Norma.uz
СБХ / 2014 йил / № 15 / Тадбиркорлик муҳити

Кўчар мулк гарови юқори даромад омили

2014 йил 1 июлдан «Гаров реестри тўғрисида»ги Қонун* (бундан кейин – Қонун) кучга киради, у мажбуриятларни бажаришни таъминлаш мақсадида тақдим этилган қарздорларнинг мол-мулкига нисбатан кредиторларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги маълумотларнинг ягона ахборот базасини шакллантириш учун ҳуқуқий асосларни яратади. Гаровнинг потенциал шаклларидан бири – кўчар активлар. Жаҳон банки Гуруҳига кирадиган Халқаро молия корпорацияси (IFC) ЎзР Марказий банки билан биргаликда ЎзР Банк-молия академиясида ўтказган семинар айни шу жиҳатга бағишланди. Унда тижорат банклари, микромолия институтлари, лизинг компаниялари, халқаро ташкилотларнинг вакиллари иштирок этиб, кўчар активлар билан таъминланган молиялаштиришга тааллуқли саволларга жавоб олдилар.

 

ГАРОВНИ ҲИСОБГА ОЛИШНИНГ ЯНГИ ТИЗИМИ

Қонун қабул қилингунга қадар республикамиз молия институтлари кредитларни кўчар мулк билан таъминлаш имкониятларидан тўлақонли фойдалана олмас эдилар, чунки гаровни рўйхатдан ўтказиш таомили ва механизми мавжуд эмас эди. Айни шундай таъминот ҳуқуқий тартибга солинмаганлиги гаров объектини сотиш орқали пулни қайтариш хатарлилигини ошириб, гаровли молиялаш амалиёти ривожига тўсиқ бўлган эди. Бугунги кунга келиб бундай ҳуқуқий тартибга солиш тизими яратилди ва тез орада амалга киритилади. Гаровни рўйхатдан ўтказиш таомили ва механизмлари амалиётда ўз ўрнини топиши эса кўп жиҳатдан банк-молия соҳаси ушбу механизларни жорий этишга тайёрлигига боғлиқ. Бунинг учун қонун ҳужжатларидаги янгиликлар билан ҳуқуқий муносабатлар тарафларини олдиндан таништириш керак, деб ҳисоблашади тадбир ташкилотчилари.

Семинарни очаркан, IFCнинг Марказий Осиё ва Озарбайжонда молиявий инфратузилмани мустаҳкамлаш бўйича маслаҳатлашув дастури лойиҳасининг муво­фиқлаштирувчиси Ориф Насибов кўчар активлар эвазига молиялаштириш дебиторлик қарзи, товар-моддий бойликлар, интеллектуал мулк ва кўчар мулкнинг бошқа турлари кўринишидаги таъминот эвазига кредитлар бериш, лизинг тақдим этиш ва бошқа молиявий маблағлар берилишини тақозо этади деб изоҳлади. Бундай молиялаштириш бўлғуси қарз олувчининг кредитга қобиллиги ва молиявий ҳолатини таҳлил қилишга асосий эътибор бериладиган анъанавий молиялаштиришдан фарқ қилади. Кўчар активлар эвазига молиялаштирганда бундай активларнинг сифати ва ликвидлилигига урғу қўйилади. Қонун билан киритилган янгиликлар респуб­ликанинг ҳуқуқий тизими учун ҳам, Ўзбекистондаги ишбилармонларнинг фаоллиги учун ҳам муҳим бўлиб, ўз ижобий таъсирини ўтказади.

Марказий банк юридик департаменти директорининг ўринбосари Жаҳонгир Нурмуратов «Гаров реестри – молиявий бозорни ривожлантириш омили» мавзусидаги маъруза билан чиқди. У «Гаров реестри тўғрисида»ги Қонун тарафлар мол-мулкини таъминлаш билан боғлиқ битимлар соҳасини ривожлантиришда алоҳида роль ўйнашини таъкидлади. У қабул қилингунга қадар гаров қабул қилинаётганда таъминланган ҳуқуқ ҳолатини тезкор аниқлаш, таъминлаш ҳуқуқининг устуворлигини аниқлаш, гаровдаги мол-мулк тўғрисида ишончли ахборотни тез тақдим этиш механизми йўқ эди, кредиторларнинг у хусусидаги ахборотдан фойдаланиши чекланган эди. Бу эса тадбиркорлик хатарларини оширар, молиявий хизматлар кўрсатиш муддатларини узайтирар ва кредиторларнинг операцион чиқимларини кўпайтирар эди.

Қонунни қабул қилишдан мақсад ишончли ва объектив гаров ахборотини йиғиш, уни гаровдаги мол-мулкка доир ҳуқуқларга эга бўлган ёки уларни олиш хоҳишини билдирган шахсларга тақдим этиш, шунингдек кредиторда гаровдаги мол-мулкка доир гаров ҳуқуқлари мавжудлигини белгилаш ва бўлғуси қарз олувчининг гаровдаги мол-мулки тўғрисидаги ахборотни тақдим этиш ҳисобланади. Қонун 18 моддадан иборат. У таъминотлар билан боғлиқ битимлар иштирокчиларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларини тартибга солади, гаров реестри тизими – гаровга берилган мол-мулкка нисбатан кредиторларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги, шунингдек қарздорнинг мол-мулкни тасарруф этиш ва ундан фойдаланишга доир ҳуқуқларига Қонунга мувофиқ қўйилган чеклов ҳамда бошқа талаблар ҳақидаги маълумотларнинг ягона ахборот базасида иштирок этадиган тарафларнинг мажбурия­тларини белгилайди.

Қонун қарздорнинг розилиги билан унинг кредитор олдидаги мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш учун тақдим этиладиган мол-мулкка доир ҳуқуқларини гаров реестрига киритиш ҳуқуқини беради. Унга солиқ ва божхона хизматлари органлари ҳам, уларда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича қарз мавжуд бўлган тақдирда, солиқ тўловчиларнинг мол-мулкига нисбатан ўз талаблари (ҳуқуқлари) хусусида ёзувлар киритадилар. Тергов ва суриштирув органлари мол-мулкни тасарруф этиш ва ундан фойдаланишни чеклаш ёки уни хатлаш, банк ҳисобрақамлари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш тўғрисида қарорлар қабул қилган тақдирда ҳам ­реестрга тегишли ахборот киритадилар.

Ёзув электрон шаклда ахборот тармоғи орқали он-лайн режимида киритилади. Унда солиқ тўловчилар – қарздор ва кредиторнинг идентификация рақамлари, уларнинг Ф.И.Ш. кўрсатилади. Агар у ёки бу шахс юридик шахс ҳисобланса, корхонанинг номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли киритилади. Қарздор мажбуриятларни бажармаган тақдирда кўрсатилган вақт ва ёзув киритилган сана ундирувни қарздор мол-мулкига қаратишга кредиторнинг бошқа кредиторлар ва учинчи шахслар олдидаги устувор ҳуқуқи навбатини аниқлаш учун асос ҳисобланади.

Қонунда қарздорнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича меъёрлар мавжуд. Чунончи, агар қарздор киритилган ёзув нохолис ва ишончсиз деб ҳисобласа, кредитор эса уни чиқариб ташлаш ёки ўзгартиришни рад этса, у киритилган ёзув юзасидан эътироз билдириш ҳуқуқига эгадир.

Гаров реестрига ёзув киритиш тартиби ва қоидалари, уни ўзгартириш ва чиқариб ташлаш Қонуннинг 9–12-моддаларида қайд этилган. Чунончи, қарздорнинг мол-мулки таркибида алмаштириш ёки ўзгартишлар ёхуд унинг ўзини алмаштириш ҳоллари юз берган тақдирда, шунингдек суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кириши асосида унга ўзгартиш киритилади. Кредиторнинг қарздор мол-мулкига доир ҳуқуқлари тугатилганда, мажбуриятлар бажарилганда ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асослар бўйича ёзув чиқариб ташланади. Қонуннинг 13-моддаси қарздор СТИРига қараб ёки ёзув ягона рўйхатдан ўтказиш рақами бўйича киритилганда ёзувни электрон излаш мумкинлигини назарда тутади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, Қонун­нинг амалга киритилиши банк кредитлаши ривожланишига имкон беради. Унинг талабларини амалга ошириш бир қатор иқтисодий ва банк-молия ижобий омилларини шакллантириш имконини беради.

Биринчидан, манфаатдор шахсларга (кредиторлар, инвесторлар ва ҳоказо) мажбуриятларни таъминлаш учун берилган ёки чеклов қўйилган қарздорларнинг мол-мулки тўғрисида тўлақонли ва объектив ахборотнинг берилиши.

Иккинчидан, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг кредитлар ажратиш тўғрисидаги аризаларини кўриш муддатларини қисқартириш, чиқим ва хатарларни камайтириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш имконияти.

Учинчидан, молия-кредит ташкилотларининг кредит портфеллари сифатини яхшилаш, ёмон активлар бўйича захиралар яратиш харажатларини камайтириш ва молия бозорида рақобатни кучайтириш.

Тўртинчидан, энг муҳими, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитининг яхшиланиши.

КЎЧАР МУЛК АСОСИДА КРЕДИТЛАШ

IFC/Жаҳон банки ва ОТБнинг Осиё, Тинч океан минтақаси ва Яқин Шарқдаги маслаҳатчиси Саймон Томпсон (Янги Зеландия) – фақат «кўчар» активлар гаровига ихтисослашган Лок Финанс НЗ (Lock Finance NZ) нобанк кредит компаниясининг собиқ ижрочи директори. Унинг нутқи кредитлаш амалиётидан олинган аниқ мисоллар билан тўла бўлди. Айтиш жоизки, жаноб Томпсон Жаҳон банкининг «Бизнесни юритиш» тадқиқотида 2-ўринни эгаллаган мамлакат – Янги Зеландиянинг «Кўчар активлар билан таъминлаш эвазига кредитлаш тўғрисида»ги Қонунни ишлаб чиқишда иштирок этган.

Эксперт одатда активларнинг 80%ини ташкил этадиган кўчар активлар товар-моддий захиралар, дебиторлик қарзи, машиналар ва асбоб-ускуналар сифатида тақдим этилганлигини таъкидлади. Кредиторлар уларга аъло даражадаги гаров таъминоти сифатида қарайдилар, чунки улар эвазига молиялаш бевосита мол-мулк гаровисиз кредитлаш имконини беради, шу тариқа, активларга қўйилган пул маблағларини бўшатади. Бундай молиялаш мавсумий ўзгаришлар ва даромадли активлар, назоратни амалга ошириш борасида ҳам қулайдир.

Халқаро тажрибанинг кўрсатишича, таъминланган битимлар ва гаров реестр­лари масалалари қонун йўли билан ҳал этилган давлатларда кичик ва ўрта бизнес корхоналари кредитлардан яхшироқ фойдалана оладилар. Ушбу мамлакатларда молия тизими барқарорлиги рейтинглари юқори, ишламайдиган қарзлар фоизи нисбатан паст, шунингдек кредитларнинг қиймати кам. Буларнинг бари маҳсулдорлик ва ўсиш суръатлари янада юқори бўлишига замин яратади.

Саймон Томпсон кўчар мулк билан таъминлаш кўпчилик иқтисодиёт­ларнинг локомотиви ҳисобланган кичик ва ўрта бизнеснинг ўсишига ёрдам беришига эътиборни қаратди. Кредитлар тақдим этишнинг хавфсиз ва оддий усули ҳисобланган ушбу молиялаш шакли кредитор учун энг яхши таъминот ҳисобланади, самарали бошқарилганда муддатни кечиктириш ҳоллари кам бўлади. Шуниси муҳимки, бундай молиялаш ҳар доим эски ҳисобрақамларга эмас, балки энг долзарб молиявий ахборотга асосланади. Тегишинча, номақбул ҳисобрақамлар устидан янада чуқур назорат ва даромаднинг хатарга нисбатан юқорилиги унга хос бўлган жиҳатдир.

Янги маҳсулотнинг жорий этилиши қўшимча тушунтиришлар ва дастурий таъминот тизимларини талаб этади. Шунингдек бунинг учун хатар мезонларини ва активларни баҳолашга асосланган моделни бошқача баҳолаш зарур. Агар қоидаларга риоя этилмаса ва лозим даражадаги бошқарув таъминланмаса, фирибгарлик хатари юзага келади. Шу сабабли молиялашнинг ушбу тури мижоз (қарз олувчи)дан бухгалтерия ҳисоботининг янада очиқ-ошкор бўлишини талаб қилади, шу билан бирга унга катта кредит олиш имконини ҳам беради.

Жаноб Томпсон мамлакатимизда жорий этиш мумкин бўлган бир қатор янги молиявий маҳсулотлар тўғрисида гапириб берди. Хусусан, омборлардаги товар-моддий захиралар эвазига молиялаш улар сирасига киради. У фермерлар, қайта ишловчилар, экспортчилар кўпинча шошилинч молиявий эҳтиёжларини қондириш учун маҳсулотни ўзлари режалаганларидан олдинроқ, энг паст нархда сотишга мажбур бўлишларига эътиборни қаратди. Кредит олиш учун эса улар кўчмас мулк, асосий воситаларни гаровга қўйишга мажбур бўладилар. Ушбу ҳолда улар учун захиралар эвазига маблағ олиш фойдалироқ. Бу уларга асосий воситаларни гаровга қўймасдан моддий эҳтиёжларини қондириш, сотиш ва энг яхши бозор нархларида сотиб олиш вақтини аниқлаш, ишлаб чиқаришнинг йиллик кўрсаткичларига эришиш учун мавсумий товарларни сақлаш имконини беради. Банклар эса аграр соҳадаги мижозлар учун кредит портфелини кенгайтирадилар ва хавфсиз шарт-шароитларда ликвидли гаров оладилар.

Халқаро экспертнинг таъкидлашича, товар-моддий захиралар дебиторлик қарзига қараганда жозибалироқ кўчар мулк ҳисобланади. Улар янада чуқурроқ бошқарувни талаб қилади. Шу сабабли у банклар ва молия ташкилотларининг вакилларига хатар даражаси мақбулроқ бўлган ТМЗ тоифаси ва молиявий маҳсулотни танлашни маслаҳат берди. Оборот капитал учун кредитлар эса анча кучли компанияларга тўғри келади.

Жаноб Томпсон халқаро факторинг тўғрисида сўзлаб берди. Ҳозирда умум­жаҳон молиялашининг қарийб 16%и унга тўғри келади.

Тақдимотга якун ясаркан, Саймон Томпсон Ўзбекистонда кўп корхоналарни кредитлаш уларнинг кўчмас мулки билан чекланганлигини қайд этди. Шу сабабли таъминотнинг бошқа турлари, масалан, дебиторлик қарзи ёки ўз товар-моддий захиралари эвазига кредит маблағларини олиш имкониятини яратиш фойдали бўлар эди. Эксперт омбор имзоси эвазига молиялашни қўллашга ­эътиборни қаратишни тавсия қилди, бунда кимнингдир товар-моддий бойликлари учинчи тараф омборида сақланади, кредиторлар эса улар гарови асосида улар ­реал қийматининг 40–50%ига тенг маблағ берадилар. Ўзбекистонда ҳисобварақ-фактура билан таъминланган ҳолда молиялашни ва лизингни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжуд. Мустаҳкам қонунчилик базаси ва пухта шартномавий асослар турли тарафлар ўртасида ишончли контрактлар тузиш имконини беради. Бугунги кунда бутун дунёда банклар бозорнинг мазкур секторида ўз фаолиятини кенгайтираётганлиги бежиз эмас, чунки кўчар активлар гарови эвазига молиялаш механизмлари анча юқори даромад келтиради, пухта тизимлар мавжуд бўлганда тўловларни тўламаслик жараёнларини осон бошқариш имконини беради.

Семинар якунларига кўра иштирокчилар ўзларини қизиқтираётган барча саволларга батафсил жавоб олдилар.

 

2013 йил ноябрда Ҳукумат «Гаров реестри тўғрисида»ги Қонунни амалга ошириш чора-тадбирлари режасини тасдиқлади. Унга мувофиқ Марказий банк ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идоралар Вазирлар Маҳкамасига киритиш учун гаров реестрини юритишни ташкил этиш, уни моддий-техник жиҳатдан таъминлаш, гаров реестри кўрсатаётган хизматлар учун тўлов тўлаш миқдори ва шартларини белгилаш, шунингдек унинг фойдаланувчилар билан ҳамкорлиги масалаларини тартибга солиш бўйича гаров реестрини юритиш тартиби, ёзувлар киритиш, уларни ўзгартириш ва чиқариб ташлаш механизми тасдиқланишини тартибга соладиган ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқяптилар.

 

*23.10.2013 йилдаги ЎРҚ-356-сон.

 

Гулнора АДБУНАЗАРОВА,

махсус мухбиримиз.

Прочитано: 2748 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика