Биз ЯСТ тўловчиси (ҚҚСсиз) ҳисобланамиз. Ўз маҳсулотимизни экспорт қилиш учун белорус компанияси (экспедитор) билан транспорт-экспедиторлик хизматларини кўрсатишга шартнома туздик. Тўловни хизматлар кўрсатилганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар – инвойс, бажарилган ишлар (хизматлар) далолатномаси, ҳудудларга бўлинган хатлар асосида ЭАВда тўлаймиз. Инвойс бизга Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия ҳудудлари бўйлаб ташиш ҳақини тўлаш суммаларини бўлган ҳолда тақдим этилади, экспедиторнинг ҳақи алоҳида кўрсатилади.
Норезидентнинг фойдасидан олинадиган солиқни биз ҳақ суммаси ва Ўзбекистон бўйлаб ташиш қийматидан 6%лик ставка бўйича ҳисоблаймиз. Бироқ бизга уни Қозоғистон ва Россия ҳудуди бўйлаб ташиш қийматидан ушлаш керак деб айтишди. Мамлакатимиз бўйлаб ташиш қиймати ва ҳақ суммасидан эса хизматлар импортига ҚҚС тўлаш керак экан.
Бизнинг ҳолатимизда солиқларни (норезидент хизматларидан фойда солиғи ва ҚҚС) қандай ҳисоблаб ёзишимиз лозим?
– Транспорт-экспедиторлик хизматлари кўрсатилганда норезидентнинг фойдасидан олинадиган солиқни ҳисоблаётганда Солиқ кодекси (СК) 155-моддаси учинчи қисмининг 10-бандига амал қилиш керак, унга кўра юк жўнатувчидан (юкни қабул қилиб олувчидан) олинган сумма билан юк ташувчига тўланиши керак бўлган, юк ташувчининг тегишли бирламчи ҳужжатлари билан тасдиқланган сумма ўртасидаги фарқ сифатида ҳисобланган ҳақ суммаси солиқ солинадиган даромад ҳисобланади. Тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган тақдирда, норезидентга норезидентнинг фрахтдан олинадиган даромадларига солиқ солиш учун белгиланган ставкалар бўйича тўланган умумий суммага солиқ солинади.
Шу тариқа, агар норезидент сизга бевосита юкингизни ташийдиган юк ташувчи корхоналарнинг ташиш қийматини тасдиқлайдиган тегишли бирламчи ҳужжатларини тақдим этса, сиз шартнома бўйича норезидентга ўтказадиган сумма (ташиш қиймати + экспедиторга ҳақ) билан ташиш бўйича тасдиқланган харажатлар суммаси ўртасидаги фарқдан 20%лик ставка бўйича солиқ ушланади (СКнинг 160-моддаси). Агар бундай ҳужжатлар бўлмаса, у ҳолда шартномадаги бутун суммадан 6%лик ставкада солиқ ушланади.
Қуйидаги жиҳатларга эътибор беринг:
6%лик ставка халқаро ташувлардан олинадиган даромадлар учун белгиланган (уларнинг рўйхати СКнинг 155-моддаси 9-банди билан белгиланган) ва фақат юк ташувчиларнинг тасдиқловчи ҳужжатлари йўқ бўлган тақдирдагина транспорт-экспедиторлик хизматларига қўлланади. Транспорт-экспедиторлик хизматларини кўрсатишдан олинадиган даромадлар СКнинг 160-моддасида алоҳида ажратилмаган, бинобарин, улар бўйича 20%лик ставка қўлланади;
ташишнинг ўз қийматини тасдиқлаш учун уни экспедиторнинг инвойсида алоҳида сатрда ёки экспедиторнинг хатида кўрсатиш етарли эмас. Сизнинг экспедиторингиз шартнома тузадиган ташувчи тақдим этган тасдиқловчи ҳужжатлар бўлиши зарур;
норезидентнинг фойдасидан олинадиган солиқ унга ўтказиладиган суммадан ушланади, яъни у экспедиторга солиқни чегирган ҳолда ўтказилиши керак. Корхона уни фақат норезидент даромадларидан ушланмаган тақдирда ўз маблағларидан тўлайди;
Беларусь Республикаси билан Даромадлар ва мол-мулкка икки томонлама солиқ солинишига йўл қўймаслик ва солиқ тўлашдан бош тортишни бартараф этиш тўғрисида битим имзоланган (Тошкент, 22.12.1994 й.). Транспорт-экспедиторлик хизматлари унда алоҳида модда билан кўрсатилмаган. Тегишинча, Битим 21-моддасининг қоидалари қўлланади, унга кўра мазкур даромадларга фақат Беларусда солиқ солиниши мумкин. Яъни, тўлов манбаидан солиқ ушланмаслиги мумкин. Норезидентнинг Ўзбекистон солиқ органи томонидан СКнинг 155-моддасида белгиланган тартибда тасдиқланган аризаси корхонангиз уни ушламаслиги учун асос ҳисобланади. Агар солиқ тўланган бўлса, уни қайтариш тартиби ҳам ана шу модда билан белгиланган.
СКнинг 207-моддасига кўра, норезидент томонидан тақдим этилган ишлар, хизматлар, агар уларнинг реализация қилиш жойи мамлакатимиз бўлса, ишларни, хизматларни олувчи Ўзбекистон солиқ тўловчисининг солиқ солинадиган оборотидир.
Реализация қилиш жойи СКнинг 202-моддасига мувофиқ белгиланади. СКнинг 202-моддаси учинчи қисми 1–4-бандларида транспорт-экспедиторлик хизматлари алоҳида ажратилмаган. Бинобарин, уларни реализация қилиш жойи ҚҚС солиш мақсадида СКнинг 202-моддаси учинчи қисми 5-бандига мувофиқ аниқланади. Унга кўра агар ишларни бажараётган, хизматларни кўрсатаётган шахснинг тадбиркорлик ёки ҳар қандай бошқа фаолияти Ўзбекистон ҳудудида амалга оширилса, Ўзбекистон ишларни, хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади. Ишларни бажараётган, хизматлар кўрсатаётган юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилганлиги асосида, бундай асос бўлмаган тақдирда эса, юридик шахснинг таъсис ҳужжатларида кўрсатилган жой, юридик шахснинг доимий фаолият кўрсатадиган ижро этувчи органи жойлашган ер, агар ишлар (хизматлар) бу доимий муассаса орқали бажарилган бўлса, мазкур доимий муассаса жойлашган ер асосида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳақиқатда ҳозир бўлиб турган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди ушбу фаолият амалга ошириладиган жой ҳисобланади.
Экспедиторингиз фаолиятини доимий муассаса орқали амалга оширмаяпти, у Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилмаган.. Тегишинча, Ўзбекистон сизга кўрсатилган хизматларни амалга ошириш жойи эмас. Шу боис сизга норезидент кўрсатган хизматлар қийматидан ҚҚС тўлаш мажбуриятлари юзага келмайди.
Жавобларни «Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар.