Мен 10 йилдан кўп вақтдан бери бош бухгалтер бўлиб ишлайман. Газетангиздаги материаллар менга жуда ёқади. Ундаги фойдали маслаҳатлар ишимда қўл келади. Ҳозир эса «шахсий» савол бермоқчи эдим. Қайинсинглим онасига янги уй тўйига ўзи резидент ҳисобланган Туркиядан совға қилиб мебель юбормоқчи. Мебель янги эмас, бироқ пухта, чиройли ва сифатли. У доимо юк ташийдиган фирманинг катта контейнерига қўшимча тарзда юкламоқчи. Шундай қилинса у алоҳида контейнер учун ҳақ тўламайди. Юкни Тошкентда божхонадан ўтказиш қанчага тушади? Наҳотки божхоначилар белгилаган қийматнинг 30%и тўланса? Хориждан буюм олиб келиш қимматга тушишини биламан. Бироқ ушбу ҳолатдаги барча молиявий хатарларни аниқроқ билмоқчи эдим.
Ф.Карева.
– Шу ўринда сизнинг ҳолатингиз шунга ўхшаш бошқа ҳоллардан ҳеч нимаси билан ажралиб турмаслигини айтиб ўтиш жоиз. Мебель қандай бўлмасин, ҳатто у ишлатилган бўлса ҳам, товарлигича қолади. Ҳар қандай товарни бир мамлакатдан бошқасига олиб кириш учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган божхона тўловлари тўланади. Божхона божи ўз ишлаб чиқарувчилари ва ўз бозорини ҳимоя қилишга интиладиган ҳар қандай давлатда қўлланади. Дарвоқе, агар Ўзбекистонда бож тўламасдан олиб кириш меъёри фуқаролар учун 1 000 АҚШ долларига эквивалент бўлса, АҚШнинг ўзида у 400 долларга тенг.
Фақат Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали жисмоний шахслар томонидан олиб ўтиладиган товарларнинг мақсадини аниқлаш тартиби тўғрисида низомда1 назарда тутилган ҳолдагина ишлатилган товарларни олиб киришда божхона тўловлари қўлланмайди. Унга кўра Ўзбекистонга доимий равишда яшаш учун кўчиб келаётган чет эл давлатларининг жисмоний шахслари, мамлакатимиз ҳудудига киришдан олдин улар томонидан сотиб олинган шахсий мол-мулкни умумий қиймати чекланмаган ҳолда ва божхона божи солинмаган ҳолда чегараланмаган миқдорда олиб киришлари мумкин. Бунда, Жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келадиган акциз солиғига тортилмайдиган товарларнинг энг юқори меъёрларининг2 3-бандига кўра, доимий яшаш жойи ўзгарганда олиб кириладиган шахсий (хўжалик) мол-мулкка божхона тўловлари солмасликнинг асосий шарти аввалги яшаш жойидан ҳисобдан ўчганлиги тўғрисидаги белгининг борлиги ҳисобланади.
Агар республикамизга доимий яшаш учун кўчиб келаётган жисмоний шахс шахсий мол-мулки таркибида очиқдан-очиқ тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарларни олиб кирса, улар божхона тўловларини тўлаш шарти билан, товарларни бож ва акциз солиғи тўламасдан олиб кириш меъёрлари қўлланмасдан эркин муомалага чиқарилади.
Товарнинг (сизнинг ҳолатингизда ишлатилган мебелнинг) қийматига келсак, уни тасдиқлайдиган ҳужжатлар бўлмаган тақдирда, у ҳақиқатан ҳам божхоначилар томонидан улардаги мавжуд маълумотлар, шу жумладан юкка доир божхона ахборотлари ва бошқа муқобил манбалар таҳлили асосида шакллантирилган маълумотлар базаси асосида белгиланади. Мисол учун, ошхоналар, турар жой хоналари ва бошқалар учун ёғоч мебелга (ТИФ ТН коди – 9403 60 900) божхона қийматининг 30%и миқдорида, бироқ донаси учун 5 АҚШ долларидан кам бўлмаган бож ставкаси қўлланади. Бошқа материаллардан, шу жумладан шакарқамиш, новда, бамбук ёки шунга ўхшаш материаллардан тайёрланган мебелга ҳам божхона қийматининг 30%и, бироқ 1 кг учун 0,9 АҚШ долларидан кам бўлмаган бож ставкаси қўлланади.
Кўриб турганингиздек, сумма салмоқли бўлади. Шу сабабли қайинсинглингиз ҳақиқатан ҳам онасига квартирани жиҳозлашда ёрдам бермоқчи бўлса, пул юборсин. Унга божхона божи солинмайди.
1ДБҚ, МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 4.06.2002 йилда 1147-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
2МВ ва ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 13.03.1998 йилда 412-сон билан рўйхатдан ўтказилган.