Бугунги кунда хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатларига катта имкониятлар тақдим этилган. Нотижорат ташкилотлари сифатида улар солиқлардан озод этилган. ХУМШ фаолияти ўзини ўзи бошқариш ва молиявий мустақиллик қоидаларига асосланади. Унинг қарорлари адолат ва қонунийлик асосида қабул қилинади, уларда ширкат айрим субъектларининг эмас, балки барча аъзоларининг фикрлари ҳисобга олиниши керак. Бироқ бошқарув уларнинг ишончини суиистеъмол қилиб, ўзининг хоҳишига кўра ва ўз манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилиши далиллари ҳам мавжуд.
Шундай далиллардан бири билан фирмамизга мижоз – офиси кўп қаватли уйнинг биринчи қаватидаги нотурар жойда жойлашган юридик шахс мурожаат қилди. Бир йил аввал ширкат унинг уйида жойлашган нотурар жойлар мулкдорлари учун мажбурий бадалларни 2,5 баравар оширган. Бунга сабаб сифатида ширкат аъзолари умумий йиғилишнинг баённомасида... сув, электр, газ ва бошқа ресурсларга тарифларнинг ўсиши кўрсатилган. Бундан ташқари, баённомада модомики тадбиркор фойда оларкан, унинг мажбурий бадаллари ҳам турар жой эгалариникига қараганда юқори бўлиши керак деган далил келтирилган.
Ушбу ҳужжатни қабул қилган йиғилишда фақат ХУМШ раҳбарларигина, ширкат аъзолари ишончномасидан фойдаланиб, иштирок этиб қарор қабул қилганлар. Тадбиркор – нотурар жой мулкдори ҳатто унинг ўтказилиши тўғрисида огоҳлантирилмаган, йиғилиш баённомасининг нусхасини эса унга йиғилишдан сўнг 6 ой ўтгандан кейингина тақдим этишган.
Адвокатнинг маслаҳати билан нотурар жой мулкдори прокуратурага мурожаат қилган, у ХУМШ бошқарувининг ҳаракатларини ғайриқонуний деб топди. Мазкур ҳолда у бирйўла бир нечта ҳуқуқбузарликни содир этган.
«Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг (12.04.2006 йилдаги ЎРҚ-32-сон, бундан кейин – Қонун) 20-моддасига кўра агар ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши кун тартибига умумий мол-мулкни сақлаш ишларининг режаларини, даромадлар ва харажатлар сметаларини, уларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни, мажбурий бадаллар миқдорларини кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш киритилган бўлса, ширкат бошқаруви умумий йиғилиш ўтказилгунига қадар ширкат аъзоларига мазкур ҳужжатларнинг лойиҳалари билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлаши шарт. ХУМШ бундай қилмаган.
Қонуннинг 30-моддасига кўра ширкат аъзолари умумий харажатларни қоплаш учун ҳар ойда, қоида тариқасида, пул шаклида мажбурий бадаллар тўлайдилар. Улар умумий мол-мулкни сақлаш, унга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, бошқарув (маъмурий харажатлар), умумий ер участкасини тутиб туриш ва ободонлаштириш харажатлари ҳамда бошқа умумий харажатлардан ташкил топади.
Бу уй-жой фонди мулкдорлари учун ҳам, нотурар жой мулкдорлари учун ҳам бир хилда тааллуқли. Қонуннинг 6-моддасида қайд этилишича, кўп квартирали уйдаги яшаш учун мўлжалланмаган жой мулкдори умумий мол-мулкни сақлаш ва таъмирлаш бўйича умумий харажатларни биргаликда зиммасига олиши шарт. Ушбу меъёрдан кўп қаватли уйларни бошқариш ва уларнинг сақланиши учун нотурар жойларнинг мулкдорлари ширкатнинг бошқа аъзолари билан баравар жавобгар деган хулоса чиқариш мумкин.
Ўзбекистон қонун ҳужжатларида нотурар жойларнинг эгалари зиммасига катта юклама қўйишни таклиф этадиган бирор-бир меъёр мавжуд эмас. Айни шу боис улар квартира соҳиблари сингари ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгалар. Нотурар жой мулкдорининг умумий харажатларда иштироки улуши уйнинг умумий майдонида нотурар жой эгаллаган майдонга мутаносиб равишда белгиланади.
1 квадрат метр майдон учун мажбурий бадаллар миқдори ширкат умумий йиғилишининг қарори билан белгиланади, бу қарор унинг барча аъзолари учун мажбурийдир. Бироқ йиғилиш Ўзбекистоннинг амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ўтказилиши ва қарорлари расмийлаштирилиши керак.
Умумий мол-мулкни, ер участкасини ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг мол-мулкини сақлаш бўйича жой мулкдорларининг мажбурий бадалларини шакллантиришда харажатлар таркибини аниқлаш ҳамда уй-жой фондига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича пудрат ташкилотларининг хизматлари учун рентабелликнинг чекланган даражасини жорий этиш бўйича низомнинг (МВ, ИВ, «Ўзкоммунхизмат» агентлигининг АВ томонидан 10.04.2007 йилда 1672-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) 38-бандида кўрсатилишича, мажбурий бадаллар ҳисоб-китоби формула бўйича амалга оширилади. Газ, сув, электр энергияси учун тарифларнинг ошиши уларни кўпайтириш учун асос бўла олмайди, чунки ушбу коммунал хизматлар учун уларнинг истеъмолчилари алоҳида-алоҳида ҳак тўлайдилар.
Тадбиркорнинг фойда олиши эса ҳеч ҳам ХУМШга мажбурий бадаллар билан боғлиқ эмас. У фойдадан солиқ тўлайди. Айни шу сабабли тадбиркорлик фаолиятини юритганда олинадиган фойда мажбурий бадалларни ошириш учун асос бўлиб хизмат қила олмайди.
Афсуски, амалиётда нотурар жойлар мулкдорлари учун тўловни ошириш ҳоллари учрайди. Бироқ улар турар жой мулкдорларига қараганда кўпроқ тўлашлари учун объектив сабаблар йўқ. Қонун ҳужжатларида ширкат аъзоларининг мажбурий бадаллари миқдори жойлар турига боғлиқ ҳолда фарқланиши мумкинлигини кўрсатадиган меъёрлар мавжуд эмас. Демак, ширкатларнинг раҳбарлари бундай қарорларни ноқонуний равишда қабул қилиб, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини бузадилар.
Махсуда ТОЖИБОЕВА,
«VICTORY YURCONSALT» МЧЖ юрисконсульти.