Давлат мақсадли жамғармаларига ажратмалар бўйича ортиқча тўланган суммаларни қайтариш қандай амалга оширилади?
– Мақсадли жамғармаларга (пенсия, йўл, таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш) мажбурий ажратмалар бўйича ортиқча тўланган суммалар қайси бюджетга ёки давлат мақсадли жамғармасига ўтказилган бўлса, ўша манбанинг ўзидан қайтарилади.
Ортиқча тўланган сумма солиқ қарзини қуйидаги кетма-кетликда узиш ҳисобига ҳисобга олиниши керак:
1) солиқнинг мазкур тури бўйича пеня ва жарималарни узиш ҳисобига;
2) бошқа турдаги солиқлар бўйича қарзни узиш ҳисобига;
3) бошқа турдаги солиқлар бўйича пеня ва жарималарни узиш ҳисобига;
4) мазкур солиқ бўйича келгуси тўловлар ҳисобига;
5) бошқа турдаги солиқлар бўйича келгуси тўловлар ҳисобига.
Ортиқча тўланган солиқ суммасини мазкур солиқ тури бўйича пеня ва жарималарни узиш ҳисобига ҳисобга олиш давлат солиқ хизмати органи томонидан мустақил равишда солиқ тўловчининг аризасисиз амалга оширилади, солиқ тўловчи бу ҳақда ҳисобга олиш амалга оширилган кундан эътиборан 3 кунлик муддатда ёзма равишда хабардор этилади.
Солиқ кодекси 56-моддаси иккинчи қисмининг 2, 3 ва 5-бандларида назарда тутилган ҳолларда ортиқча тўланган солиқни ҳисобга олиш солиқ тўловчининг ёзма аризаси асосида давлат солиқ хизмати органи томонидан ҳисобга олишни амалга ошириш тўғрисида хулоса тақдим этилган тақдирда тегишли молия органлари томонидан амалга оширилади. Давлат солиқ хизмати органи солиқ тўловчи ёзма ариза берган санадан эътиборан 3 кунлик муддатда ҳисобга олишни амалга ошириш тўғрисидаги хулосани молия органларига тақдим этиши шарт.
Солиқ тўловчи солиқ ҳисоботи тақдим этилган санадан эътиборан 10 кун ичида ёзма ариза бермаган тақдирда, давлат солиқ хизмати органи тегишли молия органларига юқоридаги кетма-кетликнинг 2 ва 3-бандларида назарда тутилган ҳисобга олишни амалга ошириш тўғрисида мустақил равишда хулоса тақдим этиши мумкин.
Ортиқча тўланган солиқ суммасини ҳисобга олиш бу хусусда хулоса берилган санадан эътиборан 10 иш куни ичида амалга оширилади.
Ортиқча тўланган солиқ суммаси бошқа солиқ тўловчининг солиқ қарзини узиш ҳисобига ҳисобга олиниши мумкин эмас. Бундай суммаларни қайтариш давлат солиқ хизмати органи қайтариш учун солиқ тўловчининг ёзма аризаси асосида хулоса тақдим этган тақдирда, қайтариш тўғрисидаги ариза топширилган санадан эътиборан 30 иш куни ичида тегишли молия органлари томонидан амалга оширилади.
Тўловчининг ортиқча тўловни қайтариш ёки ҳисобга олиш тўғрисидаги аризасида қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:
– аризачининг номи;
– солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР);
– аризачининг юридик манзили;
– ҳисобга олинадиган ўтказиладиган ёки қайтариладиган суммаси;
– ортиқча тўланган суммалар ўтказилиши амалга оширилаётган солиқ ёки мажбурий тўловнинг тури;
– қайтариладиган тақдирда – тўловчининг банкдаги ҳисобрақами ва банк реквизитлари.
Тўловчининг аризасида кўрсатилган ортиқча тўланган мажбурий ажратмалар суммаси белгиланган шаклдаги таққослаш далолатномаси билан тасдиқланиши лозим. Ортиқча тўланган сумма бўйича таққослаш далолатномаси икки нусхада тузилиб, ҳисоб-таҳлил бўлими бошлиғи, давлат солиқ хизматининг туман (шаҳар) органи раҳбари (ёки унинг ўринбосарлари) ва тўловчи томонидан имзоланади.
Ортиқча тўланган мажбурий ажратмалар суммалари келгуси тўловлар ҳисобига киритилиши, бошқа тўловлар ҳисобига ўтказилиши ёки қайтарилиши тўлов жойи бўйича амалга оширилади.
Материаллар «Кичик корхона электрон бухгалтери»
ва «Солиқлар: саволлар ва жавоблар» электрон-маълумотлар тизимларидан олинди.