Norma.uz
СБХ / 2014 йил / № 15 / Бизнинг маслаҳатлар

Мулкдор машинали бўлмоқчи

1. Хусусий корхонамиз балансида 2011–2012 йилларда олинган 3 та автомобиль мавжуд. Улардан биттаси автоҳалокатга учраган. Ушбу транспорт воситасига унинг ҳолатини ҳисобга олиб, белгиланган меъёрдан ортиқча эскириш (амортизация) ҳисобласа бўладими? Агар белгиланган меъёрдан ортиқча амортизация ҳисоблаш мумкин бўлса, у қандай амалга оширилади? 

2. Корхона фаолият якунлари бўйича олинган соф фойда ҳисобидан (яъни тақсимланадиган дивидендлар ҳисобидан) мулкдорга балансидаги автотранспорт воситасини бериши мумкинми? Агар мумкин бўлса, бу қандай тартибда амалга оширилади?

3. Хусусий корхона эгаси ўз корхонасини чет эл фуқароси бўлган қариндошига (масалан, акаси ёки жия­нига) ҳадя қилиш ҳуқуқига эгами? Агар эга бўлса, у қандай тартибда амалга оширилади?

Валишер Матёқубов.

 

1. Асосий воситалар, жумладан автотранспорт воситаси бў­йича эскиришни (амортизацияни) ҳисоблаш тартиби «Асосий воситалар» 5-сон БҲМСга асосан амалга оширилади.

Солиқ солиш мақсадида амортизация қилиниши керак бўлган мол-мулк Солиқ кодексининг 144-моддасида келтирилган амортизация­нинг энг юқори нормалари билан гуруҳларга тақсимланади. Солиқ солиш мақсадлари учун ҳар бир кичик гуруҳ бўйича амортизация ажратмалари амортизация нормасини қўллаш орқали, бироқ Солиқ кодексида белгиланган энг юқори нормадан ошмаган ҳолда ҳисоблаб чиқилади.

Масалан, транспорт воситалари учун амортизациянинг йиллик энг юқори нормаси 20 фоиз миқдорида белгиланган. Бироқ, солиқ солиш мақсадлари учун амортизацияни Солиқ кодексида белгиланганидан пастроқ ва солиқ тўловчининг ҳисоб сиёсатида мустаҳкамлаб қўйилган нормалар бўйича ҳисоблашга йўл қўйилади.

Шуни қайд этиш лозимки, Солиқ кодексида назарда тутилган қоидалар­дан бошқача тартибда амортизацияни қайта ҳисоблашга йўл қўйилмайди.

Умуман олганда, корхона балансига кирим қилинган ва фойдаланишга қабул этилган асосий воситалар (сизнинг ҳолатингизда автоҳалокатга учраган автомобиль) бўйича белгиланган тартибда амортизация ҳисобланиши шарт.

Асосий воситаларни, шу жумладан автотранспорт воситасини ҳисобдан чиқариш масаласига келсак, у 5-сон БҲМСга асосан қуйидагича амалга оширилади:

а) тугатиш;

б) сотиш;

в) айирбошлаш;

г) текинга бериш;

д) устав сармоясига муассис улуши сифатида бериш;

е) узоқ муддатли ижара (лизинг) шартномаси бўйича бериш;

ж) камомад ёки йўқотишнинг аниқланиши;

и) иштирокчилар таркибидан иштирокчининг чиқиб кетиши.

Сизнинг ҳолатингизда юқорида қайд этилган талаблар ҳақиқатда содир бўлган тақдирдагина ёки тўлиқ эскириш ҳисобланиб бўлган тақдирда транспорт воситаси балансдан ҳисобдан чиқарилиши мумкин.

2. Ҳа, корхона муассисга балансидаги автотранспорт воситасини дивиденд ҳисобига беришга ҳақли.

Барча солиқлар ва мажбурий тў­ловлар тўланганидан кейин қола­диган хусусий корхонанинг фойдаси корхона муассисининг мулки ҳисобланади. Мулкдор сифатида у фойдани ўзининг хоҳишига кўра тасарруф эта олади (11.12.2003 йилдаги «Хусусий корхона тўғрисида»ги 558-II-сон Қонуннинг 15-моддаси).

Жисмоний шахс сифатида муассис учун мазкур фойда мулкий даромад ҳисобланади, бироқ унга Соли2 кодекси 179-моддасининг 6-бандига асосан солиқ солинмайди.

Хусусий корхона муассиси соф фойда ҳисобидан корхонанинг мулки ҳисобланган асосий воситалар, номоддий активлар, товарлар ва бошқа товар-моддий бойликларни олиши мумкин. Бу ҳолда унда жисмоний шахс сифатида солиқ оқибатлари юзага келмайди. Корхона учун ўзининг мол-мулкини муассисга бериш тегишли солиқ оқибатларини юзага келтирадиган реализация ҳисоб­ланади.

Асосий воситалар объектини муассисга бериш унинг буйруғи (фармойиши) асосида амалга оширилиши керак, унда мулкдор корхона асосий воситаларининг объектини солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан ке­йин қолган соф фойда ҳисобига олаётганлиги кўрсатилади.

Берилаётган асосий восита объектига қабул қилиш-топшириш далолатномаси ва муассиснинг номига ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади. Қабул қилиш-топшириш далолатномаси мулкнинг муассис мулкига берилишини тасдиқлайдиган ҳужжат ҳисобланади ва у нотариал тасдиқланиши керак.

Чиқиб кетаётган асосий воситанинг инвентарь карточкаси картотекадан олиб қўйилади ва тегишли ўзгартиришлар асосий воситани ҳисобга олиш бўйича инвентарь карточкалар рўйхатига киритилади.

Соф фойда ҳисобига кўчмас мулк олган муассис мулк ҳуқуқини ҳам, ер участкасига бўлган ҳуқуқни ҳам ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастрида қайта рўйхатдан ўтказиши керак.

Агар унга автотранспорт воситаси берилса, унга доир мулк ҳуқуқини қайта рўйхатдан ўтказиш учун у ЙҲХДХ органларига мурожаат қилиши керак.

3. «Хусусий корхона тўғрисида»ги Қонуннинг 15-моддасига кўра, хусусий корхона мулкдори ушбу корхонага тегишли мол-мулкни бошқа шахс­га бериш, ижарага бериш, гаровга қўйиш, бошқа юридик шахсларнинг устав фондига ҳисса сифатида киритиш ёки ушбу мол-мулкни бошқача усулда тасарруф этиш ҳуқуқига эга.

Шу билан бирга, Қонуннинг 27-моддасига кўра, мулкдор ўз корхонасини мол-мулк мажмуаси сифатида сотишга, ҳадя қилишга, васият қилиб қолдиришга ёки уни ўзгача усулда бошқа шахсга ўтказишга ҳақли.

Шундан келиб чиқиб, хусусий корхоналарга тадбиркорлик субъект­лари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар, пре­ференциялар ва кафолатлар тўла­лигича татбиқ этилади.

 

Жавобни «Soliq Kalkulyatori» солиқ маслаҳати ташкилоти эксперти
Мурод МУҲАММАДЖОНОВ тайёрлади.

Прочитано: 2684 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика