Республика Бош прокуратурасида Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни ижроси юзасидан вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, ҳокимликлар, шунингдек ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотларда ўтказилган текшириш натижалари муҳокама қилинди.
Айрим давлат ҳокимияти ва бошқаруви, назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги таъкидланди. Текширишларда мурожаатларни қонунда белгиланган муддатларда ёки асоссиз равишда кўриб чиқмаслик, кўриб чиқиш натижалари ҳақида ёзма шаклда хабар бермаслик, қонуний талабларни асоссиз рад этиш каби бошқа кўплаб ҳолатлар аниқланган. 2013 йилнинг ўн ойи давомида йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича прокуратура органлари томонидан 4 323 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди, шундан 4 011 нафар мансабдор шахс интизомий ёки маъмурий жавобгарликка тортилди, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари бўйича эса 44 та жиноят ишлари қўзғатилди.
Прокуратура органлари, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини бевосита кўриб чиқиш, уларнинг ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чора-тадбирларини ҳам кўрмоқда. Таҳлил этилаётган давр мобайнида прокуратура органларига келиб тушган 123 мингдан зиёд мурожаатлар кўриб чиқилиши натижасида 11 мингга яқин фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Идоралараро йиғилиш натижасига кўра, келгусида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш аҳволини янада яхшилаш, ушбу соҳага доир назоратни кучайтириш хусусида қарор қабул қилинди.
Гулбаҳор САТТОРОВА, «СБХ» мухбири.