Биз йўлланма олдик ва дам олишга жўнадик. Бироқ манзилга етиб келганимизда бизга йўлланмада кўрсатилган даражадаги меҳмонхонани тақдим этишмади. Биз саёҳат ташкилотчиларидан компенсация талаб қила оламизми?
– Дам олиш учун хорижга бориш ҳозирги вақтда кўп кишилар учун турмуш тарзига айланди. Ўзининг дам олишини мустақил режалаштириш ва ташкил этиш ҳоллари сонининг ўсишига қарамай, туроператорлар хизматига талаб ғоятда катта. Кўпчилик кишилар улардан туристик йўлланмаларни харид қиладилар, зеро бу иш оддий, қулай ва тез битади: чипталар, меҳмонхоналар ва ҳоказоларни мустақил равишда излаш ва бронлаш керак эмас.
Таътилга чиқаётганда ҳаммаси имкони борича яхши бўлишини хоҳлаймиз. Ёки ҳеч бўлмаганда тайинланган жой, меҳмонхона, сервис ва қолган барча нарсалар йўлланмани харид қилаётганда туристик фирма билан келишилганига мувофиқ бўлишини ўйлаймиз. Бироқ доим ҳам сафар силлиқ ва кўнгилсизликларсиз ўтавермайди. Агар саёҳат вақтида туристик йўлланмада қайд этилганларидан бошқача хизматлар кўрсатилса, нима қилиш керак?
Туристик хизматлар кўрсатилишига шартнома кўрсатиладиган хизматларнинг кўлами ва сифатини белгилайди (20.08.1999 йилдаги «Туризм тўғрисида»ги 830-I-сон Қонуннинг 12-моддаси иккинчи қисми).
Саёҳат шартлари мувофиқ келмаганда ҳар бир бундай ҳолатни ҳужжат билан қайд этиш муҳимдир. Бу – муҳим жиҳат: йўлланмада назарда тутилган шартларга амалда риоя этилмаганлиги далилларини аввал-бошдан йиғиш зарур. Кейинги низоларда ортиқча исбот-далилларнинг бўлиши мумкин эмас.
Масалан, бирор-бир иқлими иссиқ мамлакатга учиб келган турист туроператор билан келишилган 4 юлдузли меҳмонхонага эмас, балки бутунлай бошқа шаҳарнинг чеккасидан, юлдузлари сони кам бўлган меҳмонхонага тушиб қолади. Туристик йўлланмада кўрсатилган шартларга мувофиқсизлик аниқ кўзга ташланади. Бундай ҳолда у, хусусан ушбу меҳмонхонага жойлаштирилганлигини ёзма равишда тасдиқлаши тўғрисида илтимос қилиб меҳмонхона маъмуриятига мурожаат қилиши керак. Агар кўрсатилмаган меҳмонхонада 2 кун турганидан кейин туристга бошқа меҳмонхонага кўчиб ўтиши учун яна қўшимча сумма тўлашни таклиф этишса, ушбу далилни ҳам қайд этиш зарур.
Шу тариқа, туристик йўлланмага мувофиқ белгиланган хизматларни тақдим этмаганликнинг ҳар бир ҳолатида ҳужжатли тасдиқ олиш зарур.
Унчалик кўнгилдагидек ўтмаган саёҳатдан қайтиб келгач, саёҳат шартларидаги барча келишилмаган ўзгаришлар рўйхатини тузиш, уларни баҳолаш ва туроператорга мазкур суммаларни қоплаш талаб қилинган даъво юбориш керак. Фуқаролик кодексининг (ФК) 706-моддасига ва «Туризм тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ, туристик фаолият субъекти туристик хизматлар кўрсатилмаган ёки тўла ҳажмда ёхуд лозим даражада сифатли кўрсатилмаган тақдирда туристларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаши шарт.
Туроператор рад этган тақдирда судга даъво аризаси бериш зарур, унга маънавий зиённинг ўрни қопланиши тўғрисидаги талаб ҳам киритилиши лозим (ФК 1021-моддаси; 26.04.1996 йилдаги «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги 221-I-сон Қонуннинг 22-моддаси; «Туризм тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддаси).