МЧЖ раҳбарияти қуйидаги масала юзасидан маслаҳат беришингизни сўрайди. Молиявий муаммолар сабабли МЧЖда директор ва бухгалтер олдида 2011–2012 йиллар учун иш ҳақи бўйича қарз вужудга келди. Ҳозирги вақтда уни сўндириш учун молиявий маблағларни топишнинг имкони бўлмаяпти. Директор ушбу қарзни узишларидан бош тортишга рози бўлган. Аввалги бухгалтер Ўзбекистондан ташқаридаги доимий яшаш жойига кўчиб кетган, у билан боғлана олмаяпмиз.
Директор ва бухгалтер олдидаги иш ҳақига доир қарзнинг узилишини қандай қилиб ҳужжат билан расмийлаштиришимиз мумкин? Бунда қандай бухгалтерия проводкаларини амалга ошириш керак? ЖШДС бўйича ҳисобот қандай кўринишда бўлади?
Д.Эргашов, директор,
– Директорнинг унга ҳисоблаб ёзилган иш ҳақини олишдан бош тортиш тўғрисидаги ёзма аризасига асосан унинг олдидаги қарз суммаси корхона даромадига айлантирилади. Солиқ солиш мақсадида у Солиқ кодексининг (СК) 132-моддаси бўйича корхонанинг бошқа даромади деб топилади, уни умумбелгиланган солиқларни тўловчилар жами даромадга киритадилар ва унга фойда солиғи соладилар, ЯСТ тўловчилари эса уни ялпи тушум таркибига киритадилар ва унга асосий фаолият тури ставкаси бўйича солиқ соладилар. Бухгалтерия ҳисобида 6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишлар» ҳисобварағи билан корреспонденцияда 9390-«Бошқа операцион даромадлар» ҳисобварағи кредити бўйича ёзув қайд этилади. ЖШДС бўйича ҳисоботда директорнинг корхона даромадига ҳисобдан чиқарилган иш ҳақига доир қарз суммаси тўланган даромадлар сифатида акс эттирилиши керак:
Ҳисобланган ва амалда тўланган даромадлар суммалари ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотларнинг (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 2-илова) 019-сатри бўйича;
Тўланган даромадлар ва ўтказилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда ШЖБПҲга бадаллар суммасининг расшифровкаси (бундан дивидендлар ва фоизлар мустасно) (Маълумотларга 1-илова) 6 ва 7-устунларида – даромаднинг корхона томонидан эътироф этилиши санасида.
Бухгалтер олдидаги иш ҳақи бўйича қарзни 6710-ҳисобварақда унга доир даъво муддати тугашига қадар ҳисобга олиш керак, у, Фуқаролик кодексининг 150-моддасига кўра, 3 йилни ташкил қилади. Иш ҳақи бўйича қарз ҳисоблаб ёзилишига қараб ойма-ой ҳосил бўлганлиги боис, даъво муддати (3 йил) ҳисобини ҳам ҳар бир ишланган ой учун иш ҳақини ҳисоблаб ёзиш санасидан бошлаш керак. Бинобарин, 2011–2012 йилларда ҳосил бўлган иш ҳақи бўйича кредиторлик қарзи 2014–2015 йилларнинг тегишли ойларида даъво муддати тугашига қараб ҳисобдан чиқарилади. Масалан, 2011 йилнинг ноябри ва декабрида ҳисоблаб ёзилган, лекин олинмаган иш ҳақи бўйича даъво муддати тегишинча 2014 йилнинг ноябри, декабрида тугайди, у айни ўшанда ҳисобдан чиқарилади.
Қарзни ҳисобдан чиқариш учун ҳисоб-китобларни инвентарлаш керак, унинг натижалари бўйича тегишли далолатнома тузилади (19-сон БҲМС «Инвентарлашни ташкил этиш ва ўтказиш», АВ томонидан 2.11.1999 йилда 833-сон билан рўйхатдан ўтказилган). Далолатномани корхона раҳбари тасдиқлайди, унинг асосида даъво муддати тугаган кредиторлик қарзи ҳисобдан чиқарилади. Бухгалтерия ҳисобида ҳисобдан чиқариш санасида қуйидаги ёзув қайд этилади:
дебет 6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишлар»
кредит 9360-«Кредитор ва депонент қарзларни ҳисобдан чиқаришдан даромадлар».
Кредиторлик қарзини ҳисобдан чиқаришдан олинган даромад СКнинг 132-моддаси 7-бандига кўра бошқа даромад ҳисобланади ҳамда унга даромадни эътироф этиш (мажбуриятларни ҳисобдан чиқариш) пайтида амал қилган ставкалар бўйича фойда солиғи ва ЯСТ солиниши керак.
Жавобни «Norma Ekspert» мутахассислари т.айёрладилар.