Корхонамиз жисмоний шахслар билан қурилиш ишларини амалга оширишга фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномаларни тузмоқчи. Интернетдан уларга мўлжалланадиган суммага даромад солиғи, ЯИТ, суғурта бадаллари ҳисобланиши ва тўланишини билдим. Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича қурилиш ишларини бажарувчи жисмоний шахс ёрдамчи пудратчи ҳисобланадими? Юридик шахснинг солиқ солинадиган базасини белгилаётганда ундан, солиқ ўз кучлари билан бажарилган ҳажмлардан тўланадиган ёрдамчи пудрат ташкилотлари билан тузилган шарномадагидек, жисмоний шахсга тўланган (тўланадиган) сумма чегириладими?
– Предмети ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатиш бўлган, тузилган фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича жисмоний шахсларга тўловлар ЖШДС, суғурта бадаллари ва ЯИТ солинадиган меҳнатга ҳақ тўлаш харажатларига киради. Бундай шартномаларга асосан бажарилган қурилиш ишлари бўйича маълумотнома-ҳисобварақ-фактура ёзилмайди, балки бажарилган ишлар далолатномаси расмийлаштирилади. Жисмоний шахсларга тўланган сумма ташкилот ўз кучлари билан бажарган ишларнинг ҳажмини камайтирмайди.
Сергей ГУРВИЧ,
экспертимиз.