Биз харидорга товар сотдик. Бир неча ойдан кейин у товарни қайтариб беришга қарор қилди. Корхона бухгалтерияси қўшимча ҳисобварақ-фактурани расмийлаштирди. Энди харидор биздан қайтарилган товарни олишга ишончнома талаб қиляпти. СКнинг 222-моддасида, қўшимча ҳисобварақ-фактурадан ташқари, илгари сотилган товарни олишга ишончнома ёзиш лозимлиги кўрсатилмаган. Товар-моддий бойликларни олишга ишончномалар бериш ва уларни ишончномалар бўйича бериш тартиби тўғрисида низомда ҳам бундай талаб қайд этилмаган.
Қайси қонун ҳужжати асосида харидор ишончнома талаб қиляпти?
МЧЖ бош бухгалтери.
– Харидорнинг талаби Фуқаролик кодексининг 129, 134, 138-моддаларига асосланган. Юридик шахс вакили – харидор қайтараётган товарни қабул қилувчи сотувчида унинг ваколатларини тасдиқлайдиган, ташкилот номидан ишончнома бўлиши керак. У Товар-моддий бойликларни олишга ишончномалар бериш ва уларни ишончномалар бўйича бериш тартиби тўғрисида низомда (молия вазирининг АВ томонидан 27.05.2003 йилда 1245-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган) назарда тутилган шакллар бўйича расмийлаштирилади.