Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси ва ғояси асосида Мустақиллик майдонида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари майдоннинг манзарасини, мазмун-моҳиятини бутунлай ўзгартирди. Ана шундай пухта ўйлаб, изчиллик билан амалга оширилган бунёдкорлик ишлари самарасида бугун мамлакатимизнинг бош майдони юртдошларимиз учун севимли сайилгоҳ, табаррук зиёратгоҳ ва юксак маънавият масканига айланди.
Доимо яшнаб турувчи дарахтлару турфа гуллар кўзни қувонтиради. Кундузлари қуёш нурида, тунлари эса нурафшон чироқлар шуъласида жилоланувчи фавворалар майдон ҳавосини мўътадил сақлайди. Бу ерга келган ҳар бир киши ажиб бир сокинликни, ушбу сокинлик замиридаги тинчлик ва осойишталикни янада теранроқ ҳис қилади.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2005 йилнинг 28 декабрида Мустақиллик монументи олдида Бахтиёр она сиймоси ифода этилган муаззам ҳайкал қад ростлади. Президентимизнинг таклифига биноан ушбу мажмуага ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи – Мустақиллик ва эзгулик монументи, деб ном берилди. Монумент ўз меъморий ечими, ғоявий-бадиий мазмуни билан Ўзбекистон танлаган йўл – Мустақиллик йўлининг таъсирчан ифодасига, асрий қадриятларимизнинг яққол намоёнига айланди.
Мамлакатимиз бош майдони марказида қад ростлаган Бахтиёр она ҳайкали юртимизда оила қўрғонининг ҳам чиройи, ҳам чароғбони бўлган аёл зотига кўрсатилаётган юксак эътибор ва эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир. Чунки инсоннинг маънавияти ва дунёқарашини шакллантирадиган мезонлар айнан она бағрида, оила муҳитида куртак ёзади. Онани ардоқлаш, меҳр-муҳаббатига яраша эъзоз ва эътибор кўрсатиш дунёдаги энг эзгу амаллардандир.
Юртбошимизнинг ташаббуси билан кириб келаётган 2014 йилга Соғлом бола йили, деб ном берилганидан асосий мақсад ҳам халқимизнинг барча орзу-ҳаваслари, ҳаётининг мазмуни бўлган соғлом ва баркамол фарзандлар тарбиясига, уни бағрида ардоқлаб, эзгу фазилатлар руҳида камолга етказадиган аёл зотини улуғлаш, соғлом ва аҳил оилани эъзозлашдир.
Мустақилликнинг илк йиллариданоқ юртимизда миллат генофондини соғломлаштириш, аҳолининг умр кўриш давомийлигини ва турмуш даражасини ошириш, соғлом авлодни дунёга келтириш ва тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор мақсадига айланди. Ўтган йиллар давомида бу олижаноб мақсад йўлида улкан ишлар амалга оширилди. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, таълим тизимини такомиллаштириш, болалар спортини ривожлантириш каби йўналишлардаги изчил ислоҳотлар бир-бирини тўлдириб, узвийлик ва мунтазамлик касб этди. Мамлакатимизнинг нафақат шаҳар ва туманлари, балки чекка қишлоқларида ҳам қад ростлаётган замонавий таълим, тиббиёт муассасалари, муҳташам спорт иншоотлари ҳеч кимдан кам бўлмаган, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга хизмат қилмоқда.
Шу кунларда Мустақиллик майдони янада кўркам ва файзли қиёфага кирган. Янги йил байрами арафасида қад ростлаган улкан арчадаги турфа безаклар ва камалакранг чироқлар, майдонда барпо этилган эртаклар шаҳарчаси барчага завқ-шавқ улашмоқда. Болажонларнинг шўх-шодон овози муаззам меъморий ансамблга уйғунлашиб, янада бетакрор жозиба касб этган.
Мустақиллик майдони, Мустақиллик ва эзгулик монументи ўзининг бетакрор қиёфаси, ҳаётбахш фалсафаси билан халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти, ёруғ келажак сари катта умид ва ишонч билан интилиши ҳамда унинг қандай буюк ишларга қодир эканининг амалий ифодаси сифатида барчамизни шу буюк Ватанга садоқат билан хизмат қилишга даъват этаверади.
ЎзА материали асосида.