«Д» МЧЖ хорижий компаниясининг муассислари Корея Республикасининг 4 фуқароси ва бир юридик шахс – Ўзбекистон норезидентидир. Жамиятнинг устав фонди 175 000 АҚШ долларини ташкил этади (27.05.2005 йилда ЎзР МБ курси бўйича 192 452 750 сўмга эквивалент). Устав фондида 20%га эга бўлган муассисдан (норезидент жисмоний шахс) МЧЖ таркибидан чиқиш ниятидалиги тўғрисида хат келди. Бунда у ўз улушининг номинал қийматини пул билан тўлашни талаб қилган.
Кейинги уч йил ичида жамият соф активларининг қиймати пасайди ва унинг устав фондидан кам бўлиб қолди. Бухгалтерия ҳисоботи маълумотларига кўра охирги ҳисобот даврида у 160 500 000 сўмни ташкил қилган.
Ушбу ҳолда жамият иштирокчига унинг улушини талабига кўра номинал қийматда тўлаши мумкинми ёки бунга мажбурми? Иштирокчининг чиқиб кетиши муносабати билан МЧЖ бошқа ваколатли органда рўйхатдан ўтиши керакми?
«Д» МЧЖ ХК директори.
– «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонун (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон, бундан кейин – МЧЖ тўғрисидаги Қонун) 22-моддасининг иккинчи қисмига кўра, агар жамиятнинг уставида жамият иштирокчисининг улушидан (улушининг бир қисмидан) учинчи шахслар фойдасига воз кечиш тақиқланган бўлса, МЧЖнинг бошқа иштирокчилари эса уни олишни рад этса, шунингдек улушдан (улушнинг бир қисмидан) жамиятнинг иштирокчиси ёки учинчи шахс фойдасига воз кечиш рад этилган тақдирда (агар бундай розиликни олиш зарурлиги жамиятнинг уставида назарда тутилган бўлса), жамият иштирокчисининг талабига биноан жамият унга қарашли улушни (улушнинг бир қисмини) олишга мажбур. Бунда жамият унга охирги ҳисобот даври учун жамиятнинг бухгалтерия ҳисоботи маълумотлари асосида аниқланадиган унинг ҳақиқий қийматини тўлаши ёки жамият иштирокчисининг розилиги билан унга худди шундай қийматдаги мол-мулкни асли ҳолида бериши шарт.
Бундан келиб чиқадики, жамиятнинг иштирокчи улушининг ҳақиқий қийматини тўлаши императив меъёр ҳисобланади, яъни томонларнинг хоҳиш-иродасига қараб бошқа шартларни белгилаш мумкин эмас.
Шундай бўлса-да, иштирокчи улушининг ҳақиқий қийматини тўлаш олдидан жамият ўзининг устав фондини МЧЖ тўғрисидаги Қонун 19-моддасининг бешинчи қисми ва 22-моддасининг ўнинчи қисмига мувофиқ камайтириши керак. МЧЖ тўғрисидаги Қонун 19-моддасининг бешинчи қисмига кўра, агар иккинчи ва ҳар бир кейинги молия йили тугаганидан кейин жамият соф активларининг қиймати МЧЖ устав фондидан (устав капиталидан) кам бўлиб қолса, жамият уни ўзининг соф активлари қийматидан ошмайдиган миқдоргача камайтирилишини эълон қилиши ва бундай камайтиришни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиши шарт.
МЧЖ тўғрисидаги Қонун 22-моддасининг ўнинчи қисмига кўра улушнинг (улуш бир қисмининг) ҳақиқий қиймати жамият соф активларининг қиймати билан унинг устав фонди (устав капитали) миқдори ўртасидаги фарқ ҳисобидан тўланади. Агар бундай фарқ етарли бўлмаса, жамият ўзининг устав фондини (устав капиталини) етишмаётган суммага камайтириши шарт.
Сизнинг ҳолатингизда жамият соф активларининг қиймати унинг устав фондидан 31 952 750 сўмга кам (192 452 750 – 160 500 000). Иштирокчи улушининг ҳақиқий қиймати1 32 100 000 сўмни (160 500 000 х 20 / 100) ташкил этиши боис МЧЖ устав фондини 64 052 750 сўмдан (31 952 750 + 32 100 000) 116 755,9 АҚШ долларига (МБнинг 27.05.2005 йилдаги курсига кўра 1 АҚШ доллари 1 099,73 сўмга тенг) эквивалент бўлган 128 400 000 сўмгача камайтириши керак.
Устав фонди камайтирилиши муносабати билан таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин МЧЖ чиқиб кетган иштирокчига унинг улушининг 32 100 000 сўмга тенг бўлган ҳақиқий қийматини тўлаши мумкин.
Томонлар улушнинг ҳақиқий қийматидан ошадиган суммада ҳадя шартномасини тузиш тўғрисида келишувга эришган тақдирдагина жамият чиқиб кетган иштирокчига тўлов пайтидаги МБ курси бўйича 35 000 АҚШ доллари (175 000 х 20 / 100) миқдорида унинг улуши номинал қиймати ҳажмида пул маблағларини тўлаши мумкин.
МИСОЛ. Тўлов 11.03.2014 йилда амалга оширилган. Ҳадя шартномаси 46 422 150 сўмга (35 000 х 2 243,49 – 32 100 000) – 20 691,9 АҚШ долларига (МБнинг 11.03.2014 йилдаги курси бўйича 1 АҚШ доллари 2 243,49 сўмга тенг) эквивалент бўлган суммага тузилган.
Бунда тўлов манбаи бўлган жамият ЎзР норезиденти бўлган жисмоний шахсдан моддий наф тарзида – текинга олинган мол-мулкдан 20%лик ставкада даромад солиғи ушлаши керак (Солиқ кодекси (СК) 177-моддасининг 2-банди, 182-моддаси).
Уни ушламаган тақдирда МЧЖ солиқ агенти сифатида бюджетга солиқ суммаси ва у билан боғлиқ пеняни киритиши шарт (СКнинг 185-моддаси тўртинчи қисми).
Жамият устав фондида 20% миқдорда улушга эга бўлган муассиснинг (норезидент жисмоний шахснинг) чиқиб кетиши ва бунинг оқибатида устав фондининг камайиши сизни рўйхатдан ўтказувчи органни алмаштиришга мажбур этади. Президентнинг «Хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналарга бериладиган қўшимча рағбатлантириш омиллари ва имтиёзлар тўғрисида»ги Фармони (30.11.1996 йилдаги ПФ-1652-сон) 1-бандига кўра қуйидаги шартларга жавоб берадиган янгидан ташкил этиладиган корхоналар Адлия вазирлигида ва унинг ҳудудий органларида давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналар жумласига киради:
корхонанинг устав фонди 150 минг АҚШ долларига тенг суммадан кам бўлиши мумкин эмас;
корхона иштирокчиларидан бири албатта хорижий юридик шахс бўлиши шарт;
хорижий сармоялар улуши корхона устав фондининг камида 30%ини ташкил этиши зарур.
Мазкур шартларга жавоб бермайдиган хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналар улар жойлашган ҳудуддаги шаҳар ва туман ҳокимликларида давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим. Устав фондининг миқдори камайтирилиши муносабати билан таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун жамиятнинг почта манзили жойлашган туман ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциясига ариза билан мурожаат қилиб, қуйидаги ҳужжатларни илова қилиш лозим:
● МЧЖ иштирокчилари умумий йиғилишининг устав фондини камайтириш тўғрисидаги баённомаси;
● устав ва таъсис шартномасининг нотариал тасдиқланган нусхалари (2 тадан);
● уларга маълум бўлган барча кредиторлар устав фондининг камайтирилиши ва унинг янги миқдори тўғрисида ёзма хабардор қилинганлиги тасдиғи (олинганлиги тўғрисида белги қўйилган ёки жўнатиш тўғрисида почта квитанцияси бўлган хатнинг нусхаси);
● устав фондининг камайтирилиши тўғрисида хабар чоп этилган газета сони;
● Адлия вазирлигининг юридик шахслар давлат реестридан кўчирма;
● давлат божи тўланганлиги тасдиғи (банк квитанцияси ёки банк белгиси қўйилган тўлов топшириқномаси).
Реестрдан кўчирма олиш учун Адлия вазирлигига хат билан мурожаат қилиш керак, вазирлик уни мурожаат олинган пайтдан бошлаб 1 кун мобайнида беради (Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисида низомнинг2 38-банди).
1МЧЖ тўғрисидаги Қонун 14-моддасининг тўртинчи қисми.
2Президентнинг 24.05.2006 йилдаги ПҚ-357-сон Қарори билан тасдиқланган.
Алишер УБАЙДУЛЛАЕВ,
«VICTORY YURCONSALT» МЧЖ юрисконсульти.