Хусусий корхона ўз балансида «Дамас» автомашинасига эга. Унинг бирламчи қиймати – 9 020 615 сўм. Баланс қиймати – 15 381 891 сўм. Амортизация – 100%.
Агар раҳбар – хусусий корхона муассиси автомобилни текинга беришни ўз номига шахсий фойдаланиш учун расмийлаштирмоқчи бўлса, автомашинани балансдан қандай қилиб тўғри ҳисобдан чиқариш керак? Корхона «Дамас»ни ҳисобдан чиқариш муносабати билан; муассис уни харид қилиш муносабати билан қандай солиқларни тўлаши керак?
– Транспорт воситасини текинга бериш текинга бериш (ҳадя) шартномаси бўйича амалга оширилади ва қабул қилиш-топшириш далолатномаси билан расмийлаштирилади. Уларда автомашина бериладиган қийматни кўрсатиш лозим. Биз автомобилнинг бозор қийматини кўрсатишни тавсия қиламиз.
Асосий воситаларни балансдан чиқариш тартиби тўғрисида низом1 (бундан кейин – 1401-сон Низом) ва 5-сон БҲМС «Асосий воситалар»га2 кўра транспорт воситасининг чиқиб кетиши қуйидаги проводкалар билан акс эттирилади:
Дт 9210, Кт 0160 – бирламчи (тикланиш) қиймати ҳисобдан чиқарилади;
Дт 0260, Кт 9210 – ҳисоблаб ёзилган эскириш ҳисобдан чиқарилади;
Дт 8510, Кт 9210 – чиқиб кетишда транспорт воситасини қайта баҳолаш сальдоси ҳисобдан чиқарилади.
1401-сон Низомнинг 33-бандига кўра транспорт воситасини текинга беришдан кўрилган молиявий натижа, берилаётган транспорт воситасининг бирламчи (тикланиш) қиймати билан жамланган эскириш ўртасидаги резерв капитални ҳисобга олиш ҳисобварақларида ҳисобга олинадиган асосий воситаларни қайта баҳолаш натижаларига (сальдога), яъни аввалги қўшимча баҳолашлар суммасининг мазкур объектнинг аввалги арзонлаштириш суммасидан ошиб кетишига тузатилган фарқ сифатида белгиланади.
Дт 9430, Кт 9210 – транспорт воситасининг чиқиб кетишидаги зарар акс эттирилади;
Дт 9210, Кт 9310 – транспорт воситасининг чиқиб кетишидаги фойда акс эттирилади.
ЯСТ тўловчилари учун тўлиқ амортизацияланган асосий воситани реализация қилиш ёки тугатишдан олинган даромад 2014 йил 1 апрелдан бошлаб солиқ солинадиган базага киритилади (25.12.2013 йилдаги ЎРҚ-359-сон Қонун) ва бошқа даромад сифатида Солиқ кодекси (СК) 132-моддасининг 1-банди бўйича унга фаолиятнинг асосий (соҳа) тури ставкаси бўйича ЯСТ солинади.
Солиқ солишнинг умумбелгиланган тизимидагилар шуни ҳисобга олишлари лозимки, солиқ солинадиган фойдани аниқлашда солиқ солиш базасидан асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан (балансдан чиқарилишидан) кўрилган зарарлар чегирилмайди, бундан 3 йилдан ортиқ фойдаланилган асосий воситаларни реализация қилишдан кўрилган зарарлар мустасно (СКнинг 147-моддаси 24-банди). Яъни сизнинг «Дамас»дан 3 йилдан кам вақт фойдаланилган бўлса, уни текинга беришдан кўрилган зарарлар фойда солиғи ҳисоб-китобида чегирилмайди, агар 3 йилдан кўп фойдаланилган бўлса – улар солиқ солинадиган базадан чегирилади.
ҚҚС тўловчилари учун асосий воситаларни бепул асосда бериш товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш обороти бўлмайди (СКнинг 199-моддаси иккинчи қисми 6-банди).
Сизнинг жисмоний шахс бўлмиш раҳбарингиз – муассис учун солиқ тўловчининг манфаатларини кўзлаб текинга, шу жумладан ҳадя шартномаси асосида берилган мол-мулк, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар қиймати моддий наф тарзида олинган, ЖШДС солинадиган даромад ҳисобланади (СКнинг 177-моддаси 2-банди).
Автомобилни хусусий корхона муассисига беришнинг бошқа варианти ҳам мавжуд. У тегишли ҳужжатлар: корхона муассисининг аризаси, унинг қарори ва бошқаларни расмийлаштириб, автомобилни барча солиқлар тўланганидан кейин ўз тасарруфида қоладиган фойда ҳисобига олиш ҳуқуқига эгадир. Қарорда транспорт воситасининг қийматини ҳам кўрсатиш зарур. Агар фойда суммаси автомобиль қийматидан кам бўлмаса ва фойдани мол-мулк билан олиш корхонанинг уставига зид бўлмаса, ушбу вариантдан фойдаланиш мумкин.
Транспорт воситасини соф фойда ҳисобига беришдан олинадиган молиявий натижа муассиснинг қарори билан белгиланган қиймат ҳамда ҚҚС ва қайта баҳолаш натижаларига (сальдосига) тузатилган реализация қилиш харажатларини ҳисобга олинган ҳолда автомобилнинг қолдиқ (баланс) қиймати ўртасидаги фарқ сифатида белгиланади. Хусусий корхонанинг фойдаси солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан сўнг корхона мулкдорининг тасарруфига ўтади ҳамда унга солиқ солинмайди (11.12.2003 йилдаги «Хусусий корхона тўғрисида»ги 558-II-сон Қонуннинг 24-банди). Муассис мазкур вазиятда (жисмоний шахс сифатида) ҳеч қандай солиқ оқибатларига эга бўлмайди.
1Молия вазирининг АВ томонидан 29.08.2004 йилда 1401-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
2Молия вазирининг АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
Ирина Борисова, экспертимиз.