Norma.uz
СБХ / 2014 йил / № 24 / Ташқи иқтисодий фаолият

...Икки маротаба тўламаслик учун

«Давр билан ҳамнафас» материалида («СБХ»нинг 20.05.2014 йилдаги 20 (1032)-сони) кўтарилган мавзуни норезидентнинг даромадларига солиқ солинишига тааллуқли яна бир нечта жиҳатни ёритган ҳолда тўлдиришни хоҳлардик, токи норезидентнинг у ёки бу даромадларига қандай солиқ солинишини тушунишда ёрдам берибгина қолмай, балки Ўзбекистонда амал қиладиган тизимни бошқа мамлакатларнинг халқаро шартномалар меъёрларини қўллаш амалиёти билан қиёслаш мумкин бўлсин.

Ҳар бир давлат солиқ солишнинг ўз тизимини барпо этаётганда аввал-бошдан икки имкониятга эга бўлади – солиқни иқтисодий операцияларни амалга ошириш жойида ундириш ёки ўз резидентларининг ер куррасининг исталган нуқтасидаги фаолиятдан олган даромадларига ўзида солиқ солиш. Бироқ барча мамлакатларда солиқ ставкалари ва иқтисодий ривожланиш даражаси турличалиги сабабли, иккиёқлама солиқ солиш ҳолати юзага келиши мумкин. Халқаро ҳукумат битимлари жойлашган жойдаги мамлакатда солиқларни ундиришга мутлақ ҳуқуқни бериш йўли билан ёки иккала давлатда солиқ солиш имкониятини сақлаб, бироқ уларнинг бирида солиқ солишнинг энг юқори миқдорини чеклаш орқали бундай ҳолга барҳам бериш мақсадида тузилади.

Жаҳон амалиётининг кўрсатишича, кўп мамлакатларда ўз қоидалари мавжуд бўлиб, уларга амал қилган солиқ тўловчилар иккиёқлама солиқ солишга йўл қўймаслик тўғрисидаги халқаро битимлар тақдим этадиган имтиёзларни олишлари мумкин. Бундай битимни тузиб, ҳар қандай давлат аввал бошдан солиқ солиш соҳасидаги айни ўзининг манфаатлари ҳимоя қилиниши ва уларга риоя этилишини назарда тутади.

Ушбу масалада бизнинг мамлакатимиз ҳам истисно эмас, у жаҳон молия тизимига интеграцияланаркан, миллий қонун ҳужжатларида агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади (Солиқ кодексининг (СК) 4-моддаси) дея белгилади. Шу тариқа, мамлакатимизда ҳам халқаро қонун ҳужжатларининг миллий қонун ҳужжатларидан устуворлиги белгиланган. Бироқ уни рўёбга чиқариш муайян таомиллардан сўзсиз ўтишни талаб қилади. Жаҳон ҳамжамияти глобаллашуви жа­мият ҳаётининг ушбу қисмига ҳам ўз тузатишларини киритяпти. Юқорида айтганимиздек, 2014 йил 1 январдан бошлаб мамлакатимизда даромадларнинг роялти, дивиденд ва фоизлар сингари турлари бўйича норезидентларга иккиёқлама солиқ солишга йўл қўймаслик таомили соддалаштирилди. Эндиликда уларнинг халқаро битим тузилган давлатдаги резидентлигини тасдиқлайдиган маълумотнома тақдим этишларининг ўзи кофоя.

 

БИЗ ҚАНДАЙ БИТИМНИ ТАНЛАЙМИЗ?

Иккиёқлама солиқ солишга йўл қўймаслик тўғрисидаги халқаро битимлар колли­зион ҳуқуқ меъёрларига киради. Улар биринчи навбатда дунёдаги ҳар қандай иқтисодиёт молия тизими ғоятда ман­фаатдор бўлган тадбиркорлар ва инвесторларнинг халқаро бизнесни юритишларини анча енгиллаштириши керак. Молиявий бозорларнинг етакчи мамлакатлари Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (ИҲРТ) иккиёқлама солиқ солишга йўл қўймаслик тўғрисида халқаро битимларнинг стандартлаштирилган моделларини (бундан кейин – ИҲРТ Конвенцияси) тузиб, уларни махсус модель конвенциясида тасдиқлаб, бу билан муаммони ҳал этишга ягона ёндашувни таклиф этган ўтган асрнинг 60-йилларида бундай хулосага келдилар. Компания резидент бўлган мамлакат билан у даромад оладиган мамлакат ўртасида юрисдикция­ни тақсимлаш йўли билан иккиёқлама солиқ солишни бартараф этишнинг асосий қоидалари ишлаб чиқилди. Шунингдек турли хил даромадлардан солиқ тўлаш қоидалари батафсил қайд этилди. ИҲРТ Конвенцияси дунёдаги кўп мамлакатларнинг мутахассислари фойдаланаётган тушунчалар, атамалар, мезонларни стандартлаштирди.

«Солиқ фирибгарлиги» ва фискал мажбуриятлардан бўйин товлаш мақсадида сохта фирмаларни барпо этиш масалаларида Европа мамлакатлари билан қиёслаганда АҚШ тутган қатъийроқ позиция АҚШ Молия вазирлигини 1976 йилда ўз модель битимини ишлаб чиқиш ва чоп этишга ундади. АҚШ ҳукумати берилаётган имтиёзлардан фойдаланишга қатъийроқ (ИҲРТ Конвенцияси модели билан қиёслаганда) чекловлар жорий этиб, бошқа мамлакатлар билан шартномалар тузишда ундан база сифатида фойдаланмоқда.

Муҳокама қилинаётган хал­қаро битимларнинг учинчи модели ҳам мавжуд. Бу – БМТнинг намунавий солиқ конвенцияси бўлиб, 1980 йили расмий равишда тавсия қилинган. 1979 йилда ишлаб чиқилган ушбу конвенция саноати ривожланган мамлакатлар билан ривожланаётган мамлакатлар ўртасида иккиёқлама шартнома асосида солиқ муносабатларини тартибга солиш имкониятини ўзининг асосий мақсади қилиб қўяди.

Ўзбекистон имзолаган хал­қаро битимлар ИҲРТ Конвенцияси моделига асосланади. Унинг афзаллиги шундаки, Конвенциядан шартномалар тузиш учун базавий ҳужжат сифатида фойдаланилади, аҳдлашувчи тарафларга иккиёқлама солиқ солишга йўл қўймаслик тўғрисидаги битимда ишлатиладиган тушунчаларни бир хил талқин қилиш имконини берадиган моддама-модда шарҳларни ўз ичига олади.

Бундай битимлар бўйича солиқ имтиёзини олиш чизмаси анча оддий. Одатда бу таомилда бошқа мамлакатда олган даромадидан солиқни пасайтирилган ставкада тўлаш ниятидаги даромад олувчи ўзининг резидентлигини тасдиқлаш учун доимий турадиган мамлакатдаги солиқ органига мурожаат қилади. Юқорида кўрсатилган битимлар бўйича солиқ имтиёзини олишнинг икки хил йўли бор: солиқ маъмурларининг пасайтирилган ставкада солиқ тўлашга олдиндан рухсатини олиш ёки солиқ тўлиқ ставкада тўланганидан кейин унинг бир қисмини қайтаришларини сўраб мурожаат қилиш. Солиқ имтиёзини олиш тартиби СКнинг 155-моддасида батафсил баён этилган.

 

НОРЕЗИДЕНТ ДАРОМАДЛАРИДАН СОЛИҚЛАР

Норезидентнинг юридик ва таълим хизматларини тақдим этишдан даромад олиши мисолида солиқ солиш таомилини таҳлил қилишни таклиф этамиз.

 

МИСОЛ. Ўзбекистон резиденти бўлган МЧЖ (бундан кейин – МЧЖ) Ўзбекистон Рес­публикасида доимий муассаса орқали фаолиятни амалга оширмайдиган юридик компания – Қозоғистон резиденти (бундан кейин – Хорижий компания) билан Қозоғистонда бизнесни рўйхатдан ўтказиш бўйича юридик хизматлар кўрсатишга қиймати 10 000 АҚШ долларига тенг шарт­нома тузди. Шартномада контракт имзоланган пайтдан бошлаб 10 кун мобайнида уни тўлаш мажбурияти назарда тутилган.

 

Норезидентдан олинган хизматлар импорти чоғида (худди товарлар импорти чоғида бўлганидек) харажатлар СКнинг 141-моддаси, 22-сон БҲМС «Чет эл валютасида ифодаланган активлар ва мажбуриятларнинг ҳисоби»1 ҳамда Чет эл валютасидаги операцияларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисида низом2 талабларини ҳисобга олиб шакллантирилади.

СКнинг 155-моддаси тўр­тин­чи қисмида белгиланишича, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлардан олинадиган даромадлар, бундан ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлардан олинадиган даромадлар мустасно, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг Ўзбекистон Респуб­ликасидаги тўлов манбаида солиқ солинадиган даромадларига кирмайди.

Бизнинг мисолимизда хизматлар Қозоғистон Республикаси ҳудудида кўрсатилган, улар ҳаракатининг натижасида Қозоғистонда МЧЖ филиали барпо этилган. Ушбу юридик хизматлар уларни тақдим этиш ҳудудидан қатъи назар солиқ солинадиган даромадлар рўйхатига киритилмаганлиги боис (СКнинг 155-моддаси учинчи қисми), тегишинча, Хорижий компания тўлаган ҳақ ҳам Ўзбекистон Республикаси ҳудудида олинган даромадларга кирмайди ва уларга фақат Қозоғистонда солиқ солинади.

 

НОРЕЗИДЕНТДАН ҚҚС (солиқ солинадиган импорт)

Фақат хизмат кўрсатиш жойи Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўлган хизматларгина ҚҚС солиш объектлари деб ҳисобланади (СКнинг 200, 207-моддалари). Реализация қилиш жойи СКнинг 202-моддасига мувофиқ белгиланади, унга кўра юридик хизматлар кўрсатилганда уларни реализация қилиш жойи деб улар харидори (бизнинг мисолда – МЧЖ) фаолиятни амалга оширган жой эътироф этилади. Бинобарин, МЧЖ учун мазкур хизматлар ҚҚС солинадиган оборотдир.

Солиқ солинадиган базани аниқлаймиз – у қўшилган қиймат солиғини унга киритмасдан шартнома баҳосининг 100%ини ташкил қилади (хизмат кўрсатиш санасида, мазкур ҳолда хизмат кўрсатиш далилини тасдиқлайдиган ҳужжатни расмийлаштириш пайтида МБ курси бўйича 10 000 АҚШ доллари). Сўнг­ра ҳисобланган суммага ҚҚСнинг 20 фоизлик ставкасини қўллаймиз.

Бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини аниқлашда хизматларни олувчи импорт қилинаётган хизматлар бўйича тўланган ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга (СКнинг 218-моддаси). ҚҚС солинадиган оборотни амалга оширадиган ва ушбу солиқнинг тўловчиси ҳисобланмаган юридик шахс­лар солиқ ҳисобига олинган жойдаги солиқ органларига ҚҚС ҳисоб-китобини тақдим этишлари шарт, бироқ бунда бюджетга тўланган ҚҚС суммаси ҳисобга киритилмайди (СКнинг 219-моддаси).

Шуни таъкидлаш лозимки, СКнинг 145-моддаси 21-бандига мувофиқ хизматлар олувчиси ҳисобланган ҚҚС суммасини жорий солиқ даври харажатларида акс эттириш ҳуқуқига эга, у солиқ солинадиган базани белгилаш чоғида чегирилади.

Хорижий ҳамкорлар билан контрактлар тузиш чоғида турли мажбуриятлар ёки уларни юзага келтирувчи ҳолатларга тўқнаш келиш эҳтимоли борлигига газетхонлар эътиборини қаратмоқчимиз. Контракт­ни тўғри тузиб, уларнинг олдини олиш мумкин. Бундай шартномаларни тузиш чоғида эътибор қаратиш ­жоиз бўлган баъзи жиҳатлар тўғрисида кейинги материалда сўз юритамиз.

 

*Давоми. Боши «СБХ»нинг 20.05.2014 йилдаги 20 (1032)-сонида.

 

1Молия вазирининг АВ томонидан 21.05.2004 йилда 1364-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

2МВ, ИВ, ДСҚ, МБ бошқаруви ва Давстатқўмнинг АВ томонидан 17.09.2004 йилда 1411-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

 

Комила КАРИМОВА,

банк иши бўйича мутахассис,

Татьяна ШАЛУНОВА, солиқ маслаҳатчиси, аудитор, CIPA, DipIFR, бош директор.
«RASTAX GROUP» МЧЖ СМТ.

Прочитано: 2604 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика