Norma.uz
СБХ / 2014 йил / № 24 / Бухгалтер учун қўлланма

Таътил пулини тўғри ҳисобланг

Таътил пулини ҳисоблаш, ёзги оромгоҳ ва санаторийларга йўлланмалар ҳақини тўлаш ҳамда ўз ходимларининг дам олиши билан боғлиқ ёз ойларида таҳририятимизга келаётган саволларнинг миқдори йил сайин кўпайиб бормоқда.

Бундай мурожаатларнинг кўпайиб кетишини кутмасдан «Norma Ekspert» мутахассислари бухгалтерлар учун қўлланма тайёрладилар, унда ходим таътилга чиқаётганида таътил пуллари ва бошқа тўловларни ҳисоб-китоб қилишнинг турли жиҳатлари тушунтирилади.

 

 

Ҳар бир ишловчи шахснинг дам олиш ва иш қобилиятини тиклаш учун ҳақ тўланадиган йиллик таътил олиш ҳуқуқи кафолатланган. У иш берувчи билан меҳнат муносабатларини меҳнат шартномаси (контракти) асосида расмийлаштирган шахсларга берилган. Бундай шахсларга доимий ходимлар, ўриндошлар, меҳнат вазифаларини тўлиқсиз иш вақти шартларида бажарадиган ходимлар, шунингдек мавсумий ёки уйда ишлайдиганлар киради.

 

Меҳнат таътили даврида ходимларнинг иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланади (Меҳнат кодексининг 133-моддаси, бундан кейин – МК), улар иш берувчининг ташаббусига кўра ишдан бўшатилиши мумкин эмас, корхона бутунлай тугатиладиган ҳоллар бундан мустасно.

 

Таътиллар турлича бўлади: йиллик асосий, йиллик асосий узайтирилган, йиллик қўшимча таътил. Бундан ташқари, ижтимоий таътиллар – ҳомиладорлик ва туғиш, болаларни парваришлаш, таълим олиш муносабати билан ва ижодий таътиллар ҳам бор.

 

 

ҲАР ЙИЛИ ЯРИМ ОЙГА, БУНДАН КАМ ЭМАС

Йиллик асосий таътил – иш йили мобайнидаги иш учун бериладиган, меҳнат вазифаларини бажаришдан озод қилувчи узоқ давом этадиган узлуксиз вақт даври. Ҳар бир ходим учун иш йили якка тартибда – у меҳнат шартномаси бўйича ишлашни бошлаган кундан бошлаб 12 ой деб ҳисобланади. Ходимнинг йиллик ҳақ тўланадиган таътилга ҳуқуқи меҳнат шартномаси амал қила бошлаган кундан бошлаб пайдо бўлади.

 

Бунда таътилда бўлиш вақти меҳнат стажига, шу жумладан кейинги йиллик таътил берилиши учун меҳнат стажига киритилади. Масалан, 2013 йилда ходим 7–26 октябрда йиллик меҳнат таътилида бўлди. 2014 йилда унга февралда таътил берилди. 2013 йил 7–26 октябрь даври 2014 йилдаги таътил пулини ҳисоб-китоб қилиш чоғида меҳнат стажига киритилади.

 

Қонун билан ходимларга 15 иш кунидан кам бўлмаган муддат билан йиллик асосий таътил берилиши белгиланган (МКнинг 134-моддаси). Бунда жамоа ва (ёки) меҳнат шартномаларида йиллик асосий таътилнинг кўпроқ муддати назарда тутилиши мумкин.

 

 

КИМГА 15 КУН ОЗЛИК ҚИЛАДИ

Йиллик асосий узайтирилган таътил – МКнинг 134-моддасида назарда тутилган асосий энг кам таътил билан қиёслаганда аввалбошдан узоқроқ давом этадиган таътилдир. Чунончи, 18 ёшга тўлмаган шахсларга ва ишлаётган I ва II гуруҳ ногиронларига мажбурий тарзда 30 календарь кун муддатида йиллик таътил берилади (МКнинг 135-моддаси).

 

Бундан ташқари, бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда қуйидагиларга асосий узайтирилган таътиллар берилиши назарда тутилган:

 

депутатларга, сенаторларга – 36 иш куни, қонун ҳужжатларида кўпроқ муддатли таътил назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно (2.12.2004 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги 704-II-сон Қонуннинг 16-моддаси учинчи қисми);

 

судьяларга – 36 иш куни (2.09.1993 йилдаги «Судлар тўғрисида»ги 924-XII-сон Қонуннинг 75-моддаси учинчи қисми, 14.12.2000 йилдаги 162-II-сон Қонун таҳририда);

 

прокуратура органлари ходимларига – 30 календарь кун. Бундан ташқари, «Прокуратура тўғрисида»ги Қонуннинг (9.12.1992 йилдаги 746-XII-сон, 29.08.2001 йилдаги 257-II-сон Қонун таҳририда) 50-моддаси учинчи қисмига мувофиқ:

 

15 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган прокуратура органлари ходимларига 5 календарь кун;

 

25 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлганларга эса 10 календарь кун қўшимча таътил берилади;

 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментида хизматни ўташ тўғрисида низомнинг1 53-бандига кўра Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти ходимларига – 30 календарь кун. Иш стажи:

 

15 йилдан ортиқ бўлганда – 5 календарь кун;

 

25 йилдан ортиқ бўлганда – 10 календарь кун ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади.

 

Таълим муассасалари ходимларига ҳам «Таълим тўғрисида»ги Қонуннинг (29.08.1997 йилдаги 464-II-сон) 21-моддаси биринчи қисмига кўра ҳақи тўланадиган узайтирилган таътил берилади. Узайтирилган таътиллар муддатини белгилашда ҳозирги вақтда собиқ СССР ҳужжатларининг меъёрлари қўлланади. Масалан, олий ўқув юртлари ўқитувчиларининг узайтирилган таътили 48 иш кунини ташкил қилади (СССР Министрлар Кенгашининг 21.04.1949 йилдаги «Илмий тадқиқот, таълим ва маданий-маърифий муассасалар ходимларининг таътиллари тўғрисида»ги 1577-сон Қарорига 1-илова). Бундай ҳужжатлар Ўзбекистоннинг тегишли қонун ҳужжатлари қабул қилингунига қадар, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонун ҳужжатларига зид келмайдиган қисмида қўлланиши мумкин (21.12.1995 йилдаги ОМнинг «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини амалга киритиш тартиби тўғрисида»ги 162-I-сон Қарори 6-банди; ВМнинг 29.04.1992 йилдаги 210-сон Қарори 1-банди).

 

Давлат органлари хизматчилари учун илгари белгиланган таътил муддати – 24 иш куни сақланиб қолади (махсус қонун ҳужжати қабул қилингунига қадар).  

 

ҚЎШИМЧА ДАМ ОЛИНГ

Меҳнат шароити ноқулай ва ўзига хос бўлган ишларда (МКнинг 137-моддаси) ёки оғир ва ноқулай табиий-иқлим шароитларидаги ишларда (МКнинг 138-моддаси) банд бўлган ва меҳнат тўғрисидаги меъёрий ҳужжатларда ёки меҳнат шартномаси шартларида назарда тутилган бошқа ҳолларда ходимларга йиллик қўшимча таътил берилади.

 

Меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш жойларини аттестациялаш натижалари бўйича меҳнат шароити ноқулай, соғлиқ учун зарарли ва хавфли деб эътироф этилади. Мулкчилик, хўжалик юритиш шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар корхоналар ўзлари белгилаган даврларда, бироқ 5 йилда камида бир маротаба махсус Меҳнат шароитларини баҳолаш ва меҳнат шароитларига кўра иш жойларини аттестациялаш методикаси2 (бундан кейин – 247-сон Методика) бўйича аттестация ўтказишлари шарт.

 

Баҳолаш натижалари бўйича ноқулай меҳнат шароитларидаги иш учун йиллик қўшимча ҳақ тўланадиган таътил муддати белгиланади. Бевосита тегишли шароитларда ишлаётган ходимларгина уни олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

 

Ўта зарарли ва ўта оғир меҳнат шароитида ишлайдиган ходимлар учун қўшимча таътилнинг энг кам муддати камида 12 иш кунини ташкил этиши керак (ВМнинг 11.03.1997 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини амалга ошириш учун зарур бўлган норматив ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги 133-сон Қарори 2-банди). Бунда 247-сон Методикада айрим тоифадаги ходимлар учун қўшимча таътилларнинг муддати 33 кунгача бўлиши назарда тутилади. Улар 48 иш кунидан ошмаслиги керак бўлган йиллик таътилнинг умумий муддатини ҳисоблаб чиқариш учун йиллик асосий таътилга қўшиб ҳисобланади.

 

12 ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи ёки 16 ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларга ҳам 3 иш кунидан кам бўлмаган қўшимча таътил берилади (МКнинг 232-моддаси). Бундан ташқари, уларнинг хоҳишига кўра, уларга ҳар йили 14 календарь кундан кам бўлмаган муддат билан иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин. Бундай таътил йиллик таътилга қўшиб берилиши ёки иш берувчи билан келишиб белгиланадиган даврда ундан алоҳида (тўлиқ ёхуд қисмларга бўлиб) фойдаланилиши мумкин.

 

Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар, шунингдек Чернобиль ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолганлар (Чернобиль АЭСда ишлаган ёки ҳалокат натижасида зарарланган зонада ҳалокат оқибатларини тугатиш ишларида иштирок этган (шу жумладан, вақтинча ишга юборилган ёки хизмат сафарига жўнатилган) шахслар, махсус йиғинларга чақирилган ва ҳалокат оқибатларини тугатиш билан боғлиқ зарарланган зонадаги ишларни бажаришга жалб этилган ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий мажбуриятли шахслар) ҳар йили бир марта, иш ҳақи сақланган ҳолда 14 календарь кундан иборат ҳар йилги қўшимча таътил олиш ҳуқуқига эгалар (Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрган Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи фуқароларга бериладиган ҳақ-ҳуқуқлар, пул компенсациялари ва имтиёзлар рўйxати3).

 

Меҳнат битимида қўшимча таътил бериш шарти кўрсатилган ходимларга ҳам шундай таътил берилади.

 

Фойдага солиқ солиш мақсадида ходимларга қўшимча таътиллар ҳамда меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган ­меъёр­лардан ташқари таътиллар ҳақини тўлаш харажатлари СКнинг 143-моддасига кўра чегириладиган харажатлар деб ҳисобланади.

 

КУНЛАРНИ ҲИСОБЛАЙМИЗ

Таътил муддати таътил олиш ҳуқуқини берадиган иш йили (иш стажи)дан келиб чиқиб ҳисобланади. Иш йили календарь йилдан фарқ қилади, юқорида таъкидланганидек, ҳар бир ходимнинг иш йили алоҳида ҳисобланади. Унинг бошланиши меҳнат шартномасига мувофиқ ходимнинг корхонадаги биринчи иш куни билан белгиланади ҳамда қонун ҳужжатлари ва ички локал ҳужжатларга кўра таътилни ҳисоблаб чиқариш учун стажга киритиладиган даврлар ҳисобга олинади.

 

Ҳатто корхонада 5 кунлик иш ҳафтаси белгиланган бўлса ҳам, таътилларнинг муддати 6 кунлик иш ҳафтаси юзасидан календарь бўйича иш кунлари билан ҳисоблаб чиқарилади (МКнинг 139-моддаси).

 

МИСОЛ. Ходимга 2014 йил 1 июлдан йиллик 15 кунлик меҳнат таътили берилди. Таътил даври 1 июлдан 17 июлга қадар давом этади. 18 июль – таътилдаги ходимнинг ишга чиқиш куни.

 

Таътил даврига тўғри келиб қолган ишланмайдиган байрам кунлари таътил муддатини белгилашда ҳисобга олинмайди. Яъни таътил кунлари ҳисоб-китоби чоғида таътил даврига тўғри келган якшанба кунлари ва ишланмайдиган байрам кунлари ҳисобга олинмайди ва уларга ҳақ тўланмайди.

 

МИСОЛ. Ходимга 2014 йил 14 июлдан 15 иш кунига йиллик меҳнат таътили берилди. Ушбу даврда 28 июль байрам кунидир. Таътил ушбу кунга узайтирилади ва 14 июлдан 31 июлгача берилади. Ишга чиқиш куни 1 август бўлади.

 

Агар таътил дам олиш куни арафасида тугаса, ходим дам олиш кунидан кейинги биринчи иш кунида ишга тушиши керак.

 

МИСОЛ. Ходимга меҳнат шартномасига кўра 20 кунлик йиллик меҳнат таътили берилган, таътилга у 2014 йил 1 августдан чиқади. Таътил даври шанба куни – 23 августда тугайди. Ишга чиқиш куни 25 август ҳисобланади. 

 

Йиллик таътилнинг умумий муддатини ҳисоблаб чиқаришда қўшимча таътиллар йиллик асосий таътилга (15 иш куни), узайтирилган таътил белгиланган ходимлар учун эса асосий узайтирилган таътилга қўшиб жамланади. Бироқ барча ҳолларда қонун ҳужжатлари билан белгиланган таътилларни жамлашда уларнинг умумий муддати 48 иш кунидан ошиб кетиши мумкин эмас (МКнинг 140-моддаси) 

 

МИСОЛ. Аппретуралар тузувчи ишчи жамоа шартномасига кўра асосий таътил – 15 кун ва қўшимча таътил – 36 кун олиш ҳуқуқига эга. Таътилнинг умумий муддати 48 иш кунидан ошиши мумкин эмаслиги сабабли ходим 51 (15 + 36) кун эмас, фақат 48 иш куни муддатидаги таътилни олишга ҳақли.

 

Бироқ бу ҳолат ушбу ёки бошқа ходимларга худди шундай вазиятда 48 иш кунидан ошадиган таътил берилиши мумкин эмаслигини англатмайди. Юқорида кўрсатилган чеклов энг кам муддати қонун ҳужжатлари билан белгиланган таътилларгагина татбиқ этилади. Тармоқ битимлари, жамоа шартномаси билан ёки меҳнат шартномаси тарафларининг келишувига кўра 48 иш кунидан кўпроқ муддатдаги ҳақ тўланадиган таътил ҳам назарда тутилиши мумкин.

Таътиллар муддатини ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқаришда уларнинг муддати ҳар бир тўлиқ таътил миқдорини 12 га бўлиб, сўнг тўлиқ ишланган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади. Бунда 15 календарь кунга тенг ва ундан кўп бўлган кунлар бир ой деб яхлитланади, 15 календарь кундан ками эса чиқариб ташланади.

 

МИСОЛ. Ходим 9 ойу 17 кун ишлади. Жамоа шартномасига кўра унга қонун ҳужжатларида назарда тутилган асосий таътил – 15 иш куни берилиши керак. Таътил ишланган вақтга мутаносиб равишда берилади. Унинг муддати 13 кунни (15 / 12 х 10) ташкил этади.

 МИСОЛ. Ходим 8 ойу 12 кун ишлади. Меҳнат шартномасига кўра унга асосий таътил – 15 иш куни ва қўшимча 6 кун берилиши керак. Ишланган вақтга мутаносиб равишда бериладиган таътил муддати 14 кунни ташкил қилади, шу жумладан асосий таътилнинг 10 куни (15 / 12 х 8) ва қўшимча таътилнинг 4 куни (6 / 12 х 8).

 ЯРИМ ЙИЛ ИШЛАДИМ, ЭНДИ ДАМ ОЛИШИМ МУМКИН

Йиллик асосий таътилни олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига қуйидагилар киради:

 

иш йили давомида ҳақиқатда ишланган вақт;

 

ходим ҳақиқатда ишламаган бўлса ҳам, лекин унинг иш жойи (лавозими) сақланган вақт. Масалан, малака ошириш курсларида, хизмат сафарида бўлганда, байрам ва дам олиш кунлари, йиллик меҳнат таътили олиш даври, касал бўлган (вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик), ҳомиладорлик ва туғиш таътилида бўлиш вақти ва ҳоказо;

 

меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинганлиги ёки ходим бошқа ишга ўтказилганлиги натижасида қилинган ҳақ тўланадиган мажбурий прогул вақти, башарти ходим кейинчалик аввалги ишига тикланган бўлса;

 

тармоқ келишувлари, жамоа шартномалари ва корхонанинг ўзга локал ҳужжатлари, меҳнат шартномасининг шартларида назарда тутилган бошқа даврлар. Масалан, жамоа шартномасига кўра, йиллик ҳақ тўланадиган таътилга чиқиш ҳуқуқини берадиган иш стажига иш ҳақи сақланмаган ҳолда 2 ҳафта ва ундан кўп, бироқ 8 ҳафтадан ошмайдиган таътил киритилади.

 

Таътилларни ҳисоб-китоб қилиш учун стажга қуйидаги вақт киритилмайди:

 

ходимнинг узрли сабабларсиз ишда бўлмаган вақти;

 

болани парваришлаш бўйича қисман ҳақ тўланадиган таътил вақти;

 

муддати 2 ҳафтадан ошадиган иш ҳақи сақланмайдиган таътил вақти.

  

МИСОЛ. 2012 йил 1 майда ишга тушган ходим 3 ой (1.06.2012 йилдан 31.08.2012 йилгача) корхона раҳбари билан келишган ҳолда иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлди. 2013 йил 2 сентябрдан унга тасдиқланган жадвалга кўра таътил берилади. Корхонанинг локал ҳужжатларида йиллик ҳақ тўланадиган таътил олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига 2 ҳафтадан зиёд иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлиш вақтини киритиш назарда тутилмаган. Шу сабабли стажни ҳисоб-китоб қилиш чоғида 2012 йилнинг 1 июнидан 14 июнигача бўлган давр стажга киритилади, 15 июндан 31 августгача бўлган давр эса киритилмайди. Шу тариқа, ходимга 2012 йил 1 майдан 2013 йил 14 июлгача ишлаган даври учун таътил берилади. Яъни унинг иш йили 2 ҳафтадан кўпроқ иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлиш даврига узайтирилган.

Йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун 6 ой ишлангандан кейин берилади.

 

МИСОЛ. Ходим 2014 йил 5 майдан ишлай бошлаган. Меҳнат шартномасида унга 24 иш кунидан иборат йиллик таътил белгиланган. 6 ой тугагач – 2014 йил 5 ноябрда ходим биринчи иш йили учун 24 иш кунидан иборат таътилга чиқишга ҳақлидир.

Агар ходим иш берувчи билан шартномага кўра тўлиқсиз иш кунида, масалан, 5 кунлик иш ҳафтасида 4 соатдан ишлашга қабул қилинган бўлса, у тўлиқ иш вақтида ишлайдиган шахслар билан тенг меҳнат ҳуқуқларига эга бўлади. Яъни унга тўлиқ йиллик таътил берилади, иш даври тўлиқ иш вақти сифатида меҳнат стажига ҳисобланади ва ҳ.к. Тўлиқсиз иш вақти шарти билан ишлаш ходимнинг йиллик асосий меҳнат таътилининг муддатини, меҳнат стажини ҳисоблашни ҳамда бошқа меҳнат ҳуқуқларини бирон-бир тарзда чеклашга асос бўлмайди (МКнинг 119-моддаси).

 

Таътил қуйидаги ходимларга уларнинг хоҳиши бўйича 6 ой ўтмасдан олдин берилади:

 

аёлларга – ҳомиладорлик ва туғиш таътили олдидан ёки ундан кейин;

 

I ва II гуруҳ ногиронларига;

 

18 ёшга тўлмаган шахсларга;

 

муддатли ҳарбий хизматдан резервга бўшатилган ва ишга жойлашган ҳарбий хизматчиларга;

 

ўриндошлик асосида ишлаётганларга – асосий иш жойидаги таътил билан бир вақтда, ўриндошлик асосида ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўлаган ҳолда;

 

ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда умумий таълим мактабларида, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларида, кадрларнинг малакасини ошириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш институтлари ва курсларида ўқиётганларга, агар улар ўзларининг йиллик таътилларини имтиҳонлар, синовлар (зачётлар) топшириш, диплом, курс, лаборатория ва бошқа ўқув ишларини бажариш вақтига тўғрилаб олишни хоҳласалар;

 

технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки ишлар хусусияти ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ходимларга.

 

Мактаблар, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртлари, кадрларнинг малакасини ошириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш институтлари ва курсларининг муаллимларига биринчи иш йилида йиллик таътил, уларнинг мазкур ўқув юртига ишга кирган вақтидан қатъи назар, ҳақиқий ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўлаган ҳолда ёзги таътил даврида тўлиқ берилади.

 

Биринчи иш йили учун йиллик асосий таътил 6 ой ишлагандан кейин берилиши сабабли иш берувчи, масалан, 4 ой ишлаган ва кейин ишдан бўшаш нияти билан таътилга ариза берган ходимнинг илтимосини рад этишга ҳақлидир. Албатта, агар у юқорида саналган, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига кўра 6 ой ўтмасдан таътил берилиши керак бўлган шахслар гуруҳига кирмаса. Ушбу ҳолда ишдан бўшаётган ходимга фойдаланилмаган таътил учун компенсация тўланади.

 

 

ИККИ ЙИЛ ВА УНДАН КўП ВАқТ ИШЛАДИНГИЗ

Йиллик асосий таътил иккинчи ва ундан кейинги иш йиллари учун таътиллар жадвалига мувофиқ иш йилининг исталган вақтида берилади.

 

МКда белгиланишича, таътил ҳар йили, шу таътил берилаётган иш йили тугагунга қадар берилиши лозим. Ишлаб чиқариш тусидаги сабабларга кўра жорий йилда таътилни тўлиқ бериш имкони бўлмаган алоҳида ҳолларда, ходимнинг розилиги билан таътилнинг 12 иш кунидан ортиқ бўлган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин, шу йили ундан албатта фойдаланилмоғи лозим.

 

18 ёшга тўлмаган ходимларга йиллик таътилни, шунингдек меҳнат жараёнида соғлиғига физикавий, ­кимёвий, биологик ва ишлаб чиқаришнинг бошқа зарарли омиллари таъсир этадиган ходимларга йиллик қўшимча таътилларни бермаслик тақиқланади (МКнинг 137, 143-моддалари).

  

СИЗ ЖАДВАЛДА ЙЎҚСИЗ...

МКнинг 144-моддасига кўра йиллик таътилларни бериш навбати таътиллар жадвалига мувофиқ белгиланади. Уни тузиш чоғида меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг меъёрлари, корхона фаолиятининг ўзига хослиги ва ходимларнинг хоҳишлари ҳисобга олиниши керак. Қуйидаги ходимларнинг аризасига кўра таътил ёзги ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда берилиши мумкин:

 

14 ёшга тўлмаган битта ёки ундан ортиқ болани (16 ёшга тўлмаган ногирон болани) тарбиялаётган ёлғиз ота, ёлғиз онага (бева эркаклар, бева аёллар, никоҳдан ажрашганлар, ёлғиз оналарга) ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига;

 

I ва II гуруҳ ногиронларига;

 

1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга (Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомга4 1-илова билан белгиланган уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар доираси);

 

18 ёшга тўлмаган шахсларга;

 

таълим муассасаларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиётганларга;

 

жамоа шартномаси, келишувида ва (ёки) меҳнат шартномасида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

 

Бундан ташқари, ишлаётган эркакларга йиллик таътил уларнинг хоҳишларига биноан, уларнинг мазкур иш берувчида қанча вақт ишлашидан қатъи назар, хотинларининг ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида берилиши мумкин.

 

Йиллик таътиллар жадвали календарь йил охирида тузилади, касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилади ва корхона раҳбари томонидан тасдиқланади. У кейинги йилги ходимлар таътилларини тақсимлаш вақти (навбатлилиги)ни акс эттиради. Жадвал эркин шаклда тузилади. Унда қуйидаги маълумотларни очиб берадиган устунлар ва сатрлар бўлиши керак:

 

таркибий бўлинма (бўлим)нинг номи;

 

ходимнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва табель рақами;

 

унинг лавозими номи;

 

таътилнинг иш кунларидаги муддати;

 

таътилга чиқиш санаси;

 

ишга тушиш санаси;

 

бошқа маълумотлар (таътилни ўзгартириш, уни кўчириш тўғрисидаги ахборот, таътил санасини ўзгартиришга асос бўлган ҳужжатлар ва ҳоказо).

 

Жадвални тузиш чоғида ходим фойдаланмаган таътиллар ҳисобга олиниши керак. Агар таътил қисмларга бўлинса, унда таътилнинг ҳар бир қисми кунлари сони кўрсатилади. Календарь йил мобайнида ходим турли иш йиллари учун бир нечта таътилдан фойдаланиши мумкин.

 

Таътиллар жадвали иш берувчи ҳам, ходимлар ҳам бажариши мажбурий бўлган локал меъёрий ҳужжат ҳисобланади. Яъни иш берувчи ҳам, ходим ҳам жадвал билан белгиланган таътилга чиқиш вақтини бир тарафлама тартибда ўзгартиришга ҳақли эмас. Уни фақат улар ўртасидаги келишувга кўра ўзгартириш мумкин.

 

Корхона раҳбари тасдиқлаган таътиллар жадвали барча ходимларнинг эътиборига етказилиши керак. Буни уч усул билан бажариш мумкин:

 

ходимларни таништириш учун уни эълонлар тахтасига илиб қўйиш;

 

ходимлар у билан танишганлиги ва таътил бошланиши санасига розилиги тўғрисида белги қўйиш учун жадвалга қўшимча устун киритиш;

 

ходимларни таътил бошланадиган сана тўғрисида тилхат олиб таништириш.

 

Бироқ бу иш берувчининг таътил бериш вақти ҳақида ҳар бир ходимни таътил бошланишидан камида 15 кун олдин хабардор қилиш (МКнинг 144-моддаси) мажбуриятини истисно этмайди. Хабарномани хабардор қилинаётган ходимдан тилхат олиб ёзма шаклда бериш керак.

 

Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида таътил беришни расмийлаштириш тартибига доир бирор-бир қатъий талаблар белгиланмаган. Ҳар бир иш берувчи уни мустақил равишда белгилайди. У жадвал асосида ҳам, ходимнинг аризасига кўра ҳам таътил бериш тўғрисида буйруқ чиқариши мумкин. Амалиётда таътил бошланишига қадар таътилга аризани албатта янги қабул қилинган ва жадвалга киритилмаган ходимлар ёки уни 6 ой ишлагандан кейин олишни хоҳлайдиганлар ёзадилар. У корхона раҳбари номига эркин шаклда ёзилади.

  

АВВАЛО ЎРТАЧА ИШ ҲАҚИНИ БЕЛГИЛАЙМИЗ

Таътилга ҳақ тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақи Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартибининг5 (бундан кейин – 133-сон Тартиб) 1-банди билан белгиланган тартибда ҳисобланади. Ҳисоб-китоб тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошига ҳисоблаш даврида белгиланган тариф ёки маошдан ошган сумманинг 1/12 қисмини қўшган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Тарифдан ортиқ тўловларга ишбай асосида ишлаб топилган қўшимча иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, иш ҳақига қўшимча ҳақлар ва ижтимоий суғурта бўйича бадаллар ҳисобланадиган бошқа тўловлар киради. Бундай ҳисоб-китоб доимий тусда бўлмаган барча тўловларни (мукофотлар, иш вақтидан ташқари ишлар ва ҳоказо) ҳисобга олиш имконини беради, бу эса таътил пули суммасини кўпайтиради.

 

Иш ҳақи (лавозим маоши)нинг тариф қисмидан ошадиган тўловларни белгилаш учун ходим таътилга чиқишидан аввалги 12 ойга тенг ҳисоб-китоб даври инобатга олинади. Агар у ой бошидан эмас, масалан, 2014 йил 17 мартдан таътилга чиқса, ҳисоб-китоб даври жорий йилнинг февралидан ҳисобланиб, 12 ой орқага, яъни 2013 йил мартига қадар қайтилади. Таътил пули (тарифдан ташқари 1/12 қисм) суммаларини аниқлаш учун ҳисоб-китоб даври ҳар доим, таътил қандай давр учун берилишидан қатъи назар, бир хилда – унинг бошланишидан аввалги 12 ой учун ҳисобланади.

 

Биринчи йил ишловчилар учун ҳисоб-китоб даври 12 ойдан кам бўлиши мумкин, чунки биринчи иш йили учун таътил 6 ой ишлагандан кейин берилиши мумкин.

 

МИСОЛ. Ходимга корхонада 6 ой ишлагандан кейин меҳнат таътили берилди. Таътил пулини ҳисоб-китоб қилиш учун ҳисоб-китоб даври бўлиб 6 ой ҳисобланади. 7 ой ишлаганда ҳисоб-китоб даври, тегишинча, таътил бошланишидан аввалги 7 ойни ташкил этади ва ҳоказо.

Шу тариқа, ўртача иш ҳақини ҳисоб-китоб қилиш учун қуйидагилар ҳисобга олинади:

 

тариф ставкалари, маошлар (мансаб маошлари)дан келиб чиққан ҳолда ишланган вақт учун ҳисобланган иш ҳақи;

 

ишбай нархлар бўйича бажарилган иш учун ҳисобланган иш ҳақи;

 

маҳсулотни реализация қилиш (ишларни бажариш, хизматларни кўрсатиш)дан олинган тушумдан фоизларда ҳисобланган иш ҳақи ёки воситачилик ҳақи;

 

пулсиз шаклда берилган иш ҳақи;

 

мудофаа, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар вазирликларининг, Миллий хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиларига, ички ишлар органларининг оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркибига ҳамда Давлат божхона қўмитасининг ходимларига хизматни ўташи (хизмат мажбуриятларини бажариши) муносабати билан тўланадиган пул таъминоти, пул мукофотлари ва бошқа тўловлар. Бунда таъминот суммалари ва бошқа ўтказилган тўловларга ягона ижтимоий тўлов солинмайди, бироқ 2012 йил 1 августдан бошлаб фуқароларнинг суғурта бадаллари солиш объекти ҳисобланади;

 

илмий даража (агар уларни корхона тўласа) ва фахрий унвон учун қўшимча тўловлар;

 

рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар;

 

компенсация тўловлари;

 

ишланмаган вақт учун ҳақ тўлаш;

 

юридик шахснинг бошқарув органи (кузатув кенгаши ёки бошқа шунга ўхшаш органи) аъзоларига юридик шахснинг ўзи томонидан амалга ошириладиган тўловлар.

 

СКнинг 172-моддасида юқорида саналган тўловлар солиқ солиш мақсадида меҳнат ҳақи тарзидаги даромадлар деб эътироф этилади.

 

Ўртача иш ҳақини ҳисоб-китоб қилиш учун меҳнат ҳақига кирмайдиган ва суғурта бадаллари солинмайдиган тўловлар ҳисобга олинмайди (СКнинг 306–308-моддалари). Иш берувчи билан меҳнатга оид муносабатларда бўлган ва тузилган меҳнат шартномасига (контрактига) мувофиқ ишларни бажараётган жисмоний шахсларга тўланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга ижтимоий суғурта бўйича бадаллар солинади (СКнинг 172-моддаси).

 

Суғурта бадаллари қуйидаги тўловларга ҳисобланмайди:

 

меҳнатда майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача шикаст етганлик билан боғлиқ зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича белгиланган миқдорлардан ортиқча олинган тўловлар;

 

олий ўқув юртини тугатгандан кейин таътил вақтида ёш мутахассисларга юридик шахслар ҳисобидан тўланадиган нафақалар;

 

қуйидагилар:

 

давлатлар, давлатларнинг ҳукуматлари, халқаро ва хорижий ҳукумат ташкилотлари;

 

Ўзбекистон Республикасининг ҳукумати белгилаган рўйхатга киритилган халқаро ва хорижий ноҳукумат ташкилотлари томонидан;

 

Ўзбекистон халқаро шартномалари доирасида тақдим этилган грант маблағлари ҳисобига олинадиган меҳнат ҳақи тарзидаги даромадлар.

 

Мулкий даромадлар (СКнинг 176-моддаси), моддий наф тарзидаги даромадлар (СКнинг 177-моддаси), шунингдек бошқа даромадларга (СКнинг 178-моддаси) ягона ижтимоий тўлов ва фуқароларнинг суғурта бадаллари солинмайди, шу боис ҳам улар таътил пули ҳисоб-китобига киритилмайди.

 

Таътилларнинг муддати 6 кунлик иш ҳафтаси юзасидан календарь бўйича иш кунлари билан ҳисоблаб чиқарилади (МКнинг 139-моддаси). Шу боис, ҳатто корхонада 5 кунлик иш ҳафтаси белгиланган бўлса ҳам, таътил 6 кунлик иш ҳафтасидан келиб чиқиб ҳисобланади. Таътил пули ҳисоб-китоби ёки фойдаланилмаган таътил учун компенсация ҳисоб-китобида 6 кунлик иш ҳафтаси ҳисобида ўртача ойлик муддат 25,4 кун миқдорида қабул қилинади (Меҳнат вазирлиги ва Касаба уюшмалари федерацияси Кенгашининг 15.12.1993 йилдаги 1312/12-05/652-сон 40 соатлик иш ҳафтаси ва иш вақти баланси ҳисоб-китоби тартибини жорий этиш бўйича тушунтиришлар). Тегишинча, таътил пули ҳисоб-китоби учун ўртача кунлик иш ҳақи ўртача ойлик иш ҳақини 25,4 га бўлиш йўли билан аниқланади.

  

ТАЪТИЛ ПУЛИНИ ҲИСОБЛАШ ТАРТИБИ:

ҳисоб-китоб санасида тариф (лавозим маоши) бўйича иш ҳақи аниқланади;

12 ой учун (биринчи йил ишлаётганларга – ишланган ойлар сони учун) тарифдан (лавозим маошидан) ортиқча тўловлар қўшилади;

тариф ставкаси (лавозим маоши) ва тарифдан ортиқча маблағнинг 1/12 қисмини (биринчи йил ишлаётганларга – 1/6, 1/7 ва ҳоказо) қўшиш йўли билан ўртача ойлик иш ҳақи ҳисобланади;

ўртача ойлик иш ҳақини 25,4 га бўлиш билан ўртача кунлик иш ҳақи ҳисобланади;

ўртача кунлик иш ҳақини таътил кунлари сонига кўпайтириш йўли билан таътил пули суммаси ҳисобланади.

 

МИСОЛ. Корхона ходимига 2014 йил 3 мартдан 24 иш куни муддатига (15 кун асосий ва 9 қўшимча кун) навбатдаги йиллик таътил берилган. Таътилга чиқиш олдидан 12 календарь ойдаги иш ҳақи: 

 

Ойлар

 

Иш ҳақи
(минг сўм)

 

Шу жумладан тариф бўйича
(минг сўм)

 

Тарифдан ортиқча
(минг сўм)

 

2013 йил март

 

400

 

370

 

30

 

2013 йил апрель

 

400

 

370

 

30

 

2013 йил май

 

410

 

380

 

30

 

2013 йил июнь

 

410

 

380

 

30

 

2013 йил июль

 

410

 

380

 

30

 

2013 йил август

 

410

 

380

 

30

 

2013 йил сентябрь

 

410

 

380

 

30

 

2013 йил октябрь

 

410

 

380

 

30

 

2013 йил ноябрь

 

410

 

380

 

30

 

2013 йил декабрь

 

410

 

380

 

30

 

2014 йил январь

 

410

 

380

 

30

 

2014 йил февраль

 

390

 

390

 

 

12 ой учун жами

 

4 880

 

4 550

 

330

 

  

 

Ҳисоб-китоб кунида тарификация бўйича иш ҳақи – 390 минг сўм.

 

Охирги устунда суғурта бадаллари ҳисобланадиган суммалар кўрсатилган.

 

Мазкур вазиятда ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи:

 

390 + 330 / 12 = 417,5 минг сўмни ташкил қилади,

 

бу ерда:

 

390 – тариф ставкаси;

 

330 – ундан ошадиган суммалар;

 

12 – ҳисоб-китоб давридаги ойлар сони.

 

Ҳисоб-китоб давридаги ўртача кунлик иш ҳақи 16 437 сўмни (417 500 / 25,4); ҳисобланган таътил пуллари суммаси 394 488 сўмни (16 437 х 24) ташкил этади.

 

Таътил пулига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади, ундан мажбурий суғурта бадаллари ушланади ва ягона ижтимоий тўлов ҳисоблаб ёзилади. Бундан ташқари, ундан ходимларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига бюджетга тўланадиган ЖШДС суммасини камайтириш ҳисобига 1 фоизлик ажратмалар амалга оширилади.

 

 МУКОФОТЛАРНИ УНУТМАНГ

Таътил пулларини ҳисоб-китоб қилиш чоғида ўртача иш ҳақига мукофотлар киритилади. Бунда фақат ҳисоб-китоб даврида ҳисобланган суммалар, ҳисоблаб ёзиш давридан қатъи назар, ҳисобга олинади.

 

МИСОЛ. Ходимга 2014 йил 2 январдан бошлаб 24 иш куни давом этадиган навбатдаги меҳнат таътили берилди. Ҳисоб-китоб кунида унинг лавозим маоши (тариф қисми) 850 минг сўмни ташкил қилган.

 

Иш ҳақи (лавозим маоши)нинг тариф қисмидан ошадиган тўловларни белгилаш учун меҳнат таътили бошланишидан аввалги 12 ойга тенг бўлган давр (2013 йил январь–декабрь) ҳисобга олинади.

 

Ҳисоб-китоб даврида ходим мукофотлаш тўғрисидаги низомга кўра ойлик мукофот тарзида 4 620 минг сўм олган.

 

Унинг ўртача ойлик иш ҳақи 1 235 минг сўмни (850 + 4 620 / 12), ўртача кунлик иш ҳақи 48 622 сўмни (1 235 / 25,4) ташкил қилади.

 

24 иш куни учун таътил пули суммаси 1 166 928 сўмга (48 622 х 24) тенг.

Агар чораклик мукофот ҳисоб-китоб давридан кейин, гарчи унга кирадиган ойлар учун ҳисобланса ҳам, ўртача иш ҳақини ҳисоблашда у ҳисобга олинмайди, балки кейинги ҳисоб-китоб даврига киради (тарифдан ортиқча миқдорнинг 1/12 қисми тарзида). Масалан, жорий йилнинг мартида таътил олган ходимга биринчи чорак учун мукофот апрелда ҳисоблаб ёзилган, майда тўланган. У кейинги таътилларни ҳисоб-китоб қилишда (таътил пули ҳисоб-китобига кирадиган ҳисоб-китоб даврида) ҳисобга олинади.

  

МИСОЛ. Ходимга 2014 йил 4 апрелдан 24 иш кунига навбатдаги меҳнат таътили берилди. Лавозим маоши 850 минг сўмга тенг. Ҳисоб-китоб даври 12 ойни (2013 йил март – 2014 йил март) ташкил этади. Ушбу даврда маошдан ошадиган тўловлар 2 800 минг сўмни ташкил қилди, шундан 600 минг сўми 2014 йил I чораги учун 31 мартда ҳисоблаб ёзилган мукофотдир.

 

Меҳнат таътилига ҳақ тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақи 1 083,333 минг сўмни (850 + 2 800 / 12); ўртача кунлик иш ҳақи 42 650,9 сўмни (1 083 333 / 25,4); 24 кун учун таътил пули суммаси 1 023 621,6 сўмни (42 650,9 х 24) ташкил қилади.

 

МИСОЛ. Ходим 2014 йил 4 апрелдан 24 иш кунига таътилга чиқди. Ҳисоб-китоб кунида унинг маоши 850 минг сўмга тенг. Ҳисоб-китоб даврида (2013 йил апрель – 2014 йил март) лавозим маошидан ошадиган тўловлар 2 200 минг сўмни ташкил қилди.

 

Жорий йилнинг I чораги якунлари бўйича мукофот (600 минг сўм) 2014 йил 22 апрелда, яъни ҳисоб-китоб даврига кирмайдиган пайтда ҳисоблаб ёзилган.

 

Ўртача ойлик иш ҳақи 1 033,333 минг сўмни (850 + 2 200 / 12); ўртача кунлик иш ҳақи 40 682,4 сўмни (1 033 333 / 25,4); 24 кун учун таътил пули 976 377,6 сўмни (40 682,4 х 24) ташкил этади.

Йиллик иш якунлари бўйича тақдирловларга («ўн учинчи маош») ва бошқаларга нисбатан таътил пули ҳисоб-китобида худди шундай тартиб қўлланади.

 

Ишбай меҳнат ҳақи оладиган ходимларга таътил пули ҳисоб-китоби, 133-сон Тартибнинг 1-бандига кўра, ҳисоб-китоб кунидаги иш ҳақидан (тарификация бўйича) келиб чиқиб, ҳисоб-китоб даврида белгиланган тартибда тарифдан ортиқча тўловларга кўпайтирган ҳолда амалга оширилади.

 

Агар ходимнинг иш ҳақига маош, ишбай иш ҳақи ва мукофотлар кирса (меҳнатга ҳақ тўлашнинг ҳам вақтбай, ҳам ишбай шакллари элементларини ўз ичига олса), таътил пули ҳисоб-китоби чоғида ҳам 133-сон Тартибнинг 1-банди қўлланади. Ҳисоб-китоб ҳисоблаш кунидаги лавозим маоши (тариф ставкаси) бўйича амалга оширилади, ишбай иш ҳақи ва мукофот тарифдан ортиқча қисмга киритилади.

  

МИСОЛ. Ишчига 2013 йил 1 декабрдан 18 иш кунига меҳнат таътили берилди. Ҳисоб-китоб кунида унинг иш ҳақи тариф бўйича 510 минг сўмни ташкил қилган. Ундан ташқари ҳисоб-китоб даврида (2012 йил декабрь – 2013 йил январь–ноябрь) қуйидаги тўловлар амалга оширилган: февралда – ишлаб чиқариш натижалари учун мукофот – 888 минг сўм; июнда – ишбай иш ҳақи – 660 минг сўм; сентябрда – тунги вақтдаги иш учун қўшимча ҳақ – 25 минг сўм; ноябрда – меъёрлардан ортиқча дала таъминоти – 125 минг сўм.

 

Ўртача ойлик иш ҳақи 651,5 минг сўмни (510 + (888 + 660 + 25 + 125) / 12), таътил пули эса 461 693 сўмни ташкил қилади.

 

ҲИСОБ-КИТОБНИНГ НОЗИК ЖИҲАТЛАРИ

Таътил пулини ҳисоб-китоб қилиш чоғида ходимларга тўланадиган йўлкира ҳақи ва овқатланиш учун қўшимча тўловлар ҳам, иши сайёр тусда бўлган ходимларга бериладиган йўл чипталари ёки овқатланиш талонларининг қиймати ҳам ҳисобга олиниши керак. Солиқ солиш мақсадида улар компенсация тўловлари деб эътироф этилади (СКнинг 174-моддаси) ва уларга ижтимоий суғуртага ажратмалар (ЯИТ ва фуқароларнинг суғурта бадаллари) солинади. Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоб-китоб қилишда улар тарифдан ортиқча қисмга киритилиши керак.

  

МИСОЛ. Ишчи 2014 йил 2 январдан бошлаб 8 иш кунига меҳнат таътилини расмийлаштирди. Ҳисоб-китоб кунида унинг иш ҳақи тариф бўйича 700 минг сўмни ташкил қилган. Ҳисоб-китоб даврида (2013 йил январь–декабрь) ундан ортиқча ҳар ойда йўлкира ва овқатланишга ЭКИҲнинг 1 баравари миқдорида қўшимча тўлов амалга оширилган.

 

Меҳнат таътилига ҳақ тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақи 784 347 сўмни (700 000 + (79 590 х 7 + 86 413 + 91 530 х 3 + 94 025) / 12) ташкил қилади,

 

бу ерда:

 

79 590 – 2012 йил 1 декабрдан 2013 йил 15 августгача белгиланган ЭКИҲ;

 

86 413 – августда ҳисобга олинадиган ўртача ойлик ЭКИҲ (79 590 х 9 + 91 530 х 12) / 21);

 

91 530 – 2013 йил 15 августдан белгиланган ЭКИҲ;

 

94 025 – декабрда ҳисобга олинадиган ўртача ойлик ЭКИҲ (91 530 х 10 + 96 105 х 12) / 12).

Таътил пули ҳисоб-китобида, агар у ҳисоб-китоб даврига тўғри келса, аввалги таътил учун таътил пулининг тарифдан ортиқча қисми ҳам ҳисобга олинади (яъни аввалги таътил пуллари суммасидан тариф қисми чегирилади).

 

МИСОЛ. Ходим 1 майдан 24 иш кунига таътил беришлари (шартномага кўра) тўғрисида ариза ёзди. Лавозим маоши – 500 минг сўм. Ҳисоб-китоб даври (2014 йил апрель – 2013 йил май) бўйича қуйидаги ахборот мавжуд:

 

(минг сўм)

Ой, йил

 

Жами ҳисоблаб ёзилган

 

Шу жумладан:

 

лавозим маоши

 

буйруқ бўйича қўшимча тўловлар (маошга 20%)

 

таътил пули

 

2014 йил апрель

 

600

 

500

 

100

 

 

2014 йил март

 

600

 

500

 

100

 

 

2014 йил февраль

 

600

 

500

 

100

 

 

2014 йил январь

 

600

 

500

 

100

 

 

2013 йил декабрь

 

540

 

450

 

90

 

 

2013 йил ноябрь

 

503

 

 

 

503

 

2013 йил октябрь

 

540

 

450

 

90

 

 

2013 йил сентябрь

 

540

 

450

 

90

 

 

2013 йил август

 

540

 

450

 

90

 

 

2013 йил июль

 

480

 

400

 

80

 

 

2013 йил июнь

 

480

 

400

 

80

 

 

2013 йил май

 

480

 

400

 

80

 

 

 

 

 

 

 

Жами

 

 

 

1 000

 

503

 

 

500 + (1 000 + (503 – 450) / 12) = 587,75 минг сўм.

 

587,75 / 25,4 х 24 = 555,354 минг сўм.

Таътил пули ҳисоб-китобига ходимларга кўрсатиладиган мод­дий ёрдам киритилмайди, чунки у ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари солинмайдиган даромадлар жумласига киради.

  

МИСОЛ. Ҳисоб-китоб кунида маош (тариф қисми) 800 000 сўм миқдорида белгиланган. Ҳисоб-китоб даврида (12 ой) ундан ошадиган тўловлар қуйидаги миқдорни ташкил қилди:

 

тизим низомига кўра ойлик мукофот – 720 000 сўм;

 

туман коэффициенти бўйича тўловлар – 647 560 сўм;

 

оилавий аҳволи муносабати билан моддий ёрдам – 500 000 сўм.

 

Таътил пули ҳисоб-китоби учун ўртача ойлик иш ҳақи 913 963 сўмни (800 000 + (720 000 + 647 560) / 12) ташкил қилади.

 

Таътил пули ҳисоб-китобида ходимлар хизмат сафарига юборилаётганда корхона раҳбарининг буйруғига (фармойишига) кўра тўланган меъёрдан ортиқча суткалик пуллар тарифдан ортиқча қисмга киритилади, чунки улар компенсация тўловлари деб эътироф этилади (СКнинг 174-моддаси), тегишинча, уларга ижтимоий суғуртага ажратмалар (ЯИТ ва фуқароларнинг суғурта бадаллари) солинади.

 

ФОИЗЛАР ҲИСОБЛАНМАГАНДА

Корхоналар меҳнатга ҳақ тўлашнинг турли тизимларини қўллашлари мумкин. Масалан, тарифсиз тизимни, бунда тўлов ҳисоб даври якунлари бўйича сотишдан фоизлар тарзида амалга оширилади. Мазкур тизимда ходимларнинг иш ҳақи фақат сотиш натижаларига боғлиқдир. Айни шу боис баъзи ойларда иш ҳақи бўлмаслиги ҳам мумкин, яъни иш ҳақи суммаси барқарор эмас, тўловлар эса мунтазам тусда бўлмайди. Масалан, ходимга 2014 йил 2 январдан 15 кунга таътил берилган. Тушумдан фоиз тарзида унга охирги меҳнат ҳақи 2013 йил сентябрда ҳисобланган. Ёки фоиз тақдирлови тарзидаги тўловлар ҳар ойда эмас, балки йил мобайнида 3–5 маротаба ҳисобланган.

 

Тушумдан фоизлар тарзидаги иш ҳақини мунтазам равишда олмайдиган ходимларга таътил пулини таътил бошланишидан аввалги 12 ой учун ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб ҳисоблаш мумкин.

  

МИСОЛ. Сотиш бўлими ходимга 2014 йил 2 январдан 15 иш кунига таътил берган. Тўловни у сотишдан белгиланган фоизлар тарзида олади.

 

Ҳисоб-китоб даврида (2013 йил январь–декабрь) 7 758 500 сўм, шу жумладан мартда 2 865 000 сўм, июнда 2 124 500 сўм ва сентябрда 2 769 000 сўм фоизлар ҳисобланган. Октябрь–декабрда сотишдан фоизлар ҳисобланмаган.

 

Ўртача ойлик иш ҳақи 646,542 минг сўмга (7 758,5 / 12); ўртача кунлик иш ҳақи 25,454 минг сўмга (646,542 / 25,4); таътил пули суммаси эса 381,81 минг сўмга (25,454 х 15) тенг.

 

 

ТЎЛИҚСИЗ ВА ИШБАЙ ИШЛАГАНДА

Агар ходим келишувга кўра тўлиқсиз иш вақти (тўлиқсиз иш куни, ҳафтаси) ишласа, бу ҳол МКнинг 119-моддасига кўра, унинг учун йиллик асосий меҳнат таътилининг муддатини бирон-бир тарзда чеклашга олиб келмайди ва ишланган вақтга ёки ишлаб чиқарилган маҳсулотга мутаносиб равишда ҳақ тўланади.

 

МИСОЛ. Ходим ҳар куни 8 соатлик иш кунида 5 соат ишда банд. Лавозим маоши – 700 минг сўм. Ҳақ ишланган вақтга мутаносиб равишда тўланади. Бундан аввалги 12 ой учун тарифдан ортиқча қўшимча тўловлар мавжуд эмас.

 

10 мартдан унга меҳнат шартномасига кўра 18 иш куни муддатига таътил берилган.

 

Ҳисоб-китоб кунида унинг маоши 434,177 сўмни (700 000 / 158 х 98); ўртача кунлик иш ҳақи 17,094 минг сўмни (434,177 / 25,4); таътил пули суммаси 307,692 минг сўмни (17,094 х 18) ташкил қилди.

  

МИСОЛ. Ходим (битта баҳо бериладиган операцияда банд бўлган бичиқчи) кунига 3 соат ишда банд (8 соатлик иш кунида). Унга ишбай баҳо – буюмларнинг бир комплектини бичганлик учун 45 минг сўм белгиланган.

 

10 мартдан ходимга 15 иш кунига таътил берилган.

 

Февралда ишбай иш ҳақи 850 минг сўмни ташкил этди. Аввалги 12 ой учун тарифдан ортиқча қўшимча тўловлар мавжуд эмас.

 

Таътил пули суммаси 501 969 сўмга (850 000 / 25,4 х 15) тенг.

Агар биринчи йил учун иш ҳисоб-китоб даври 12 ойдан кам бўлса, юқорида таъкидланганидек, тарифдан ортиқча қисм ишланган ойлар сонига (6, 7, 8 ва ҳоказо) бўлинади.

  

МИСОЛ. Сотиш хизмати ходими 6 ой ишлади ва унга 2014 йил 7 январдан таътил беришларини сўраб ариза ёзди. Лавозим маоши – 450 минг сўм; 6 ой учун мукофот – 300 минг сўм; овқатланиш учун дотациялар 2013 йил июль–декабрь учун – 360 минг сўм. Таътил 15 иш кунига берилди.

 

Тарифдан ортиқча қисм 660 минг сўмга (300 + 360) тенг. Ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоб-китобида у ишланган ойлар сонига (6) бўлинади. Ўртача ойлик иш ҳақи 560 минг сўмга (450 + 660 / 6); таътил пули суммаси эса 330 709 сўмга (560 000 / 25,4 х 15) тенг.

 

ҚАЙТА ҲИСОБЛАШ: БОР ЁКИ ЙЎҚ

Агар ходим унга вақтинча белгиланган маош билан таътилга чиқса, таътил пули унга таътил олдидан тўланган маош бўйича ҳисобланади. Масалан, ходим асосий иш жойи бўйича 0,5 ставкада банд. Иш ҳажмининг кўпайиши муносабати билан уни вақтинча юқорироқ маошли лавозимга ўтказиб, унга тўлиқ ставка учун ҳақ тўлашди. 3 ойдан кейин унга жадвал бўйича таътил берилади. Таътил пули ҳисоб-китоб санасидаги тарификация ёки лавозим маоши бўйича иш ҳақига қараб, яъни ходимнинг ушбу лавозимга вақтинчалик ўтказилишига қарамай, оширилган маош ва тўлиқ ставкадан келиб чиқиб белгиланади.

 

Камроқ лавозим маошига эга лавозимга ўтказиш чоғида таътил пули камроқ томонга қайта ҳисоб-китоб қилинмайди. Масалан, Ягона тариф тизими бўйича 8-разряд белгиланган ходима ана шу бўлимнинг бошқа ходимаси болани парвариш қилиш таътили даврида раҳбарнинг буйруғи билан вақтинча унинг лавозимига ўтказилди, бунда у Ягона тариф тизими бўйича 9-разрядга эга бўлади. Унга ўтказилган ходима навбатдаги меҳнат таътилини расмийлаштирди, 10 кун ўтгач болани парвариш қилиш таътилида бўлган ходима ишга чиқди. Унинг ўрнида ишлаб турган ходима иш берувчининг буйруғи билан автомат тарзда меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича аввалги 8-разрядга ўтказилди. Ходима таътилда бўлган даврда тариф (лавозим маоши) камроқ тарафга ўзгарганда ўртача ойлик иш ҳақи қайта ҳисоб-китоб қилинмайди, тегишинча, таътил вақтида аввалги 8-разрядга ўтказилган ходимага тўланган таътил пули суммаси қайта ҳисоб-китоб қилинмайди.

 

Ходим меҳнат таътилида бўлган даврда тариф ставкалари, лавозим маошларининг миқдорлари ошган ҳолларда корхона меҳнатга ҳақ тўлашнинг янги шартларида ишлаган кунларга тўғри келадиган иш кунларининг ҳақиқатдаги сони учун тўловни қайта ҳисоб-китоб қилади. Яъни иш ҳақи кўпайган пайтдан бошлаб таътил тугаган пайтгача бўлган давр учун ўртача иш ҳақи қисмига тузатиш киритилади. Бундан ташқари, қўшимча ҳисобланган таътил пули суммасидан ЖШДС ва суғурта бадалларини қайта ҳисоблаш лозим.

  

МИСОЛ. Ишлаб чиқариш цехи ишчиси 2013 йил 1 майдан ишга қабул қилинган. 18 иш куни муддатидаги биринчи таътил унга 2014 йил 14 февралдан берилган.

 

Унинг тариф бўйича иш ҳақи таътилдан олдин 400 минг сўмни ташкил қилган. 2014 йил 1 мартдан бошлаб у 20%га кўпайди ва 480 минг сўмни ташкил қилди.

 

Ишланган давр учун ходимга қуйидаги қўшимча тўловлар ҳисоблаб ёзилган:

 

мукофот – 800 минг сўм;

 

йўлкира ва овқатланиш учун компенсация – 600 минг сўм.

 

Ходим таътили 14 февралдан 6 мартгача (6 март ҳам киради) давом этади – февралда 13 иш куни ва мартда 5 иш куни.

 

Ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоб-китоб кунидаги лавозим маошидан келиб чиқиб, ҳисоб-китоб даврида белгиланган маошдан ошадиган суммани 1/9 га кўпайтириш йўли билан белгиланади (чунки ходим 9 ой тўлиқ ишлаган).

 

Ўртача ойлик иш ҳақи 555,556 минг сўмни (400 + (800 + 600) / 9); таътил пули 393,696 минг сўмни (555,556 / 25,4 х 18) ташкил қилади.

 

Мартга тўғри келадиган таътилнинг 5 куни учун тўлов янги шартларда қайта ҳисоб-китоб қилинади.

 

Янги маош бўйича ҳисобланган мартдаги 5 иш куни учун таътил пули 125,109 минг сўмни (635,556 / 25,4 х 5) ташкил қилади,

 

бунда 635,556 – ўртача ойлик иш ҳақи (480 + (800 + 600) / 9), илгари 109,361 минг сўм (555,556 / 25,4 х 5) ҳисоблаб ёзилган эди. Бинобарин, ходимга 15,748 минг сўм (125,109 – 109,361) қўшимча ҳисоблаб ёзилиши керак.

Таътил пули ходимга жамоа шартномасида белгиланган муддатда, бироқ таътил бошланиши арафасидаги охирги иш кунидан кечиктирмай тўланиши керак.

  

1ВМнинг 6.07.2001 йилдаги 291-сон Қарорига 6-илова.

 

2Меҳнат вазирлиги ва ССВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 28.05.1996 йилда 247-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

 

3ОС Президиуми ва ВМнинг 6.04.1992 йилдаги 170-сон Қарори билан тасдиқланган.

 

4ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон Қарорига 1-илова.   

 

5ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон Қарорига 6-илова. 

 

Таътил пулини ҳисоб-китоб қилишга доир тавсиялар «Ходимлар билан ҳисоблашишлар» («Расчёты с персоналом») электрон маълумотнома тизими асосида тайёрланди.

 

«Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар

Прочитано: 56891 раз(а)

Комментарии к статье (4)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2015-05-19 18:55:39, Гость_erlan:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!
2017-10-13 12:15:08, Гость_гулчехра:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!
2018-02-16 17:25:49, Гость_Doniyor:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!
2020-05-04 17:45:46, Гость_:
650000 oylik

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика