Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 52 / Божхона

Коррупция иллатига қарши курашиш йўлида

«Ҳеч шубҳасиз, мамлакатда коррупцияга қарши курашнинг даражаси, унинг амалий самараси кўп жиҳатдан ҳуқуқ-тартибот, прокуратура ва суд органлари тизимининг ўзида бу иллатга қарши қандай кураш олиб борилаётгани билан боғлиқдир».

И.Каримов.

 

 

Давлат божхона қўмитаси ташаббуси билан республика Президентининг «Ҳуқуқий норма ва механизмларни такомиллаштириш ва «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини тайёрлаш чора-тадбирлари дастури ҳақида»ги Фармойиши (29.10.2012 йилдаги) ижросини таъминлаш мақсадида Олий ҳарбий божхона институтида «Коррупция ва уни юзага келтирувчи сабаблар, шарт-шароитларни бартараф этишнинг долзарб масалалари» мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этилди.

 

Унда Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси, Олий суд, Миллий хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура, ички ишлар ва адлия вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси вакиллари, ОҲБИ профессор-ўқитувчилари, шунингдек ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Конференцияда Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Р.Мансуров коррупцияга қарши курашиш, энг аввало, мамлакатимизда жадал суръатларда олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар шароитида инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишнинг муҳим воситаларидан бири эканлигини таъкидлади. Коррупцияга қарши курашишда Юртбошимиз томонидан илгари сурилган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» муҳим аҳамият касб этади.

Божхона органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, божхона комплекслари ва пост­ларида божхонага оид қонун ҳужжатларига риоя этиш устидан назоратни кучайтириш, шунингдек божхона органлари хизматига қабул қилиш ва уни ўташ тизимини такомиллаштириш мақсадида республика Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси фаолиятини ташкил этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (9.03.2006 йилдаги 302-сон) қабул қилинди. Унга асосан Давлат божхона қўмитаси марказий аппаратининг кадрлар бош бошқармаси таркибида Божхона комплекслари ва постларини инспекция қилиш бошқармаси ташкил этилди. Бошқарма фао­лиятининг асосий вазифалари қаторига божхона комплекслари ва постларининг малакали ҳамда ҳалол мутахассислар билан тўлдирилганлигини ўрганиш ва бунинг учун номзодларни танлаш ҳам киритилган.

Қарорга биноан, божхона органлари бошлиқлар таркибининг мансабдор шахсларини аттестациядан ўтказиш бўйича Аттестация комиссияси ташкил этилган бўлиб, у тегишли кадрларни ҳар йили аттестациядан ўтказади. Шунингдек, божхона комплекс­лари ва постларининг раҳбар ва ходимлари ҳар икки-уч йилда тенг лавозимларга алмаштириб турилади.

Бундан ташқари, қўмитада Божхона органларининг ўз хавфсизлиги бошқармаси ва уларнинг ҳудудий бошқармалар­даги бўлимлари ҳам фаолият юритмоқда. Мазкур тузилма томонидан бу йўналишда Дав­лат божхона қўмитаси томо­нидан комп­лекс ташкилий чо­ра-тадбирлар режаси ишлаб чиқи­либ, унда ходимлар томонидан содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш, коррупциянинг олдини олиш ва нопок ходимларга нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш каби масалалар назарда тутилган.

Хизмат интизомини мустаҳ­камлаш, ходимлар томонидан жамиятда ўзини тутиш қоидалари ва одоб-ахлоқ принципларига ­риоя этилишини тартибга солиш мақсадида «Ўзбекистон Респуб­ликаси божхона органлари ходимининг ахлоқ кодекси» ишлаб чиқилган.

Эътироф этишга арзийдиган жиҳатлардан яна бири, Давлат божхона қўмитаси томонидан божхона комплекс ва постларида, мансабдорлик жиноятлари учун, ҳам пора берувчи, ҳам пора олувчининг жавобгарлиги тўғрисидаги огоҳлантирувчи ижтимоий-кўргазмали, коррупция­га қарши мавзудаги плакатлар жойлаштирилган. Мазкур мавзуда тайёрланган ижтимоий видеороликлар эса барча божхона постларига ўрнатилган телемониторларда фуқароларга доимий намойиш қилиб келинмоқда.

Шунингдек, божхона органларида жисмоний шахслар ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун «Ишонч телефонлари» ташкил қилинган. Қўмитанинг Интернетдаги веб-сайтида ҳам фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш механизми ишга туширилган.

2001 йилдан буён соҳада хизматга янги қабул қилинган ходимлар ҳамда уларга бириктирилган мураббийлар билан тарбиявий ва профилактика ишлари олиб бориш доимий анъанага айланган. Коррупцияга қарши курашишда жамоат бирлашмаларининг, хусусан Мураббийлар кенгаши, Аҳлоқ суди ва Фахрийлар уюшмасининг иштирокидан унумли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Конференция ишида коррупцияга қарши курашиш бўйи­ча давлатимизда юритилаётган ­сиёсат, коррупциянинг олдини олиш муаммолари, унга қарши курашишда миллий ва хорижий мамлакатлар тажрибасига оид қатор мавзуларда маърузалар тинг­ланди.

Халқаро ҳужжатлар ичида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Коррупцияга қарши конвенция (2003 йил 31 октябрь) асосий халқаро-ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, у ушбу жиноятнинг моҳиятини тўлиқ очиб, унга қарши кураш чораларини белгилаб беради. Мамлакатимиз мазкур Конвенцияга 2008 йил 7 июлда қўшилди.

Шунингдек, давлатимиз 2010 йил март ойида Иқтисодий ҳам­корлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган Коррупцияга қарши курашнинг Истанбул режасига (2003 йил 10 сентябрь) қўшилган. Олий Мажлис томонидан эса Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи тўғрисидаги битими (Москва, 2011 йил 16 июнь) 2011 йил 13 декабрда ратификация қилинди.

 

Мамлакатимизда мазкур муаммога қарши кураш масаласига мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ жиддий эътибор қаратиб келинмоқда. Ўтган давр мобайнида коррупция ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда унинг олдини олишга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий база шакллантирилди. Республикамизда БМТ ҳомийлигида қабул қилинган ЭКОСОС (БМТнинг иқтисодий ва ижтимоий кенгаши)нинг Коррупцияга қарши кураш резолюцияси (1995 йил), Давлат мансабдор шахсларининг халқаро ахлоқ кодекси (1996 йил), Халқаро тижорат ташкилотларида коррупция ва порахўрликка қарши кураш ҳақидаги декларация (1997 йил), Миллатлараро уюшган жиноятчиликка қарши кураш конвенцияси (2000 йил) ва бошқа халқаро ҳужжатларнинг қабул қилингани мазкур иллатга қарши курашда муҳим омил вазифасини ўтамоқда.

 

ДБҚ Матбуот хизмати.

 

 

Прочитано: 6671 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика