Мен ўз хоҳишим билан ишдан бўшамоқчиман, бироқ директор менинг аризамга аввал бўлим бошлиғи имзо чекиши керак дейди, у эса таътилда. Нима қилишим керак?
Ф.Қурбонгалиева, тикувчи-моторист.
Наманган шаҳри.
– Директорингиз ҳақли эмас. Ходимнинг аризасини қабул қилишни рад этишга ҳеч қандай сабабларга кўра йўл қўйилмайди, бундай қилиш меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш сифатида баҳоланади. Ходимнинг аризасини қабул қилишдан бош тортиб, уни визалашга, «Эътироз билдирмайман» деган кўп сонли резолюцияларни йиғишга ёки иш берувчининг бирор-бир бошқа шартларини олдиндан бажаришга (ишда йўқ бўлган ходимнинг таътилдан қайтишини кутишга, ўзига ўриндош топишга ва ҳоказо) мажбур этадиган корхоналарда нотўғри иш тутилади.
Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 99-моддаси ва ОС Пленумининг 17.04.1998 йилдаги 12-сон қарори 15-бандига кўра меҳнат шартномасини ўз хоҳишига биноан бекор қилиш тўғрисидаги аризани ходим бевосита корхонанинг раҳбарига ёки унинг муовинига, қабулхона котибига, кадрлар бўлимига, девонхонага, ўзининг бевосита бошлиғига беришга ҳақлидир. Ўз навбатида, аризани қабул қилган мансабдор шахслар уни корхона раҳбари ёки меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа мансабдор шахс эътиборига етказишлари керак.
Аризани бериш куни деб топширилган кун ҳисобланади, огоҳлантириш муддати эса кейинги кундан бошланади.
Ленара Хикматова, юрист.