Тошкент вилояти божхона бошқармаси «Ғишткўприк» божхона комплекси ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда тилла буюмларнинг ноқонуний олиб ўтилиши билан боғлиқ бир нечта қонунбузарлик ҳолатларига чек қўйишди.
Чегара ҳудудида пиёда келаётган Х.Х.нинг безовталаниши зийрак божхоначиларда шубҳа уйғотди. Ушбу шахс холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганда, унинг оёғидаги маҳси ичига целлофан халтача яширилгани аниқланди. Шу тариқа Х.Х. қиймати салкам 7,4 млн сўмлик 73,47 грамм тилла тақинчоқларни ҳеч қандай ҳужжатларсиз, ноқонуний равишда олиб ўтишга урингани фош бўлди.
Қўшни давлатдан пиёда кириб келаётган Д.М.нинг ҳам ўзини тутиши Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимларини бефарқ қолдирмади: ушбу шахс шахсий кўрикдан ўтказилганда, унинг қўл сумкаси ва кийимлари орасига 22 дона заргарлик буюмлари яширилгани маълум бўлди. Салкам 14 млн сўмлик тилла тақинчоқларнинг оғирлиги 125,74 граммни ташкил қилди.
Мазкур постда фарғоналик У.А.нинг ҳам қинғир режалари барбод бўлди. Ўрнатилган тартибда шахсий кўрикдан ўтказилган бу шахснинг қиймати салкам 5 млн сўмлик 43,64 грамм оғирликдаги тилла буюмларни божхона баённомасида қайд этишни «унутиб» қўйгани аниқланди.
Ушбу чегара божхона комплекси орқали божхона чегарасини кесиб ўтиш вақтида Т-6 божхона баённомасида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмагани учун нукуслик А.А. ҳам 197,54 граммлик заргарлик буюмларидан ажралишга мажбур бўлди. Қарангки, у қиймати салкам 20 млн сўмлик 64 турдаги тақинчоқларни кийимлари орасига беркитган экан.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона суриштирувлари бошлаб юборилган.
Эслатиб ўтамиз, Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига акциз солиғи солинмайдиган товарларни олиб киришнинг чегараланган меъёрларига мувофиқ жисмоний шахсларга мамлакатимизга кираётганда акциз солиғини тўламасдан умумий оғирлиги 30 граммдан ошмайдиган қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган 5 та заргарлик буюмини олиб киришга рухсат берилади.
Белгиланган меъёрдан ортиқча олиб кирилган тилла буюмлар учун эса ўрнатилган тартибда божхона тўловлари ундирилади.
Тошкент вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.