Косметика ва парфюмерия воситаларининг бозори ҳамиша чаққон бўлган. Сохта тадбиркорлар эса айнан шундан фойдаланиб, мўмай даромад топишга ҳаракат қиладилар. Аммо ташқи гўзаллик учун хизмат қилувчи бу воситаларнинг таркибида кимёвий моддалар катта миқдорда бўлишини, боз устига уларнинг янада зарарли ҳисобланган қалбаки ва контрафакт нусхалари ёйилаётганлигини инобатга олсак, мазкур масаланинг янада жиддий таҳдид эканлигини англаш қийин эмас.
Республикамиз божхоначилари сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган бу турдаги маҳсулотларнинг олиб ўтилишига қарши чора-тадбирларни давом эттиришмоқда. Яқинда пойтахтимиз божхоначилари томонидан божхона расмийлаштируви ва сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган йирик миқдордаги товар-моддий бойликларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
«Келес» темир йўл божхона постида «Москва-Тошкент» йўналишидаги поезд йўловчиларидан Б.М.нинг қўл юклари божхона кўригидан ўтказилганда, у божхона баённомасида ва божхона инспекторининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан қиймати 2 млн сўмдан ортиқ 200 донадан зиёд парфюмерия ва косметика маҳсулотларини ноқонуний тарзда олиб ўтишга урингани фош қилинди.
Харьковдан қайтган темир йўл поезди йўловчиси А.Х. ҳам қиймати 7,5 млн сўмдан ортиқ 200 донадан зиёд парфюмерия воситаларини яширин тарзда олиб киришга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.
Тезкор маълумотларга асосланиб, пойтахт божхоначилари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ҳамкорликда ўтказган тадбирда М.Т. бошқарувидаги автоулов ва унинг хонадонидан хорижда ишлаб чиқарилган жами 147 турдаги атторлик маҳсулотлари ноқонуний равишда сақланаётганлиги аниқланди. Юк эгаси қиймати 30 млн сўмдан ортиқ товарларнинг божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи биронта ҳам ҳужжатни божхоначиларга тақдим қила олмади.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Республикамиз божхона ходимлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари ҳамкорлигида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 1 000 дан зиёд қонунбузарлик ҳолатларида қиймати 4 183,2 млн сўмлик косметика ва парфюмерия воситаларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.
Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати материали асосида тайёрланди.