Экспортчи хусусий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаб, ҳукумат турли тақиқ ва чекловларни анча камайтирди. Бир неча йил аввал Ўзбекистондан экспорт қилиш тақиқланган товарлар рўйхати бўлар эди. У ҳозир ҳам борми? Хусусий корхона ёки якка тартибдаги тадбиркор қорақалпоғистонда етиштирилган гуручни Қозоғистонга олиб чиқиши мумкинми?
Сапарбой К.
– На юридик, на жисмоний шахс ушбу маҳсулотни экспорт қилишга ҳақли эмас. Экспорт қилиниши тақиқланган предметлар ва маҳсулотлар рўйхатига (Президентнинг 10.10.1997 йилдаги ПФ-1871-сон Фармонига 4-илова) кўра республикадан ғалла маҳсулотларини (2007 йилги версиядаги ТИФ ТН бўйича коди – 10), шу жумладан гуручни олиб чиқиш тақиқланган.
Мазкур Рўйхат қабул қилинган пайтдан бошлаб унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиб борилди, бугунга келиб у Ўзбекистондан олиб чиқиш тақиқланган 12 хил товарни ўз ичига олади. Унга қуйидагилар киради:
дон (буғдой, жавдар, арпа, сули, шоли, маккажўхори, гречиха);
нон-булка маҳсулотлари (ундан тайёрланган қандолат маҳсулотлари, пирожнийлар, ўзи ишлаб чиқарган печеньедан ташқари);
ун, ёрма;
чорва моллари, парранда;
гўшт ва овқатбоп гўшт ичак-чавоқлари, паррандаларнинг овқатбоп ичак-чавоқлари;
шакар;
салмоқли бадиий, тарихий, илмий ёки бошқа маданий қимматга эга бўлган (Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг хулосасига кўра*) қадимий буюмлар (картиналар, ҳайкаллар ва бошқалар);
ўсимлик ёғи;
чарм хом ашёси (шу жумладан ностандарти), мўйна хом ашёси, шу жумладан қоракўл хом ашёси (шу жумладан ностандарти);
рангли металлар синиқлари ва чиқиндилари;
чувитиш учун яроқли пилла, ипак хом ашёси (пишитилмаган), ипак чиқиндилари (чувитиш учун яроқсиз пилла, пиалла ипи чиқиндилари ва юмшатилган чиқиндилари);
полиэтилентерефталат (ПЭТ) чиқиндилари, кесиклари и скрапи.
*Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тартиби тўғрисидаги низомга қаранг (ВМнинг 23.03.1999 йилдаги 131-сон Қарорига 1-илова).
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.