I ҚИСМ: ХАЛҚАРО ТАЖРИБА
Молиявий ишларни, шу жумладан бухгалтерия ҳисобида юритишдаги хатолар корхоналарга қимматга тушади. Пеня ва жарималар тарзидаги санкциялар уларнинг бевосита оқибатларидир. Бундан ташқари, нотўғри бухгалтерия ахбороти ва унинг талқини, молиявий режалаштиришдаги хатолар туфайли корхона менежерлари, корхонани тезкор бошқариш учун масъул шахслар, кредиторлар ва инвесторлар (мулкдорлар) нотўғри қарорлар қабул қилишлари мумкин, уларнинг оқибатлари хўжалик юритувчи субъектнинг миқёси, унинг капитали таркиби ва шаклларига боғлиқдир. Агар корхона мулкдори битта, ишловчиларнинг сони кам бўлса, йўқотишларнинг миқёси унчалик катта ижтимоий оқибатларга олиб келмайди. Йирик корхоналардаги бухгалтерия хатоларининг оқибатлари салмоқли зарар, ҳатто банкротлик билан тугаши мумкин. Худди шу гап салмоқли капитал ва кўп сонли ҳиссадорларга ёки асосий давлат улушига эга бўлган акциядорлик жамиятларига ҳам тааллуқлидир. Агар бизнеснинг миқёслари, мулкчилик таркиби ва шаклини эътиборга олсак, бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқарувнинг сифати, иқтисодий аҳамиятдан ташқари, ижтимоий аҳамиятга ҳам эгалиги шубҳасиздир.
Корхонада бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқарув соҳасида йўл қўйиладиган хатоларнинг сабабчиси ушбу вазифаларни бажарувчи бўлинмаларнинг норационал тузилганлиги ҳамда улар ходимларининг малакаси пастлиги бўлиши мумкин. Кўпинча йирик корхоналар мулкдорларининг вакиллари, масалан, кузатув кенгашларининг аъзолари ички назорат тизими ҳақида оз билимга эга бўлиб, молиявий бўлинмаларни ташкил этиш масалалари ва улар раҳбарларининг малакасига қўйиладиган талабларда ижро менежментига таянадилар.
Мамлакатимизда фақат йирик корхоналар ва давлат улушига эга бўлган акциядорлик жамиятлари молиявий раҳбарларининг маълумотига нисбатан ягона талаблар белгиланган. «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг (30.08.1996 йилдаги 279-I-сон) 7-моддасига кўра бухгалтерия ҳисобини юритиш ва ички назоратни ишлаб чиқиш учун жавобгарлик корхона раҳбарининг зиммасига юклатилган. Бу билан ижро менежментига жавобгарлик юклатилади ва молиявий раҳбарлар малакасига нисбатан талаблар белгиланмайди.
Унча катта бўлмаган корхонанинг хусусий мулкдорига нисбатан олганда бу – тамомила тўғри қоида. Бироқ оммавий компаниялар (акциядорлик жамиятлари) учун бу етарли эмас. Ривожланган мамлакатларнинг корпоратив қонун ҳужжатлари ва ишбилармонлик амалиётида молиявий бошқарув ҳамда бухгалтерия ҳисоби таркибий қисми бўлган ички назорат тизимини ташкил этишга янада жиддий талаблар қўйилган.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда ҳам корхонанинг молиявий ҳисоботи устидан назорат тизимини ривожлантириш ва унинг сифатини ошириш бўйича муайян қадамлар қўйилди. Улар сирасига ташқи аудит соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий базани ривожлантириш, оммавий компаниялар ва мулкида давлат улуши бўлган компанияларда аудиторлик текширувларини ўтказишнинг мажбурийлиги тўғрисидаги талабларни жорий этиш ҳамда белгилашни киритиш мумкин. Уларга Вазирлар Маҳкамасининг «Устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарнинг самарали бошқарилишини ва давлат мулкининг зарур даражада ҳисобга олинишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» Қарорини (16.10.2006 йилдаги 215-сон) ҳам киритиш мумкин. Қарор оммавий компанияларнинг ички аудит хизматини барпо этиш мажбурийлиги, унинг фаолияти регламенти ва бундай хизматларнинг ходимларига қўйиладиган малака талабларини белгилайди. Бироқ, бизнингча, оммавий компанияларни молиявий бошқариш сифатини ошириш ва молиявий ҳисоботнинг очиқ-ошкоралигини таъминлаш мақсадида меъёрий базани ривожлантиришни давом эттириш лозим. Ушбу иш кўп қиррали бўлиб, узлуксиз давом этиши керак. Мазкур материалда оммавий компанияларнинг молиявий раҳбарлари ва бош бухгалтерларини сертификатлаштириш масаласини кўтармоқчимиз. Фикримизча, бу мазкур соҳани такомиллаштириш бўйича бошланган ишнинг мантиқий давоми бўлади.
БУХГАЛТЕР КАСБИ. ХАЛҚАРО ТАЖРИБА
Умумқабул қилинган жаҳон амалиётида бухгалтерия ходимлари икки тоифага бўлинади – бухгалтер (accountant) ва ҳисобчи (bookkeeper). Мамлакатимизда, МДҲ мамлакатларининг кўпчилигида бўлганидек, ушбу тушунчалар яхлит ҳолга келтирилган. Одатда бухгалтерия ҳисоби мутахассисларининг ҳаммасини, малакаси ва бажараётган иши хусусиятидан қатъи назар, бухгалтер деб аташади.
Ҳолбуки ривожланган мамлакатларда бухгалтер ва ҳисобчининг малакасига қўйиладиган талаблар ва уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш анча фарқланади. Америка Қўшма Штатларида ҳисобчининг (бухгалтериядаги клерк) ўртача иш ҳақи соатига 16,91 доллар ёки йилига 35 171 долларни ташкил этади. Бундай ишни бажариш учун олий маълумот талаб қилинмайди, ўрта махсус маълумот етарли. Улар жорий бухгалтерия ёзувлари, кассани юритишлари ва бирламчи ҳужжатларни расмийлаштиришлари шарт. Улар учун иккиёқлама ёзув ва ҳисобварақлар асосида бухгалтерия проводкаларини билиш мажбурий. Ҳисобчилар бухгалтерия дастурларини билишлари ва Бош китобни юрита олишлари ҳам керак. Моҳиятан олганда, улар бухгалтер топширган ишни бажарадилар, бироқ бунда молиявий ва бошқарув (ички) ҳисобот шакллантириладиган ички ҳисоботлар ва жадвалларни тузиш учун етарли даражада бухгалтерия билимлари захирасига эга бўлишлари шарт. АҚШ Меҳнат статистикаси бюросининг маълумотларига кўра 2012 йилда Америкада қарийб 1,8 млн нафар ҳисобчи ишлаган. 2022 йилгача бундай мутахассислар учун иш жойларининг 11 фоиз ўсиши кутиляпти.
Бухгалтерларга нисбатан талаблар, уларнинг меҳнатига тўланадиган ҳақ каби, анча юқори. Ўрта ҳисобда иш ҳақи соатига 30,55 доллар ёки йилига 63 550 долларни ташкил қилади. Бухгалтер кам деганда бакалавр дипломига эга бўлади. Унинг вазифаларига бухгалтерия ёзувларини текшириш ва ички назорат тизимини ташкил этиш, бухгалтерия ҳисоби тизимини ишлаб чиқиш, солиқ ҳисоб-китобларини тайёрлаш киради. Бундан ташқари, бухгалтер бюджетларни тузиш ҳамда молиявий кўрсаткичларни яхшилаш ва харажатларни мақбуллаштириш бўйича менежмент учун тавсиялар ишлаб чиқиш учун жавобгар бўлади.
Бундай мутахассисларни Америкада қасамёд қилган бухгалтерлар (аудиторларга айнан ўхшаш малакага эга бўлган), бошқарув бухгалтерлари (раҳбарият учун ички ҳисоботларни тайёрлашга ихтисослашган), бюджет ташкилотларининг ички аудиторлари ва бухгалтерларига бўладилар. Қимматли қоғозлар ва фонд биржалари бўйича АҚШ комиссиясига (SEC) тақдим этиладиган оммавий компаниялар (очиқ турдаги акциядорлик жамиятлари)нинг молиявий ҳисоботини тузишга фақат қасамёд қилган бухгалтерлар ҳақлидир. Улар Америка қасамёд қилган бухгалтерлар институтининг лицензия ёки сертификатига (СРА) эга бўлишлари керак. Лицензия олий маълумот, иш стажи бўлганда ва малака имтиҳонлари муаваффақият билан топширилганда берилади. Америкада алоҳида аудиторлик лицензияси йўқ, у ерда қасамёд қилган бухгалтер лицензияси берилади. У корхонада эмас, балки аудиторлик компаниясида ишлаши ва аудиторлик текширувларини ўтказиши мумкин. Қасамёд қилган бухгалтер, бошқалари билан бир қаторда, Одоб-ахлоқ кодекси, хусусан инсайдерлик ахборотидан фойдаланган ҳолда инвестициялаш бўйича чекловлар билан боғланган. Текширув ўтказадиган аудитор билан балансни имзолайдиган бош бухгалтер малакаси ўртасида фарқ йўқ. Бундай ҳолат бир қатор ривожланган мамлакатларда мавжуд. Одатда очиқ турдаги акциядорлик жамиятларининг оммавий ҳисоботини қасамёд қилган бухгалтер тузади.
ПРОФЕССИОНАЛ ТАШКИЛОТЛАР
Фаолияти махсус қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган қасамёд қилган бухгалтерлардан ташқари, ушбу ҳамжамиятга бюджет ташкилотларининг бошқарув бухгалтерлари, ички аудиторлари ва бухгалтерлари ҳам кирадилар. Улар ҳам тегишинча Бошқарув бухгалтерлари институтининг (СМА) ва Ички аудиторлар институтининг (IIA) касбий сертификациясидан ўтадилар.
Шу тариқа, бухгалтер (accountant) олий маълумотдан ташқари, сертификат ёки лицензияга эга бўлган ва қонун ҳужжатларининг унинг касби учун белгиланган талабларини бажарувчи мутахассисдир. Унинг касбий мақоми муайян жиҳатларда адвокат ёки шифокорнинг мақомига ўхшаш. Тўғри, капитални очиқ молия бозорида жалб этмайдиган кичик компаниялар ёки ёпиқ корпорациялар молиявий ҳисобот тузиш учун қасамёд қилган бухгалтерларни штатга қабул қилишга мажбур эмаслар. Бироқ уларнинг кўпчилиги бухгалтерлик фирмаларининг хизматларидан фойдаланадилар, улар, молиявий ҳисобот аудитидан ташқари, бухгалтерия ҳисобини юритиш ва солиқ декларацияларини тузиш хизматларини кўрсатадилар.
БУХГАЛТЕРЛАРНИНГ ПРОФЕССИОНАЛ ТАРМОҚ ТАШКИЛОТЛАРИ
Қўшма Штатлардаги бухгалтерларнинг асосий қисми, уларнинг умумий сони, АҚШ Меҳнат статистикаси бюросининг маълумотларига кўра, 2012 йилда қарийб 1,3 млн кишини ташкил қилган, бухгалтерлик фирмаларида банд бўлиб, улар бухгалтерларнинг профессионал тармоқ ташкилотларига бирлашишлари мумкин. Бундай фирма мустақил юридик шахс ҳисобланади ва ўзининг мажбуриятлари бўйича мустақил жавобгар бўлади. Бироқ бухгалтерлар профессионал тармоқ ташкилотларининг барча аъзолари умумий бренд остида бирлашганлар ва ягона сифат стандартларини қўллайдилар. Кичик фирмаларнинг кўпчилиги бухгалтерия ҳисобини юритиш, солиқ декларацияларини, бизнес режаларини тузиш ва бошқа ишлар билан шуғулланади. Акциялари фонд биржалари листингида қайд этиладиган очиқ турдаги акциядорлик жамиятларининг аудиторлик текширувлари Катта тўртлик (Deloitte, PWC, Ernst & Young, KPMG) профессионал бухгалтерлик тармоқ ташкилотларининг амалдаги монополиясидир. 2013 йилги уларнинг ҳисоботлари маълумотларига кўра улар ичида энг йириги Deloitte ҳисобланади. Ушбу тармоқ компанияларининг жами тушуми 32,4 млрд АҚШ долларини, ишловчилари сони 200 минг кишини ташкил этади. Катта тўртликда оммавий компанияларнинг аудиторлик текширувларини ўтказишга расман монополия йўқ. Бироқ SECнинг молиявий ҳисоботлар сифати ва очиб беришга доир талаблари шунчалик юқорики, бундай компанияларнинг аудиторлик текширувини фақат Катта тўртлик компаниялари уддалай олади.
АҚШ ТАЖРИБАСИНИНГ ЎЗБЕКИСТОНДА ҚЎЛЛАНА ОЛИНИШИ
Бугунги кунда Ўзбекистонда Катта тўртликка ўхшаш бухгалтерларнинг тармоқ ташкилотларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритиши борасида АҚШ тажрибасидан нусха кўчиришдан маъно бўлмаса керак. Бироқ бош бухгалтерларни тайёрлаш ва сертификатлаштириш тажрибасини ўзлаштириш мумкин. Ушбу йўналишда дастлабки қадамлар қўйилмоқда – бухгалтерларни миллий сертификатлаш режалаштириляпти. Фикримизча, «аудитор» ва «қасамёд қилган бухгалтер» тушунчаларини бирлаштириш ҳамда Қўшма Штатларда амал қилаётганига ўхшаш Ўзбекистон қасамёд қилган бухгалтерлар институтини ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Аудиторларга қўйиладиган малака талаблари қасамёд қилган бухгалтерларга қўйиладиган талабларга ўхшаш бўлиши керак. Хусусан, қасамёд қилган бухгалтерга касбий фаолиятни амалга ошириш учун зарур лицензияси бўлган аудиторлик компаниялари таркибида аудиторлик текширувларини ўтказиш имкониятини бериш керак. Ўзбекистон қасамёд қилган бухгалтерлар институти профессионал сертификацияни ўтказиши ва малака имтиҳонларини ташкил этиши, бухгалтерия ҳисоби миллий стандартлари ва бошқа профессионал стандартларни ишлаб чиқиши мумкин. Бунда у давлат унитар корхонаси сифатида фаолият юритиши мумкин. Акциядорлик жамиятлари, давлат улуши бўлган корхоналарда фақат қасамёд қилган бухгалтерлар бош бухгалтер бўлиши мақсадга мувофиқ кўринади. Бу, бир томондан, бош бухгалтерларнинг корхоналар ижро менежментидан мустақиллигини оширади, бошқа томондан эса, ҳисобнинг очиқ-ошкоралигини белгилашдаги мотивацияни оширади, фирибгарлик ва хатолар учун жавобгарликни кучайтиради.
Игорь ТИЛЕПИН,
Татьяна ШАЛУНОВА.
«RASTAX GROUP» МЧЖ СМТ.