Norma.uz
СБХ / 2014 йил / № 33 / Долзарб мавзу

Балиқчилик хўжалиги ижара ҳақи тўлайдими?

«СБХ» ва «Норма маслаҳатчи» газеталарига, кўплаб бошқа тадбиркорлар, бухгалтерлар, юристлар сингари, ҳурматим катта. Улардаги тушунтиришлар, таҳлилий ва бошқа материаллар янги билимлар олишда, уларни такомиллаштиришда ҳам, бизнесда, ишда хатога йўл қўймаслигимизда ҳам ёрдам беряпти.

«Tuskan Fish» МЧЖ кичик тадбиркорлик субъекти, ЯСТ тўловчиси ҳисобланади, балиқ овлаш билан шуғулланади (ХХТУТ бўйича коди – 21300).

Вазирлар Маҳкамасининг 13.08.2003 йилдаги 350-сон Қарорига кўра табиий сув ҳавзалари участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи вилоят ҳокимлиги билан балиқ овлаш корхонаси ўртасида тузиладиган, ижара ҳақини назарда тутадиган ижара шартномаси билан расмийлаштирилади.

Бироқ Солиқ кодексининг 354-моддаси еттинчи қисмига кўра, ягона солиқ тўловини тўловчилар – юридик шахслар Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари бўйича ижарага олинган ер участкалари учун бюджетга ижара ҳақи тўлашдан озод қилинади, умумбелгиланган солиқлар тўланадиган фаолият турларида фойдаланилаётган ер участкалари бундан мустасно.

Ушбу имтиёзли қоида бизнинг балиқ овлаш корхонамизга татбиқ этиладими?

Р.Абиев,

директор.

 

– Сизни Солиқ кодекси (СК) 354-моддасининг еттинчи қисми билан берилган имтиёзни сизнинг балиқ овлаш корхонангиз ижарага оладиган табиий сув ҳавзаси участкасига қўллаш мумкинлиги қизиқтираётган кўринади.

ВМнинг «Балиқчилик тармоғида монополиядан чиқариш ва хусусийлаштиришни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори (13.08.2003 йилдаги 350-сон) билан Республика балиқчилик хўжалиги табиий сув ҳавзаларини бириктириб қўйиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом (бундан кейин – 350-сон Низом) тасдиқланди. Унинг 3, 6 ва 10-бандларида қуйидагилар назарда тутилади:

танловда ғолиб чиққан ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари (ижарага берувчилар) билан ижара шартномаси тузган юридик ва жисмоний шахслар (балиқ овлаш корхоналари) табиий сув ҳавзаларида балиқ овлаш ҳуқуқига эга бўладилар;

ижара шартномасига бириктирилган сув ҳавзаси ёки унинг участкаси паспорти илова қилинади, унда сув ҳавзасининг номи, жойлашган жойи, сув ҳавзасининг ўлчамлари ва ердан фойдаланувчилар чегаралари кўрсатилган харита-чизма илова қилинган чегаралари, бошқа зарур маълумотлар кўрсатилади;

балиқ овлаш корхоналари ижара ҳақини қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ва тартибда тўлайдилар.

Балиқ овлаш корхоналарида табиий сув ҳавзаларидан фойдаланганлик учун ижара ҳақини ҳисоблаш ва уни ундириш тартиби тўғрисида низом1 (бундан кейин – 1292-сон Низом) балиқ овлаш корхоналарининг сув ҳавзалари учун ижара ҳақи бўйича муносабатларини батафсил тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Корхонангизнинг ер участкалари учун бюджетга ижара ҳақи тўлашдан озод қилиш бўйича имтиёздан (СКнинг 354-моддаси еттинчи қисми) фойдаланиши учун ҳуқуқий имконияти бор-йўқлигига келсак, у ижарага олган табиий балиқчилик хўжалиги сув ҳавзаси «ер участкаси» тушунчаси билан қамраб олиниши ёки олинмаслигини аниқлаб олиш лозим. Ер кодексининг (ЕК) 10-моддаси биринчи қисмига кўра ер фондининг қайд этилган чегарага, майдонга, жойлашиш манзилига, ҳуқуқий режимга ҳамда давлат ер кадастрида акс эттириладиган бошқа хусусиятларига эга бўлган қисми ер участкаси деб тан олинади.

Табиий балиқчилик хўжалиги сув ҳавзаси ёки унинг участкаси жойлашган жой (манзил), ўлчам (майдон, масалан, гектарда ёки бошқа ўлчовларда), қайд этилган чегара каби параметрлар ва бошқа кадастр маълумотларига эгалиги унинг ер участкаси билан бир эканлигини кўрсатади. Бундан ташқари, ер фонди (бу сўз бирикмаси «ер участкаси» таърифида ишлатилади) бир неча тоифаларни назарда тутишини инобатга олиш лозим. Улар жумласига сув фонди ерлари ҳам киради, сув фонди ерларига сув объектлари, сув хўжалиги иншоотлари эгаллаган ерлар ва сув объектларининг қирғоқлари бўйлаб ажратилган минтақадаги ерлар киради (ЕКнинг 8-моддаси 7-банди).

ЕКнинг 77-моддаси биринчи қисми ва СКнинг 282-моддаси иккинчи қисми 6-бандидан маълум бўлишича, сув фонди ерларига сув ҳавзалари (дарёлар, кўллар, сув омборлари ва шу кабилар) банд этган ерлар киради. «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонун (6.05.1993 йилдаги 837-XII-сон) 21-моддасининг тўққизинчи хатбошисига кўра сув объектларига табиий сув ҳавзалари – кўллар, денгизлар, ер ости сувли горизонтлар ҳам киради.

Ушбу ҳуқуқий қоидаларнинг таҳлили Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳукуматлари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари бўйича ижарага олинган ер участкалари учун бюджетга ижара ҳақи2 тўлашдан озод қилиш тарзидаги имтиёз (СКнинг 354-моддаси еттинчи қисми) ЯСТ тўловчиси бўлган сизнинг балиқ овлаш корхонангизга татбиқ этилади деб қайд этишга асос бўлади.

Шуни ҳам назарда тутиш лозимки, Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом3 3-банди иккинчи хатбошисининг маъносига кўра ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаб чиқаришда сув фонди ерлари тарзидаги ер участкалари ҳисобга олинмайди (СКнинг 280-моддаси иккинчи қисми 6-банди).

Эҳтимол сизда шундай савол туғилиши мумкин: 350 ва 1292-сон низомларнинг қоидалари балиқ овлаш корхонаси – ижарачининг табиий сув ҳавзаси ижараси учун ҳақ тўлаш мажбурияти қисмида СКнинг 354-моддаси еттинчи қисмига зид эмасми? Савол умуман олганда тўғри. Мазкур ҳолда қонун ҳужжатларини такомиллаштириш зарурати кўзга ташланади. Унинг меъёрлари бир хилда қўлланишини таъминлаш мақсадида ҳуқуқий ҳужжатларга уларда аниқланган зиддиятни бартараф этувчи ўзгартиришларни киритиш мақсадга мувофиқдир.

Ҳозирча вазиятдан қуйидагича чиқиш мумкин. «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонун4 16-моддасининг учинчи қисмига кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовут бўлган тақдирда, юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланилади. Демак, мазкур ҳолда Солиқ кодексининг меъёрларини қўллаш керак, у қонуности ҳужжатлари – 350 ва 1292-сон низомларга кўра юқорироқ юридик кучга эга.

«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг5 11-моддасида тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципи назарда тутилади. Унга мувофиқ қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти субъектининг фойдасига талқин этилади. Худди шундай меъёр СКнинг 11-моддасида ҳам келтирилиб, солиқ тўловчига нисбатан қўлланади. Демак, корхонангизга сизни қизиқтираётган имтиёзни қўллаш ҳуқуқидан фойдаланишига ҳеч нима тўсқинлик қилмаслиги керак.

 

1МВ, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг АВ томонидан 20.12.2003 йилда 1292-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

2Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ижарага берилган ер участкалари учун тўланадиган ижара ҳақи ер солиғига тенглаштирилади (СКнинг 278-моддаси иккинчи қисми).

3МВ, ИВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

414.12.2000 йилдаги 160-II-сон, 24.12.2012 йилдаги ЎРҚ-342-сон Қонун таҳририда.

525.05.2000 йилдаги 69-II-сон, 2.05.2012 йилдаги ЎРҚ-328-сон Қонун таҳририда.


Камол МУЗАФФАРОВ,

эксперт-юристимиз.

Прочитано: 4167 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика