Мамлакатимизда қишлоқ xўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш учун барча қонуний имконият ва шарт-шароитлар яратилган. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 8 майдаги 93-сон Қарори билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишнинг амалдаги тартиблари белгиланган. Аммо мазкур тартибларга риоя қилмасдан, халқимиз ризқига хиёнат қилаётган айрим «учар тадбиркорлар» юртимизда етиштирилган сара маҳсулотларни четга ноқонуний равишда олиб ўтиб, мўмай даромад орттиришга уринмоқдалар. Уларнинг қонунга зид хатти-ҳаракатларига республикамиз божхоначилари томонидан ўз вақтида чек қўйилмоқда ва ноз-неъматлар элимиз дастурхонига қайтарилмоқда.
Яқинда Фарғона вилояти божхона бошқармасининг «Фарғона» чегара божхона пости ходимлари республикамиздан қўшни давлатга чиқиб кетаётган юк автоуловини божхона назоратидан ўтказишганда 2,5 тонна пиёз яширинча олиб кетилаётганини аниқлашди. Автоулов эгаси М.С. бу операцияни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи биронта ҳам ҳужжатни божхоначиларга тақдим қила олмади.
Яна бир ҳолатда мазкур пост орқали ҳаракатланаётган автоулов божхона назоратидан ўтказилганда Э.Р. оғирлиги салкам 500 кг бўлган ҳар хил турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тегишли ҳужжатларсиз олиб ўтмоқчи бўлган пайтда тўхтатилди.
Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Келес» темир йўл божхона пости ходимлари республикамиздан хорижга кетаётган йўловчи поездини божхона назоратидан ўтказишганда, «тадбиркорлар» М.О. ва О.Т. божхона баённомасида қайд этилмаган ва оғзаки сўровда маълум қилинмаган 100 кг дан зиёд қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари – лимон ҳамда кўкатлар борлигини аниқлашди.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона суриштирувлари давом эттирилмоқда.
Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати материали асосида тайёрланди.