларнинг диққатини жалб этди. Шундан сўнг унга тегишли қўл сумкаси янада синчковлик билан кўздан кечирилганда, шубҳалар ўз тасдиғини топди: бу аёлнинг божхона назоратидан яширинча 8 300 АҚШ долларини бамайлихотир олиб чиқиб кета оламан деган режаси пучга чиқди.
Божхона баённомасида ва божхоначиларнинг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, йирик миқдордаги нақд хорижий валюталарни олиб ўтишга уринганлардан яна бири тошкентлик М.К.дир. Миланга парвози олдидан холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилган бу аёлнинг ички кийимлари орасидан 520 евро ва 10 минг АҚШ доллари топилди.
Қўшни давлат фуқароси Ж.А.нинг эса Алматига парвози бироз кечикди. Бунга эса қўл сумкасидаги 15 минг АҚШ долларини божхона баённомасида ва оғзаки сўровлар пайтида маълум қилишни «унутиб» қўйгани сабаб бўлди.
Нақд хорижий валюталарни яширинча олиб ўтишга таваккал қилган қўшни давлат фуқароси А.Б.га «таваккалчининг иши беш» деган нақл иш бермади. Натижада у Истанбулга учиши олдидан белига боғлаб олган оз эмас-кўп эмас, нақд 25 минг АҚШ доллари билан хайрлашишга мажбур бўлди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текшируви ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.
Жорий йилнинг I ярми давомида республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 172 та қонунбузарлик ҳолатида салкам 888 млн сўм эквивалентдаги нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, республикамизда резидентларга 2 000 АҚШ доллари эквивалентидаги, норезидентларга эса божхонага тақдим этилган декларацияга мувофиқ республикага келтирилган валюта миқдоридаги нақд хорижий валютани божхона баённомасида ёзма қайд этиш шарти билан эркин олиб чиқиб кетишга рухсат этилади.
Кўрсатилган миқдордан ортиқча нақд хорижий валютани олиб кетишга Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ёки хорижий валюта билан операцияларни ўтказишга асосий лицензияси бўлган ваколатли банкларнинг рухсати билан йўл қўйилади.
«Тошкент-Аэро» ИБК
Ахборот хизмати.