Norma.uz

Виртуал савдо

Уйда компьютер қаршисида ўтириб, сайёрамизнинг бошқа бурчагидаги одам билан сўзлашиш, Ниагара шаршараси ёки Саҳрои Кабирни ўз кўзи билан кўриш мумкинлиги кўпчиликни ҳайратга солмай қўйган. Интернет технологиялари жуда илдам ривожланмоқда. Расмий ташкилотга мурожаат этиш учун электрон хат ёзиш ёки давлат ҳокимияти портали орқали ваколатли шахсларга мурожаат этишнинг ўзи кифоядир. Электрон тижорат иштирокчиларининг таклифларидан фойдаланиб товар харид қилиш ёки хизматдан фойдаланиш мумкин.

«Электрон тижорат тўғрисида»ги Қонуннинг (29.04.2004 йилдаги 613-II-сон) 3-моддасига кўра бу ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган, товарларни сотиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишга доир тадбиркорлик фаолиятидир. Мазкур фаолиятнинг юритилиши бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ҳам тартибга солинади.

 

DUETдан ON-LINEга

Сўзимиз бошида банк карталари тўғ­рисида сўз юритамиз. Бугунги кунда «DUET» тизимида ишловчи карталардан «On-line» тизими карталарига ўтилмоқда. Биз – оддий фойдаланувчилар учун бу нима беради?

DUET карталари «On-line» тизими карталаридан анча фарқ қилади. Биринчидан, картага ҳисоблаб ёзилган маблағлар аввалига ёпиқ ҳисобвараққа келиб тушади. Ундан фойдаланувчи маблағларни очиқ ҳисобвараққа ўтказади, маблағлар айни ушбу ҳисобварақдан ҳисобдан чиқарилади. Товарлар ва хизматларга «DUET» тизими карталари орқали ҳақ тўланганда икки карта – мижоз ва сотувчининг карталари ишлатилади. Бир картадан иккинчисига пул ўтказилади ва операциялар сони бўйича муайян чегарага етилганда сотувчининг картаси блокировка қилинади ва уни «юкдан бўшатиш» зарур бўлади. Бунинг учун банкка бориш ва маблағларни картадан ҳисобвараққа ўтказиш лозим. «On-line» тизими карталари орқали ҳақ тўланганда сотувчининг картасига ҳожат йўқ. Мижознинг ҳисобварағидан пул Интернет ёрдамида дарҳол унинг ҳисобварағига ўтказилади. Дарвоқе, карта эгасининг ҳисобварағига қайд этилган маблағлар каби уни ҳам банкда «юклаш» керак эмас. Бу бир тизимни бошқасидан ажратувчи асосий фарқдир.

On-line туридаги карталар – кам деганда реал вақт режимида карта баланси тўғрисида ахборот тақдим эта олади, «персонал кабинетлар»дан ёки бунинг учун мўлжалланган сайтлар орқали тўғ­ридан-тўғри хизматлар ёхуд товарларга ҳақ тўлаш имкониятини беради. Энди карталарга «боғлаб қўйилган» «кабинетлар» ва тизимлар хусусида сўз юритамиз.

Баъзи банклар таклиф этадиган интер­нет-банкинг хизматидан ташқари банк­ка муносабатидан қатъи назар оn-line карталарини бирлаштирадиган электрон тў­ловлар тизимлари мавжуд. Булар – Ягона умумреспублика процессинг марказининг «Uzkart» лойиҳалари, «Click» ва «SMS-To’lov» тизимларидир.

Уларнинг ҳар бири ўз афзалликларига эга. Чунончи, «Uzkart» лойиҳаси банкдан қатъи назар on-line карталаридан фой­даланувчиларга мўлжалланган ва ўз иштирокчиларига ҳисобварақни кўриб чи­қиш, маблағларни ўтказиш ва ҳақ тўлаш имкониятини таклиф қилади. «Персонал кабинет» орқали уяли алоқа хизматлари (Beeline, Ucell, Uzmobile), шаҳар телефони, Интернет (Uzonline, Skyline, Sarkor Telecom), кабелли телевидение (Uztelecom), интернет дўконларига ҳақ тўлаш мумкин.

Ушбу тизим иштирокчиси бўлиш учун ахборот киоскаларининг исталганида картага уяли телефон рақамини қайд этиш лозим, унга картадаги маблағларнинг ҳаракати тўғрисида SMS хабарлари келади. Уланиш бепул, бироқ ҳар бир кирувчи хабар учун ҳисобварақдан 0,005 доллар олинади. Сўнгра «Персонал кабинет» орқали uzkart.uz сайтида рўйхатдан ўтиш керак. Кейин on-line картаси фойдаланувчиси сайтнинг барча хизматлари, шу жумладан 60 кун мобайнидаги тўловлардан кўчирмадан фойдалана олади. Менюнинг «Картанинг транзакциялари бўйича батафсил ҳисобот» пунктига мурожаат этилганида нафақат «Персонал кабинет» бўйича, балки барча савдо шохобчаларида картадан тўловларга оид ҳисоботни кўришни хоҳлардик. Бироқ ҳозирги пайтда бу ерда фақат сайт орқали амалга оширилган транзакциялар статис­тикаси акс эттирилмоқда.

Харидлар ва тўловларга доир ўз тажрибамга келсак: тўлов усулидан кўп марта фойдаланганман – Интернет, уяли алоқа ҳақини тўлаганман. Ҳозирча этик сотиб олиб кўрмадим ёки даврий матбуотни ўқимадим. Илгари grill.uz сервиси тўлов тизимига қўшилганлиги тўғрисида эълон қилинган эди, бироқ мақолани ёзиш пайтида Интернет орқали товуқни буюртиришга муваффақ бўлмадим, сабаби сервис вақтинча ишламаётган эди. Нима ҳам дердик, етказиб бериш чоғида ўзлари билан тўловга оn-line карталарини қабул қиладиган терминал олиб келишлари хусусидаги ваъдаларини олдик.

«Click» сервиси – мобил банкингнинг универсал тизими. Унинг қулайлиги шундаки, ушбу сервис Интернет орқали ҳам, USSD топшириқлари воситасида ҳам ишлайди. Хизматлардан фойдаланиш учун мамлакатнинг исталган ахборот киоскасида мобил телефон рақамини картага қайд этиш, сўнгра click.uz сайтида рўйхатдан ўтиш лозим. Шуниси ибратлики, тизимни барча уяли телефонлар тута олади ва махсус иловалар ўрнатилишини талаб этмайди. *880# USSD сўрови жўнатилганда сервис менюсидан фойдаланса бўлади, унга мурожаат қилиш бепул. my.click.uz сайти билан ишлаганда сизга электрон рақамли имзо (ЭРИ) калити керак бўлади, уни UNICОN.UZ ҳузуридаги ЭРИ марказидан олиш мумкин. Бироқ мобил версия учун калит талаб қилинмайди. «Click» ёрдамида уяли алоқа, шаҳар телефони, Интернет (Sharq Telekom, Sarkor Telecom, TPS, Platinum Connect, CONNET), рақамли телевидение (UZDIGITAL TV, StarsTV), интернет-сервислар, Maхsustrans хизматларига ҳақ тўлаш, шунингдек картадан ҳақ тўлаб, халқаро алоқа карталари (Uzteleсom, Марказий телеграф), каркассиз мебель, совға ва бошқа товарларни харид қилиш мумкин.

«SMS-To’lov» – хизматлар ва товарларга SMS ёрдамида ҳақ тўлаш имконини берувчи SMS-банкинг. Тизим Java ёки Android платформасида ишлайдиган дастурий иловадан иборат бўлиб, ундан ЭРИ калитини қўллаган ҳолда фойдаланилади. Рўйхатдан ўтиш учун сиз ушбу дастурнинг иштирокчиси бўлиши керак бўлган банкингизга келишингиз лозим (иштирокчиларнинг рўйхати smst.uz сайтида бор). Банкда оператор сизни рўйхатга олади, ЭРИ калити сертификатини бе­ра­ди, олдиндан қурилманинг ўзак папка­сида Smst каталогини яратиб, уни те­лефонга киритиш керак бўлади. Кейин телефонга илова ўрнатилади, унга логин ва пароль банкда берилади. «Созлаш»да «Сертификат олиш» пунктини топиш керак. Дастур илгари қурилмага юкланган сертификатни аниқлайди ва «Профилни сақлаш»ни таклиф этади. Шундан ке­йин дастурдан фойдаланиш мумкин. Илова воситасида уяли алоқа, телефон, телевидение, Интернет, Савдо-саноат палатаси хизматларига ҳақ тўлаш таклиф қилинади. Афсуски, сайтда хизматларни етказиб берувчиларнинг тўлиқ рўйхати йўқ, балки дастур ҳамкорларининг ло­готиплари ҳамда мунтазам равишда кенгайтириб, тўлдирилаётган умумий рўй­хатлар мавжуд. Шуниси ибратлики, ишлаб чиқувчиларнинг маълум қилишларича, тизимдан on-line ва DUET карталарининг эгалари фойдаланишлари мумкин.

Айнан қайси тизимдан фойдаланиш қулайлигини айтишнинг имкони йўқ, ҳар бир шахс ўзи учун қулайини ўзи танлайди. Уларнинг асосий афзаллиги уларнинг ёрдамида тўлов фоиз олинмасдан амалга оширилишидадир.

Мазкур тизимлар воситасидаги тўлов­ларнинг хавфсизлиги масала­си ҳам жуда муҳимдир. Чунончи, «SMS­-To’lov» қурилмага «боғланган» ЭРИ калити би­лан ишлайди, телефон йўқотганда ёки уни ўғирлашганда жино­ятчи ҳисобвара­ғингиздан фойдалана олмаслиги учун банкка мурожаат қилиш керак.

«Uzkart» ва «Click» тизимлари ЭРИ билан боғланмаган, бироқ текширув код­лари воситасида хавфсизлик таъмин­ланади. Ҳар бир транзакция олдидан уяли телефонга текширув коди юборилади, уни тегишли майдонга киритиш зарур. Бунда телефон рақами алмаштирилганда картага янги рақамни қайд этиш ва қайта рўйхатдан ўтиш керак бўлишини англаш лозим. Ҳисобварақдан фойдаланиш учун 2 та пароль борлиги, уларнинг бири динамик бўлиб, тизим орқали фой­даланувчига юборилиши ҳи­собга олинса, мазкур тех­нология ишонч­лилиги жиҳатидан ЭРИ ка­литидан қолишмаслиги кўринади.

Paynet хизмати ҳам мавжуд, бу ерда оператор 6% эвазига тўловингизни ўт­казади. Paynet офислари амалда ҳар бир дўконда жойлашган. Айтмоқчи, Paynet ҳам электрон тижоратнинг бир қисми ҳисобланади, фақат фарқи шундаки, сервис ҳар бир фойдаланувчига эмас, балки дилерлик тармоғига «боғланган». Paynet пойтахтда ҳаммага танилди, унинг функционал имкониятлари ҳар бир кишига маълум. Тармоқ ҳамкорлари орасидан амалда барча интернет-сервислар, про­вайдерлар, уяли алоқа операторлари, коммунал хизматлар, интернет-дўконлар жой олган. Ундан фойдаланиш учун шах­сий маълумотларни очиш керак эмас, операторга реквизитлар ёки телефон рақамини айтиш кифоя.

 

САЙТЛАР ВА ХИЗМАТЛАР

Сервис мавжуд экан, «уйдан чиқмас­дан» ҳақ тўлаш имкониятини бера­диган хизматлар соҳасини ҳам ривожлантириш зарурлиги ўз-ўзидан аён бўлади. Ҳозирги пайтда ҳали ушбу соҳа, масалан, АҚШдагидек ривожланмаган, у ерда бирги­на AMAZON интернет-дўкони ҳам­ма нар­са – егуликдан то мебелгача так­лиф қилади. Электрон тижорат со­ҳаси жўшқинлик билан ривожланяпти, бугуннинг ўзидаёқ Интернет ва мобил банкинг ёрдамида пойабзал, spa-салон, боулинг ёки хенд-мейд дарсига совға сертификатини харид қилиш мумкин.

Қисқаси, биз учун, аввало, алоқа хизматларига ҳақ тўлаш имкони яратилгани муҳим. Ой охирида бош офисга бормаслик ва кассада навбатда турмаслик қулай, албатта. Айни электрон тижорат туфайли навбатда туришга ҳожат қолмади.

Электрон тижорат ривожланганда биз бошқа инстанцияларда ҳам, масалан, коммунал хизматларда навбатда туриш нималигини унутамиз, уларга фақат маълумотнома керак бўлганда борилади. Атиги бир неча йил аввал кишилар ўз пулларини «пайнетчилар»га ишонишдан қўрқишар, пулнинг ҳисобвараққа тушган-тушмаганлигини қайта-қайта текширишарди. Энди эса кўни­кишди, ҳатто чек ҳам сўрашмайди, аслида сўраганлари маъқул эди...

Товар ва хизматларни таклиф этувчи сайтлар борган сари кўпаймоқда, уларнинг ҳаммасини қайд этиб ўтирмаймиз. Бугунги кунда Тармоқ орқали нималарни сотиб олиш мумкин?

Фойдаланувчиларига электрон шакл­даги Ўзбекистон ва дунёнинг газета ҳам­да журналларига обуна бўлишни таклиф этадиган сайт яқиндагина очилди. Тўғри, қоғозга одатланган кишилар учун сервис фойдасиз, бироқ китоб ва даврий матбуотни электрон шаклда ўқувчилар учун бу – севимли журналларини, улар чиқариладиган мамлакатдан қатъи назар, ўз вақтида олиш имкониятидир.

Машҳур ишлаб чиқарувчилар яратган туфлилар, этиклар, ботильонлар, сумкачалар, аксессуарлар ва бошқа товарларни кўрибгина қолмай, балки харид қилиш мумкин бўлган сайт бор. Бу ерда чегирмали сотув, сийловлар, янги товарлар келиб тушганидан хабардор бўлиш, шунингдек дўконга бориш зарурлигини истисно этган ҳолда у ёки бу харид қанчага тушишини ҳисоблаш мумкин.

Интернет-дўконлар пойтахт аҳолисига компьютер техникаси, мобил телефонлар ва бошқа электроникани таклиф этмоқда. Ҳозирги пайтда ушбу сайтлардаги бирор-бир нарсага тўғридан-тўғри «персонал кабинетлар» орқали ҳақ тўлашнинг доим ҳам иложи бўлавермайди. Бироқ у ёки бу товар қанча туришини билиш мумкин.

Буюртирилган товарларни АҚШдан етказиб бериш таклиф этиляпти. Тўғри, тўлов ҳақини бизнинг карталаримиз билан тўлаш мумкин эмас – фақат Visa, Master Card ёки пул ўтказиш йўли билан. Сервис, етказиб бериш ва харид қилиш имкониятлари тўғрисида батафсилроқ воситачи сайтнинг «Ишлаш шартлари» ва «Фойдали» бўлимларидан маълумот олиш мумкин.

Korzinka супермаркетлар тармоғининг худди ана шундай номи веб-сайтида унинг дўконлари пештахталарида мавжуд бўлган товарларга буюртма бериш мумкин. Уйдан чиқмасдан туриб буюртмани расмийлаштириш ва келган курьерга уни етказиб берганлиги учун ҳақ тўлаш мумкин. Тўғри, буюртмага «персонал кабинетлар» ёки USSD сўровлари орқали ҳақ тўланса, қулайроқ бўларди, бироқ ҳозирги пайтда ушбу имкониятлар рўёбга чиқарилмаган.

Агар «Тошкент интернет-дўкони»ни изласангиз, бўлғуси харидор учун анчагина сайтларни топасиз. Бироқ, таклифлар мўл-кўл бўлса-да, электрон тижорат ҳали етарлича юқори даражада ривожланмаган. Ўсиш ва интилиш уфқлари аён, бироқ кейинги 5 йиллик ўсиш суръатларига қарасак, бу борадаги ривожланиш яққол кўзга ташланади.

Ольга КИРЬЯКОВА,

мухбиримиз.

Прочитано: 4331 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика